Шерикчилик дуруст бўлиши учун тарафлар сармоясининг жинси ва сифати бир хил бўлиши шарт эмас. Яъни бир тараф пул билан, иккинчи тараф эса кўчмас мулк билан кириши мумкин шерикчиликка. Асосийси, томонлар шерикчилик бошлаш пайтида киритилаётган мулкнинг қийматини аниқлаб олишлари ва қайд қилиб қўйишлари лозим.
Сармоядаги шерикларнинг ҳар бири шерикчилик жараёнида қўшимча даромад олиш имкониятидан фойдаланиши мумкин. Яъни ўзи бирор бир ишга ёлланиб ёки бирор иш қилиб (масалан, ҳунармандчилик қилиб) қўшимча даромад олиши мумкин. Аммо бунда унинг фаолияти шерикчилик фаолияти билан бир хил бўлмаслиги керак. Чунки шериклар ўзларининг шериклик фаолияти мақсадига зид тарзда ёки рақобатчи сифатида иш юритиши мумкин эмас.
Шерикчиликдаги молни қандай тарзда тасарруф қилиш белгилаб олинса, бу ҳолда уни келишилган кўринишда тасарруф қилиш лозим бўлади. Шериклардан бири иккинчисининг ҳиссаси ҳисобланган улушдан табарруъ (эвазсиз харажат) қилмайди ва унинг шерикликдаги мулкига талафот етказмайди. Бундай қилиш шерикликдан кўзланган мақсадга зид ҳисобланади.
Шунингдек, мушоракада шеригининг улушидан бериладиган закотни унинг рухсатисиз бериб юборилмайди. Шериклар ўзларининг шахсий мулкларини шерикликдаги моллар билан аралаштириб ҳам юбормайдилар. Чунки бундай қилиш англашилмовчилик ва зиддият келтириб чиқаради.
Шерикларнинг қўлидаги умумий мол омонатдир. Барча мазҳаб уламолари шериклик моли ва сармоялари уларнинг қўлида омонат эканлигига иттифоқ қилишган. Омонат молга қасддан талафот етказилса, уни тўлаб берилади. Аммо молга қасддан талафот етказилмаган ҳолда тўлаб берилмайди.
Ўзаро келишувга риоя қилмаслик ҳуқуқбузарлик (тааддий) ҳисобланади. Шериклар денгизга савдо моли билан чиқмаслик ёки насияга савдо қилмасликка келишишса ва қайси бир шерик шу шартларга риоя қилмаса ва бунинг оқибатида унинг қўлида шериклик молига зарар етса, зарар учун жавобгарлик ўшанинг зиммасига бўлади.