Бизнинг диёрларда қишлоқ хўжалиги соҳаси жуда муҳим ўрин эгаллайди. Давлат томонидан қўллаб-қувватланувчи катта фермалардан тортиб то шаҳар четлари ва қишлоқларда истиқомат қилувчи жисмоний шахслар кўплаб катта ва кичик чорва моллари ва паррандаларни турли мақсадларда боқишади. Шу сабабдан ушбу чорва ва паррандалар гўнг/тезагидан фойдаланиш ва сотиш масаласи доимо долзарб масала бўлиб келган.
Ҳанафий мазҳаби уламолари, одамларнинг гўнг ва тезакка деҳқончилик ва боғдорчилик соҳаларида доимий эҳтиёжлари мавжудлигини инобатга олган ҳолда, улардан фойдаланиш ва сотиш ёки сотиб олишни жоиз деганлар.
Хусусан, “Роддул муҳтор” китобида бу масалада шундай дейилган: “тезак аралашган ўғит ва гўнгдан фойдаланиш ёки сотиш жоиз”.
Агар тезакка тупроқ, қипиқ ва бошқа шу каби нарсалар қориштирилиб, ишловдан ўтган бўлса, тезакнинг ҳақиқати ўзгарган ҳисобланади ва у ўғит кўринишидаги янги маҳсулотга айланади. Демак, ундан фойдаланиш ва сотиш мумкинлигида ихтилоф йўқ.
Аммо, гўнг ёки тезакдан асл ҳолида фойдаланиш ёки сотиш борасида тўрт мазҳаб ўртасида баъзи ихтилофлар бор бўлишига қарамасдан, ҳанафий мазҳабидаги ихтиёр қилинган ҳукм ва берилган фатво ушбу фаолиятларнинг жоизлигигадир.
Қуйида ушбу масалага тегишли баъзи савол-жавобларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:
1-савол. Бизни масжидда, гўнг сотиш ҳаром, шариатда қийматсиз нарса дейилди. Шу гап тўғри бўлса, уни сотиб олишчи? Бизни тарафларда текинга гўнг топиш амри маҳол. Шу ишга ойдинлик киритиб берсанглар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати жавоби:
Ва алайкум ассалом! Гўнгнинг олди-сотдиси жоиз. Бунга шаръан монеълик йўқ. Валлоҳу аълам!
2-савол. Парранда тезагини тижорат мақсадида сотиш мумкинми?
Ассалому алайкум муҳтарам шайх ҳазратлари! Корхонамизда рўй берган бир ҳодиса юзасидан савол юзага келиб қолди. Корхонамиз ҳудудида бўш хоналарни товуқ ва жўжа боқиш учун ижарага берганмиз. Бугун эрталаб шу товуқдан чиққан гўнг (тезак)ни тижорат мақсадида сотиш мумкинми ёки йўқми деган савол пайдо бўлиб, баҳс юзага келди. Бири шариатда гўнгни, яъни ҳайвондан чиққан ахлатни сотиш мумкин эмас дейилган дейди, яна бири буни исботлаш керак дейди. Мен сайтда ва китобларда қидириб топа олмадим.
Парранда ва чорва молларидан чиққан гўнг/тезакни олди-сотди қилиш мумкинми?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг жавоби:
Ахлатхонага ташланган нарсаларни ва ҳайвонларнинг тезагини сотса бўлади. Чунки улардан ўғит сифатида фойдаланса бўлади.