Савол: Ассалому алайкум!
Мен дори-дармон ташкилотида ишлайман. Рахбаримиз ҳинд, мусулмон эмас. Дорихоналарга 2 ойда қарзини ёпиш шарти билан дорилар берамиз, лекин бази дорихоначилар 2-3 йил бўлса ҳам қарзларини тўлашмайди. Хаттоки тўлаш ниятлари хам йўқ. Агар мусулмон одам мусулмон бўлмаган одамдан қарзи қиёматга қолиб кетса унинг ҳукми қандай?
Жавоб:
Ва алайкум ассалом!
Ўта оғир бўлади. Мусулмондан қарздор бўлгандан кўра ҳам оғирроқ бўлади. Валлоҳу аълам!
Манба: «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ислом молияси изоҳи:
Нима учун мусулмондан қарздор бўлгандан кўра ҳам оғирроқ бўлади дейилган жавобда? Чунки бу ғайридинларда мусулмонлар ҳақида улар ишончсиз, ёлғончи, ваъдасига ва омонатга хиёнат қиладиганлар деган фикрни шакллантиради. Зеро, ғайридинлар бизнинг динимиз ҳақида биринчи навбатда биз мусулмонларга қараб хулоса чиқаришади. Тадбиркорлик қилиб юрган ҳар қандай одамдан бизнес оламида энг қадрланадиган сифатлар қайси деб сўрасангиз, шубҳасиз омонатдорлик ва лафзига содиқлик деган жавобни эшитасиз. Расулуллоҳ солллалоҳу алайҳи ва саллам «Ростгўй, омонатдор тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», деб бежиз айтмаганлар (Термизий ривояти). Жаннатга киришнинг ўзи буюк неъмат, устига устак у ерда набийлар билан бирга бўлишни тасаввурга сиғдириш ҳам қийин, лекин омонатдор тожирларга айнан шундай улуғ мартаба ваъда қилинмоқда! Ҳадисда мусулмонлар билан қиладиган савдосида ҳалол бўлган тожир дейилмаяпти, балки умумий қилиб ҳалол ва омонатдор тожирлар дейиляпти. Кейин яна бир нарсани билишимиз керак, агар бир мамлакатда бир мусулмон ҳисобланувчи тожир ғайридинга хиёнат қилса, бу билан ўша ғайридинга (унинг ўз юртида ёки бошқа жойда) бошқа мусулмонга хиёнат қилиши учун маънавий ҳуқуқ берган бўлади. Демак, ғайридинни алдаб, унинг олдидаги қарзини узишни ҳаракатини қилмаган мусулмон, шу иши билан:
- мусулмонлар ҳақида салбий фикр шаклланишига сабаб бўлади, чунки бизнинг ҳар биримиз бошқа мусулмонларнинг элчи/намоёндаларимиз;
- ўша ғайридинга уни бошқа мусулмонга хиёнат қилишига маънавий ҳуқуқ бериб қўяди;
- бошқа мусулмонларнинг тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир қилади, чунки ўша ғайридиннинг мусулмон тадбиркор/тожирларга бўлган ишончи сусаяди;
- хиёнат ғайридинларни дилларини динимизга мойил қилмайди, балки айнан тескариси бўлади, дили мойил бўлиб турган ғайридинларни ҳам динимиздан қайтаради.
Энг асосийси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ким алдаса биздан эмас», деганлар» (Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривояти).