Ислом молияси ва унга таълуқли мавзуларнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида гапирар эканмиз, аввало улар кундалик турмушимиздаги жуда муҳим ижтимоий масала эканлигини тушуниб етишимиз лозим. Биз кўпинча ислом умумий фиқҳи ва унга тегишли ҳукмларни ўрганаётганимизда, таҳорат, ғусл, таяммум ёки намознинг шартлари ва рукнлари, рўза, закот , ҳаж, ва уларга тегишли ҳукмларни пухта ўзлаштиришга ҳаракат қиламиз, аммо кундалик ҳаётимизда долзарб бўлган бошқа масалаларга, хусусан савдо, ижара, шерикликдаги тадбиркорлик, омонат, гаров ва бошқа шу каби банда билан банда ўртасида юзага келадиган амалиётлар ва уларга тегишли ҳукмларни етарлича ўрганмаймиз. Ваҳоланки кундалик ҳаётимизда муомалатга алоқадор амалиётлар билан, ибодатга тегишли амалиётлардан кўра кўпроқ машғул бўламиз. Маълумки, закотни агар барча шартлари топилса бир йилда бир маротаба ҳисоблаймиз ва тўлаймиз, ҳаж сафарини фарзнинг адоси сифатида, агар насиб этса умримизда бир маротаба бажарамиз, ҳатто намоз ибодатини ҳам зиммамизга юклатилган, фарз амали сифатида бир кунда беш маҳал адо этамиз. Шу билан бирга, бир кунда олти, етти, ўн ва ундан кўп маротаба савдолашамиз, сотамиз ва харид қиламиз, омонатга мулк берамиз, гаров қўямиз, маҳсулот ёки меҳнатни ижарага оламиз ёки бошқа турли хил машру бўлган (яъни шариатда рухсат берилган) битимлар тузамиз ва аксар ҳолатда мазкур муомалотларни динимиз талабларига мос равишда бажардикми ёки йўқми деб ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Албатта, юқоридаги гап билан одамларда намоз, закот, рўза каби ибодатларга таълуқли амаллар ва ҳукмларни чуқур ўрганишга эҳтиёж йўқ демоқчи эмасмиз. Мазкур ибодатлар динимиз арконларидир ва Роббимиз субҳанаҳу ва таоло олдидаги бизнинг бандалик мажбуриятимиздир. Барчамиз мусулмон сифатида Аллоҳ азза ва жаллага мукаммал ибодат қилишга буюрилганмиз, ва бу шубҳасиз ҳаётимиздан кўзланган энг биринчи мақсаддир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таало Қурони каримда шундай марҳамат қилади:
وَ ما خلقتُ الجنَ والإنسَ الّا ليعبدونِ
“Жин ва инсонни фақат менга ибодат қилиш учунгина яратдим” (Зарият сураси, 56-оят)
Шу билан бирга, мусулмон сифатида кундалик турмушимизда учрайдиган бошқа амалларга ҳам эътиборли бўлишга буюрилганмиз. Турли хил иқтисодий-молиявий муносабатларга киришганда, “ушбу амалим шарият жиҳатидан тўғрими, ботил ёки фосид эмасми, мана шу тузаётган битимимиз рибо, ғарар ва шу каби ножоиз амалиётлардан холими, фиқҳий ҳукмларга риоя қилинганми?”, деган саволларни ҳар бир балоғатга етган, оқил, бозорлар, ширкатлар ва банкларда турли муомалага киришувчи ҳар қандай мусулмон инсон ўзига бериши шарт.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай марҳамат қилади:
“يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الأَرْضِ حَلالاً طَيِّبًا وَلا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ”
“Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара сураси, 168-оят)
Ушбу ояти карима фақат ҳалол-пок ризқ топишга интилишга тарғибдир, унга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш қўйилмоқда. Яъни шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳаром билан ҳалолни ажратмайдилар, деганидир бу. Шайтон инсонларни ҳалолдан тўсиш орқали уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаришга уринади. Шайтоннинг измига тушиб қолган инсон эса, ҳалол-ҳаромни фарқламай ўзини улкан гуноҳга тиқаётганлигини билганда эди…
Ал-фаруқ (фарқловчи) номи ила машҳур буюк саҳоба Умар ибн аль-Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳалифалик даврларида, бозорларда тижорат билан шуғулланиш учун, “бай” яъни савдога оид шаръий аҳкомларни яхши билишни шарт қилиб, “Бозорларингизда бирон киши савдо-сотиқ қилмасин, илло савдо ҳукмларини биладиган инсондан бошқа” дер эканлар (Термизий ривоятида эса, “Бозорларимизда динда фақиҳ бўлганлардан бошқаси савдо қилмасин” деганлари келтирилган).
Юқоридалардан келиб чиққан ҳолда молиявий муносабатларга алоқадор билимларини ўрганиш, ислом молияси молиявий маҳсулотларини ҳаётимизга татбиқ қилиш, ушбу соҳага оид билимларни бошқаларга ҳам етказиш қанчалик муҳим масала эканлигини ва барча ўзини мусулмон ҳисобловчи инсонлар учун бу илмни ўрганиш лозим ва ҳаттоки фарз эканлигини англаш мумкин.
Маълумки шариатда фарз икки қисмга: “фарзи айн” (барча учун бир хилда фарз) ва “фарзи кифоя” (баъзилар бажариши ила бошқалардан соқит бўлувчи фарз)га бўлинади. Ислом молияси илмини ўрганиш мусулмонлар учун фарзи кифоя бўлишига қарамасдан, бир инсон ҳар қандай савдо / тижоратга киришаётганида, унинг учун ўша амалиётни шаръий жиҳатдан тўғри бажаришга етарли даражада бўлса ҳам билиши, унга тегишли ҳукмлардан хабардор бўлиши у учун фарзи айнга айланади.
Юқорида айтилган гапларни қуйидаги ҳадиси шариф жуда аниқ ифода этади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: «Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: «Парвардигоро! Парвардигоро!» деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!». (Муслим ривояти).