Сўнгги йилларда, айниқса 2008 йилдаги жаҳон иқтисодий-молиявий инқирози шароитида ўзини барқарор тутган ислом молия тизимига бўлган қизиқиш ортди. Келинг ислом молиясига оид баъзи маълумотларни эслаб оламиз.
Қуръони Карим
Қуръони Карим нима эканлиги ҳар бир мусулмонга аён. Хўш, Қуръонни молияга нима алоқаси деган савол туғилиши мумкин.
Бу саволнинг жавоби жуда оддий. Шариат Қуръонга, ислом молияси тамойиллари эса шариат қонунларига асосланади. Масалан, шариат қонунлари мусулмонларга фоиз асосидаги қарз олди-бердисини тақиқлайди.
Шариат
Шариат “тўғри йўл” (яъни эргашилиши/тутилиши лозим бўлган “тўғри йўл”) деган маънони билдиради.
Ислом қонунлари қатъий равишда шариатга асосланади ва ушбу қонунлар инсонларнинг манфаатига хизмат қилади.
Шариатга асосланувчи ислом молияси бугунги кунда дунё молия тизимининг деярли 99 фоизини қамраб олган анъанавий молия тизимидан фарқ қилади ва пулни маҳсулот сифатида кўрмайди ва пулдан пул қилишни қатъиян тақиқлайди (масалан, анъанавий банклар пулни худди бир ускунани ижарага бергандек фойдаланиб туришга беради ва бунга ҳақ олади).
Рибо
Рибо сўзининг луғавий маъноси “ҳаддан зиёд” деганидир.
Шариатда эса “қўшимча” яъни берилган қарз/кредит устига оз миқдорда бўлса ҳам қўйилган қўшимча (устама/фоиз)ни англатади. Берилган қарз устига қўйилган ҳар қандай қўшимча-фоиз, хоҳ у тадбиркорлик фаолияти доирасида олинган кредит устига қўйилган бўлсин, хоҳ шахсий мақсадлар учун олинган қарз устига қўйилган бўлсин, рибо ҳисобланади.
Қуръони каримда, рибо сўзи тақиқланган фойда маъносида савдодан кўриладиган фойда маъносига қарама-қарши қўйилгандир.
Исломда рибо нима учун тақиқланганлиги юзасидан турли фикрлар бор, лекин ушбу фикрлар иккинчи даражали аҳамиятга эга, асосийси рибо тақиқланган ва бу тақиқ қатъийдир.
Ислом банклари қатъий равишда амал қилиши керак бўлган тамойиллар
Юқорида айтиб ўтилганидек ислом молия муассасалари фаолияти шариатга мувофиқ бўлиши лозим, демак улар қуйидаги тамойилларга риоя қилишлари керак бўлади.
• рибо асосида даромад олиш мумкин эмас;
• ислом банк тизими фойда ва зарар тақсимотига асосланган бўлиши керак;
• барча амалиётлар реал активларга асосланган ҳолда амалга оширилиш лозим, яъни пулдан пул қилиш тақиқланган;
• чайқов амалиётлари, яъни эгалигида бўлмаган актив асосидаги амалиётлар олиб бориш мутлақо ножоиз;
• барча амалиётлар шариат талабларига мувофиқ бўлган шартномалар асосида олиб борилиши талаб қилинади;
• шариатда тақиқланган фаолият турлари (маст қилувчи ичимликлар ишлаб чиқариш, лотерея ўйинлари ташкил қилиш каби) ва маҳсулотларга (масалан тамаки олди сотди қилишга) сармоя киритиш мумкин эмас.
Шариат талаблари доирасида пул ишлаш
Анъанавий банклар қуйидаги фаолиятлар асосида даромад олишади:
• пулни қарз/кредитга бериб;
• мижозларга пуллик банк хизматлари кўрсатиш орқали (пул ўтказиш каби);
• чайқов амалиётлари орқали (дилерлик амалиёти, форекс каби);
• бошқа турдаги фаолият доирасида (масалан ўз маблағларини турли лойиҳаларга инвестиция қилиш орқали, лекин бу турдаги амалиётларга муайян чекловлар қўйилган).
Ислом банклари эса қуйидаги усуллар орқали даромад олишади:
• олди-сотди амалиётлари орқали (муробаҳа, ижара мунтаҳия биттамлик..);
• мижозларга пуллик банк хизматлари кўрсатиш орқали (пул ўтказиш каби);
• бизнес лойиҳаларни фойда-зарар тақсимотига асосланган молиявий маҳсулотларни қўллаш орқали (мушорака ва музораба каби);
• бошқа турдаги фаолият доирасида (масалан сукук чиқариш орқали).
Хатарларга бўлган муносабат
Анъанавий банкларнинг хатари асосан кредит қайтмаслиги билан боғлиқ. Шунинг учун улар кредит таъминотига (гаров/кафолат) асосий эътиборни қаратишади. Уларнинг даромади молиялаштирилаётган бизнес лойиҳа муваффақият қозониши ёки қозонмаслигига бевосита боғлиқ эмас, чунки улар кредит ажратилган вақтдан бошлаб фоиз олишни бошлашади.
Бироқ, ислом банклари бундай ишлашлари мумкин эмас. Агар лойиҳа олди-сотди амалиёти орқали молиялаштирилаётган бўлса, у ҳолда ислом банклари бир неча хил хатарларни инобатга олишлари керак бўлади. Жумладан, сотиб олинаётган актив банкдан мижозга ўтгунгача бўлган муддатдаги активни эгалиги билан боғлиқ хатарлар, сотиб олинаётган актив нархларини ўзгариши билан боғлиқ хатарлар, мижознинг тўловга қобилиятлилиги билан боғлиқ хатарлар. Агар лойиҳа фойда-зарар тақсимотига асосланган молиявий маҳсулотларни қўллаш орқали молиялаштирилаётган бўлса, у ҳолда инвестиция билан боғлиқ хатарлар лойиҳа якунига етгунга қадар давом этади. Агар лойиҳа муваффақиятли бўлса икки томон ҳам фойда олади, агар лойиҳа муваффақиятсиз бўлса, у ҳолда икки томон ҳам зарар кўради.
Муробаҳа
Муробаҳа – бугунги кунда ислом молия муассасалари томонидан энг кўп қўлланувчи ва шу билан бирга энг кўп мунозараларга сабаб бўлувчи молия маҳсулотидир. Муробаҳани анъанавий банк кредитига ўхшатувчилар муробаҳа соф савдо амалиёти асосидаги молиявий маҳсулот эканлигини тан олишлари керак. Муробаҳани қўлловчи ислом молия муассасаси мижозга керакли бўлган маҳсулотни сотиб олади, уни ўз ҳуқуқий ёки жисмоний эгалигига қабул қилади ва устига ўз устамасини қўйган ҳолда мижозга муддатли тўлов асосида сотади ва бу жараён билан боғлиқ барча хатарларни ўз зиммасига олади.
Сукук
Ғарб молия тизими қонун-қоидалари асосида фаолият юритувчи компаниялар учун молия маблағлари жалб қилишнинг энг кенг тарқалган йўлларидан бири, бу фоиз асосидаги облигациялар чиқаришдир. Бунда, облигация чиқарган томон, уларни сотиб олган томонга фоиз тўлаб боради (иккинчи томон учун бу худди банкка фоизли омонат қўйганга ўхшайди). Облигация бўйича фоизлар компания акциядорларига компания тарафидан амалга оширилган фаолият натижасида олинган фойдадан дивидендлар беришдан олдин тўланади.
Ислом молиясида анаъанавий облигациядаги каби фоизга пул маблағлари жалб қилиш тақиқланган. Бунинг ўрнига сукук деб аталувчи молиявий маҳсулот мавжуд. Сукук доимо даромад келтириши мумкин бўлган реал актив асосида чиқарилади ва уни сотиб олган томон ушбу активга қисман эгалик қилади ҳамда ушбу активдан келган фойдадан улуш олади (масалан ижарага бериладиган бино сукукка асос бўлиши мумкин бўлган актив ҳисобланади).
Албатта, ҳар қандай соҳада бўлгани каби, алдов, фирибгарлик ёки молиявий ҳисоб китобларда йўл қўйилган хатолар сукукни ҳам хатардан холи қилмайди. Шу сабабли ҳар қандай молиявий амалиёт доимо пухта ҳисоб-китоб ва қайта-қайта текширув асосида олиб борилиши керак.
Анъанавий ва ислом банклари олиб борадиган ўхшаш амалиётлар
Хавала
Ислом банклари томонидан амалга ошириладиган амалиёт турлардан бири – ҳавала деб аталади.
“Ҳавала” сўзи араб тилидан “тилхат” деб таржима қилинади. Ҳаваланинг икки хил кўриниши мавжуд:
Қарздор ўз қарзини бошқа бировга ўтказишига “Ҳавала” (ёки ўзбекчасига “ҳавола”) дейилади;
Бир жойдан иккинчи жойга пул ўтказиш/етказиб бериш ҳам ҳавала деб аталади.
Ижара (ислом лизинги)
Ижара – ислом банклари молия маҳсулотларининг бир туридир. Бунда, мулк эгаси шу мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи келишилган муддатга, муайян шартлар ва тўлов асосида бошқа бир шахсга берилиши кўзда тутилади.
Ижара қоидалари анъанавий лизинг фаолиятига ўхшайди, лекин бир нечта асосий фарқлари бор, ушбу фарқларни қуйидаги ҳавола орқали очиб танишиб чиқишингиз мумкин: https://t.me/IslomMoliyasi/19619
Лизинг амалиёти каби, ижарада ҳам ижара муддати якунида мулк эгалиги мижозга ўтиши мумкин, лекин бу алоҳида олди-сотди келишуви асосида амалга оширилади.
Манба: https://www.dummies.com/article/business-careers-money/business/international-business/10-key-points-about-islamic-finance-162960/ асосида тайёрланди.