Ўзбекистонда ислом молияси учун ҳуқуқий база шаклланаётган бир пайтда, кейинги муҳим масалалардан бири — такафул, яъни ислом суғурта тизимини қандай ташкил этиш ва тартибга солишдир.
2026 йил 7 май куни Ўзбекистон Марказий банки ва Ислом молиявий хизматлар кенгаши (IFSB) мамлакатда 2026–2030 йилларга мўлжалланган ислом молияси саноатини ривожлантириш «йўл харитаси» лойиҳасини муҳокама қилди. Учрашувларда ислом банк фаолияти билан бир қаторда ислом капитал бозори ва ислом суғурта тизими – такафул ҳам муҳокама қилинган.
Бу шуни англатадики, Ўзбекистон учун энди асосий савол «такафул керакми?» эмас, балки асосий савол: Ўзбекистонда такафул қандай ҳуқуқий, институционал ва бизнес модель асосида ишлаши керак?
Ушбу саволга жавоб излашда Марказий Осиёнинг икки қўшни давлати — Қозоғистон ва Қирғизистон тажрибаси муҳим аҳамиятга эга.
Такафул нима?
Такафул — иштирокчиларнинг ўзаро ёрдам ва хатарларни биргаликда тақсимлаш тамойилига асосланган ислом суғурта тизими.
AAOIFI’нинг 26-сонли Шариат меъёри — «Ислом суғуртаси»га кўра, исломий суғурта муайян хатарларга дуч келиши мумкин бўлган шахслар гуруҳининг ўзаро келишуви асосида ташкил этилади. Иштирокчилар бадалларни хайрия/эҳсон — табарруъ сифатида йиғишади ва жамғарма ташкил этишади ва ушбу маблағлардан иштирокчилардан бири зарар кўрганида уни қоплаш учун фойдаланилади. Жамғармани бошқариш учун ташкил этилган (ёки жалб этилган) оператор эса жамғармани бошқариши ва бунинг учун белгиланган ҳақ олиши мумкин.
Маълумки, AAOIFI такафул соҳасида нафақат Шариат меъёрларини, балки молиявий ҳисобот меъёрларини ҳам ишлаб чиққан. Масалан, FAS 42 меъёри такафул ташкилотларининг молиявий ҳисоботларида маълумотларни тақдим этиш тартиби ва ҳисоботларга илова қилинадиган муҳим маълумотларни очиб бериш талабларини белгилайди. FAS 43 меъёри эса такафул шартномаларини тан олиш, баҳолаш ва ҳисоботда акс эттириш масалаларини қамраб олади. Ҳар икки меъёр 2025 йилдан бошланадиган ҳисобот даврлари учун кучга кирган.
Tакафул Ўзбекистон учун назарий масала эмас, балки яқин йилларда молиявий инфратузилманинг бир қисмига айланиши мумкин бўлган йўналиш эканлигини ҳисобга олган ҳолда бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Қозоғистон тажрибаси: ҳуқуқий механизмни олдиндан шакллантирган модель
Қозоғистон Ўзбекистон учун энг қизиқ мисоллардан бири, чунки мамлакат ислом суғуртани қонунчиликда алоҳида тартибга солиш механизмларини анча олдин жорий қилган.
Қозоғистон қонунчилигида ислом суғуртанинг асосий тамойиллари белгиланган. Улар қаторига:
• суғурталовчиларнинг ўзаро ҳимояси ва ўзаро масъулияти;
• фоизли даромадлардан воз кечиш;
• Шариатга зид фаолиятларни суғурталашдан воз кечишкаби талаблар киради.
Қонунчиликда ислом суғурта фонди (жамғармаcи) тушунчаси ҳам белгиланган. У суғурта бадаллари ва уларни инвестиция қилишдан олинган бошқа даромадлар ҳисобидан шаклланади ва суғурта тўловларини амалга оширишга хизмат қилади.
Энг муҳим жиҳат — лицензиялаш
Бугунги кунда Қозоғистоннинг электрон ҳукумат тизимида: «ислом суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи»ни берувчи лицензиялаш механизми мавжуд.
Лицензиялаш ваколати Қозоғистон Республикасининг Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлигига тегишли.
Бундан ташқари, ислом қайта суғурта — ретакофул учун ҳам алоҳида лицензиялаш механизми мавжуд.
Қозоғистон тажрибаси энг аввало бир нарсани кўрсатади:
Такафулни ривожлантириш учун «умумий рухсат»нинг ўзи етарли эмас. Унинг ҳуқуқий мақоми, лицензияси, жамғармаcи, бошқаруви ва Шариат назорати аниқ белгилаб қўйилиши керак.
Қирғизистон: янги қонунчилик орқали такафулга йўл очилди
Қирғизистон тажрибаси эса бошқа жиҳатдан қизиқ.
2025 йил 29 апрелда Қирғизистон Президенти «Суғурта ва суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Унда суғурта бозорининг янги йўналишлари қаторида такафул ҳам алоҳида кўрсатилди. Қонуннинг мақсадларидан бири суғурта бозорини халқаро меъёрларга мослаштириш бўлган.
Қирғизистон қонунчилигида ҳатто «ислом суғурта ташкилоти» ва «ислом дарча» тушунчалари ҳам киритилган.
Қонунга кўра, ислом суғурта ташкилоти тегишли лицензия асосида ислом тамойилларига мувофиқ равишда суғурта фаолиятини амалга оширади. «Ислом дарча» эса анъанавий суғурта ташкилоти таркибида ислом тамойиллар асосида суғурта фаолиятини амалга оширувчи бўлинма сифатида белгиланган.
Бу жуда муҳим тажриба.
Чунки бу ерда икки хил йўл қонуний жиҳатдан ажратиб кўрсатилган:
1. Алоҳида ислом суғурта ташкилоти, ёки
2. Мавжуд суғурта компанияси таркибида «ислом дарча».
Қирғизистоннинг яна бир муҳим янгилиги – ислом суғурта жамғармаcи
Қирғизистон Фуқаролик кодексига киритилган 921-1-модда ислом суғуртасининг молиявий механизмини ҳам белгилайди.
Унга кўра, суғурта бадаллари ва уларни инвестиция қилишдан олинган даромадлар ислом суғурта жамғармаcига ўтказилади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири:
Ислом суғурта жамғармаcидаги бадаллар суғурталовчининг мулки ҳисобланмайди.
Суғурталовчи жамғармани бошқаргани учун унинг маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда ҳақ олиши мумкин.

Ўзбекистон учун қайси модель маъқул?
Энг муҳим савол шу.
Ўзбекистон Қозоғистон ёки Қирғизистон моделини тўлиқ кўчириши шарт эмас. Чунки Ўзбекистоннинг суғурта бозори, аҳоли сони, иқтисодий тузилмаси ва молиявий хизматларга бўлган талаблари бошқача бўлиши мумкин.
Бироқ икки қўшни давлат тажрибаси учта муҳим йўналишни кўрсатиб беради.
1. «Ислом дарча» — бозорни синаб кўриш воситаси
Қирғизистон қонунчилигида ислом дарча алоҳида тушунча сифатида белгиланган.
Ўзбекистон учун бу модель дастлабки босқичда қизиқ бўлиши мумкин.
Масалан:
Мавжуд суғурта компанияси → Такафул дарчаси → алоҳида маҳсулотлар → бозор талаби → мустақил такафул оператори.
Бундай ёндашув компанияга янги бозорни катта институционал харажатларсиз синаб кўриш имконини бериши мумкин.
2. Иштирокчилар жамғармаcини алоҳида ажратиш
Такафулнинг анъанавий суғуртадан муҳим фарқларидан бири — иштирокчилар маблағларининг ҳуқуқий ва молиявий мақоми.
Қирғизистонда 2025 йилги қонунчилик ислом суғурта жамғармаcидаги маблағлар суғурталовчининг мулки эмаслигини тўғридан-тўғри белгилади.
Ўзбекистон учун ҳам келажакдаги меъёрий база ишлаб чиқилаётганда:
- иштирокчилар жамғармаcи;
- оператор маблағлари;
- инвестиция активлари;
- суғурта тўловлари;
- профицит;
- тақчиллик;
- қард ҳасан орқали қоплаш
масалалари аниқ ажратилиши муҳим.
3. Шариат бошқаруви — тизимнинг ишонч асоси
Такафул фақат «фоизсиз суғурта» эмас.
Маҳсулотнинг:
- шартномаси;
- инвестиция сиёсати;
- жамғарма маблағларини жойлаштириш;
- профицитни тақсимлаш;
- оператор ҳақи;
- қайта суғурта;
- зарарларни қоплаш
механизмлари ҳам Шариат талабларига мувофиқ бўлиши керак.
Қозоғистон қонунчилигида суғурталанувчи ислом суғурта шартномасини тузишда ислом молия тамойилларига мувофиқликни тасдиқловчи кенгаш хулосасини сўраш ҳуқуқига эга экани ҳам белгиланган.
Бу Ўзбекистон учун муҳим институционал масала:
Ислом суғурта маҳсулотини ким текширади ва ким унинг Шариатга мувофиқлигини тасдиқлайди?
Ўзбекистонда биринчи бўлиб қайси такафул маҳсулотлари пайдо бўлиши мумкин?
Такафулнинг муваффақияти қонун қабул қилиниши билан эмас, реал маҳсулотлар пайдо бўлиши билан ўлчанади.
Ўзбекистонда дастлаб қуйидаги йўналишлар истиқболли бўлиши мумкин.
Автотранспорт такафули
Автомобилни ислом молия асосида харид қилган мижоз учун молиялаштириш билан бирга такафул хизматини таклиф қилиш мумкин.
Мурабаха/ижара + такафул
шаклидаги интеграция ислом молия экотизимини кучайтиради.
Қишлоқ хўжалиги такафули
Ўзбекистон учун яна бир муҳим сегмент:
- қурғоқчилик;
- совуқ;
- сел;
- ҳосил йўқотилиши;
- табиий офатлар
билан боғлиқ хатарларни қоплаш.
Кичик бизнес такафули
Ислом молиядан фойдаланадиган кичик ва ўрта бизнес учун:
молиялаштириш + такафул
комплекс маҳсулоти яратилиши мумкин.
Ислом молия тамойиллари асосида уй-жой молиялаштирилиши + такафул
Ижара мунтаҳия биттамлик ёки бошқа Ислом молия тамойиллари асосида уй-жойни молиялаштириш моделларида молиялаштирилаётган уй-жойни турли хатарлардан ҳимоя қилиш учун такафул муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Бунда такафул молиялаштирилаётган активга етиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш ва иштирокчиларни муайян молиявий хатарлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Такафулнинг Ўзбекистон иқтисодиёти учун аҳамияти нимада?
Биринчидан — молиявий қамров кенгаяди.
Анъанавий суғуртадан диний сабабларга кўра фойдаланмайдиган аҳоли учун муқобил маҳсулот пайдо бўлади.
Иккинчидан — ислом молияси экотизими такомиллашади.
Ислом банклари мижозларига:
молиялаштириш → инвестиция → суғурта → қайта суғурта → капитал бозори
занжирида комплекс хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлади.
Учинчидан — хорижий сармоядоралар учун янги йўналиш (сегмент) пайдо бўлади.
Зеро, 2026 йилда Ўзбекистонда ислом банк-молия соҳаси учун ҳуқуқий база шаклланаётгани ва Ислом тараққиёт банки томонидан такафулни жорий этиш бўйича таклифлар билдирилгани бу йўналишнинг халқаро аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Хулоса: Ўзбекистон нимани ўрганиши мумкин?
Қозоғистон узоқроқ вақт давомида шаклланган ҳуқуқий ва лицензиялаш тизими бўйича сабоқ бериши мумкин.
Қирғизистон эса такафулни янги суғурта қонунчилигига татибиқ (интеграция) қилиш, ислом дарчаси ва ислом суғурта жамғармаcини ҳуқуқий жиҳатдан белгилаш бўйича жуда яқин ва янги тажриба тақдим этиши мумкин.
Ўзбекистон эса бу тажрибаларни кўчирмасдан, уларнинг кучли жиҳатларини миллий шарт-шароитларга мослаштириши керак.
Энг мақбул ёндашув қуйидагича бўлиши мумкин:
1-босқич: ҳуқуқий ва Шариат бошқаруви асосларини яратиш;
2-босқич: мавжуд суғурта компанияларида «такафул дарчалари»ни ишга тушириш;
3-босқич: иштирокчилар жамғармаcи ва бошқарувчи (оператор) маблағларини аниқ ажратиш;
4-босқич: мустақил такафул операторларини ривожлантириш;
5-босқич: ретақофул ва халқаро такафул бозорларига интеграциялаш.
Энг муҳими, Ўзбекистон тайёр моделни импорт қилмаслиги, балки Қозоғистон ва Қирғизистон тажрибасидан фойдаланиб, ўзининг суғурта бозори ва ислом молияси экотизимига мос миллий такафул моделини шакллантириши керак.
Бугун бу масалани муҳокама қилиш учун қулай вақт. Чунки Ўзбекистонда 2026–2030 йилларга мўлжалланган ислом молияси «йўл харитаси» ишлаб чиқилмоқда ва унда такафул алоҳида йўналиш сифатида кўриб чиқилмоқда.