Сўнгги вақтларда ислом молияси ҳақида сўз кетганда “сукук” атамасини тез-тез эшитиб турибмиз.
Сукук қимматли қоғозларнинг исломий тамойилларга мос келувчи тури бўлиб, маблағларни жалб этишда ва инвестиция киритишда облигацияларга эквивалент сифатида фойдаланилади. Ғарб олим ва мутахассислари сукукни облигациянинг шариатга мос келувчи бир тури сифатида талқин қилишади. Яқин шарқ ва Жануби-шарқий Осиёда уни қимматли қоғозларнинг алоҳида тури эканлигини таъкидлашади. Биз ҳам ушбу иккинчи ёндашувни қўллаб қувватлаган ҳолда фикримизни давом эттирамиз.
Сукук – (“сакк”нинг кўплиги, араб тилидан акт, ҳужжат, чек [1]) инвестицион фаолият ёки унинг активига нисбатан эгалик ҳуқуқидаги улушини кўрсатувчи шариат тамойилларига асосланган эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, турига кўра фойда ва зарарга шерикчиликни ифодалайди, қайтарилиши (тўланиши, сўндирилиши) ва фойда даражаси лойиҳа хатарига асосланади.
Соддароқ қилиб айтганда сукуклар оддий акция ва облигацияларнинг айрим жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган ислом қимматли қоғози ҳисобланади. Сукук чиқарувчи уни сармоядорларга сотади ва ундан тушган пул маблағларини маълум бир лойиҳани молиялаштиришга йўналтиради. Сармоядор ва сукук чиқарувчи (эмитент) ушбу лойиҳа фойдасидан манфаатдор ҳисобланади ва соф фойда аввалдан белгиланган улушда тақсимланади.
“Сукук” тушунчасига жаҳоннинг турли олимлари ўзларининг таърифларини беришган. Ислом молиясининг машҳур олимларидан Муҳаммад Тақий Усмоний сукук ва унинг хусусиятларини ёритиб берувчи қуйидаги мулоҳазаларни билдирган[2]:
– бир инвестор кучи етмайдиган катта лойиҳаларни молиялаштиришнинг қулай усулларидан бири;
– инвестицияларни йўналтириш ва ликвидлилиги сабаб зарур ҳолда инвестицияни қайтариб олиш учун қулай восита, шу орқали иккиламчи бозор ҳам ривожланади;
– банклар ва ислом молия муассасалари учун ликвидликни бошқаришнинг яхши усули;
– бойликларни тақсимлашнинг адолатли воситаси, чунки у сармоядорларга тадбиркорлик фаолияти фойдасидан тенг улушда манфаат олиш имконини беради.
Таниқли олим Ibrahim Warde сукуклар шариат тамойилларига мувофиқ келувчи инвестиция сертификатлари дейиш мумкин, деб айтган[3].
Молиявий терминлар ва молия тизими концепциясини ёритиб борувчи Investopedia нашри маълумотларига кўра, сукук – ислом дини қонун-қоидаларига мос келувчи ғарб молиясидаги облигацияларга ўхшаш ислом молия сертификатидир. Фарқи шуки, облигация қарз муносабатларини ифодаласа, сукук активга эгаликни ифодалайди[4].
Россиялик иқтисодчи олим Г.Гафурова талқинига кўра, сукуклар молия тизимида анъанавий облигациялар ўрнини тўлдириш учун ишлаб чиқилган восита бўлганлиги учун унинг мазмунида “ислом облигацияси” тушунчасидан фойдаланишни асослайди. Расмий жиҳатдан сукукни тўлақонли облигация деб аташ мумкин эмас. Унинг анъанавий облигациялардан фарқлари бор[5]. Умуман, сукукларни облигация сифатида таърифлаш унинг моҳиятини етарли даражада ёритиб бера олмайди. Чунки облигация тушунчаси қарз учун ҳақ тўлаш тасаввурини уйғотади ва бу рибони англатади. Натижада эса, сукук моҳиятини тушунишни қийинлаштиради.
Қозоғистонлик ислом молияси бўйича мутахассис Е.А.Байдаулет талқинига кўра, сукук – қарзга асосланган молиялаштириш воситаларидан бири ҳисобланади. Сукук қимматли қоғозлари лойиҳа ёки ижарада иштирокни ўзида ифодалайди ва номланишининг ўзида лойиҳанинг моҳияти кўрсатилган бўлади[6].
Сукук таърифи талқинлари орасида нисбатан батафсил берилгани ислом молияси бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқувчи Ислом молия муассасалари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудити ташкилоти (AAOIFI)га тегишли бўлиб (2003 йил), унга кўра сукук – маълум лойиҳа активи ёки инвестицион фаолият активларига эгалик ҳуқуқини ифодаловчи сертификат бўлиб, бундай ҳуқуқ амалиётда эмиссия қилинган (чиқарилган) сукукнинг қиймати олингач, обуна ёпилгач ва маблағлардан мақсадли фойдаланилгач амалга оширилади[7].
(давоми бор)
Муаллиф: Тошкент давлат иқтисодиёт университети Молия кафедраси доценти, фалсафа фанлари доктори Аброров Сирожиддин
[1] Абдумажид Анорбоев. Ан-Наъйм – Т.: Абдулла Қодирий, 2003. – 462-б.
[2] Usmani, Muhammad Taqi. “Sukuk and their contemporary applications. (2007)” Translated from the original Arabic by Sheikh Yusuf Talal DeLorenzo, AAOIFI Shari’a Council meeting, Saudi Arabia. р2.
[3] Warde, Ibrahim, 2011, Islamic finance bankruptcy, financial distress and debt restructuring: A short report, (Harvard Law School, Cambridge). p3.
[4] https://www.investopedia.com/terms/s/sukuk.asp
[5] Гафурова Г.Т. Сукук в системе исламского финансирования. // Вестник АГТУ. Экономика. 2011. №2 C90.
[6] Исломий молия асослари [Матн] / Е.А.Байдаулет. – Тошкент: «O‘zbekiston» НМИУ, 2019. – 67-б.
[7] Сукук. Шариатский стандарт №17 / Пер. с англ.; [Ред. совет: P.P. Вахитов и др.]; Орг.бух. учета и аудита исламских фин. учреждений (AAOIFI) – М.: Исламская книга, 2010. С15.