Россиянинг Ислом молияси бўйича экспертлар уюшмаси (РАЭИФ) ижрочи котибаси Мадина Калимуллина: “Мусулмонлар NFT токенларини сотиб олишлари мумкин, чунки бу шариат меъёрларига зид эмас.”
Россия бош раввини (яҳудий “руҳоний”) Берл Лазарнинг “маънавий раҳбарлиги” остида бир гуруҳ ёш раввинлар “кошер” NFT токенларини яратдилар, ушбу токенларни харид қилиш автомат равишда хайрия қилинишини таъминлаши айтилган*.
ИОМ-Сколково ҳуқуқ ва тараққиёт институтининг катта илмий ходими, РАЕИФ ижрочи котибаси Мадина Калимуллина “Инфо24” нашрига берган интервюсида “ҳалол” NFT токенлар ҳам пайдо бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, NFT токенларидан фойдаланиш шариат меъёрларига зид эмас, бу ерда асосий масала фойдаланувчи ҳуқуққа эга бўлаётган объектнинг шаръан жоиз эканлигида (яъни ўша объектнинг шариатга зид бўлган нарса бўлмаслигида).
“NFT – ишлайдиган ва борган сари оммалашиб бораётган технология бўлиб, асосан санъатнинг ривожланишига ҳисса қўшмоқда. Масала фақат ушбу янгиликнинг ҳуқуқий ҳимоя борасидадир. Бозор криптовалюта билан боғланган, аммо у ҳали ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларида тегишли эътирофга эга эмас”, – деб тушунтирди иқтисод фанлари номзоди Калимуллина.
Агар биз NFT – токенни муайян бир ноёб санъат объекти (асари)га эгалик қилиш деб ҳисобласак, бу шариат талабларига зид эмас, яъни бунда муаммо йўқ. Исломда номоддий мулк, жумладан, санъат асарларига ҳам эгалик қилиш жоиз. Хусусий мулк сифатида эгалик қилиб бўлмайдиган объектлар (маданий мерос объектлари каби) ёки шариат томонидан тақиқланган бирон нарсанинг сурати бор бўлган ёки бирон шахснинг ҳис-туйғуларини ранжитиши мумкин бўлган тасвирларни ўз ичига олган санъат асарлари бундан мустасно, – дея қўшимча қилди у.
Калимуллинанинг таъкидлашича, ислом нуқтаи назарида, ўйин саноатига алоқадор объектларни электрон валютага сотиб олиш бўйича саволлар бор, чунки мутахассисларнинг фикрига кўра, мавжуд онлайн ўйинларнинг аксарияти ислом дини нуқтаи назаридан шубҳали. Шу муносабат билан, айнан “ҳалол” NFT токенлар яратишнинг кераги йўқ, сабаби улар моҳиятан ҳалол ҳисобланади, дейди россиялик эксперт.
Юқорида айтиб ўтилганидек, асосий масала у асосида NFT ишлаб чиқарилаётган объектнинг ҳалоллигида. Айтиш лозим, Буюк Британияда ўтган йилнинг охирида ҳалол объектлар учун NFT-биржа ташкил қилинди (Funoon). Энди, кўплаб мусулмон-сармоядорлар, NFTга асос бўлиб турган объектнинг шариатга зид эмаслигига ишонч хосил қилганларидан сўнг, бемалол NFT сотиб олмоқдалар, – деб эслатиб ўтди РАЭИФ ижрочи котибаси.
Мусулмонларнинг бу каби ташаббусларга қандай муносабатда бўлишларига келсак, бу борада ҳозирча якдил фикр йўқ, сабаби ислом динига эътиқод қилувчилар ҳам турли фикрга эга жамият, деди Калимуллина. Унинг қўшимча қилишича, мусулмонлар орасида “янги технологиялар, криптовалюталар ривожидан доимий хабардор бўлиб турувчилар” етарли ва айнан улар NFT токен бозорини ривожланишидан манфаатдорлар.
NFT – ноёб сертификат бўлиб, уни сотиб олган фойдаланувчи расм/сурат, мултимедиа объекти, видео каби санъат асарларининг рақамли нусхасига эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
_____________________________
“Ислом молияси” изоҳи: бизнинг тушунишимизча, бундай токенлар харид қилинганда, тушган пул (даромад)нинг муайян қисми дарҳол хайрияга кетади.
Қўшимча равишда ушбу мақолани ўқинг: https://islommoliyasi.uz/uz/nft-halolmi/
Манба: Эксперт по исламским финансам оценила шансы появления в России «халяльных» NFT-токенов (info24.ru)