Ассалому алайкум!
Бугун бир машҳур нашрга видео интервьюга таклиф қилишди. Ушбу суҳбат давомида ислом молияси бўйича қонун қабул қилинса бунинг қандай таъсири бўлади, деган савол берилди. Интервью давомида ушбу саволга қисқароқ жавоб бердик, лекин қуйида ушбу саволга батафсилроқ жавобни сизларга ҳам қизиқ бўлади деган фикрда эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Хуллас, бу саволга жавоб қуйидагича:
Ушбу қонуннинг қабул қилиниш макроиқтисодиёт, яъни мамлакат иқтисодиёти даражасида таъсирга эга бўлади, чунки деярли ҳар қандай иқтисодий соҳага алоқадор қонун иқтисодиётга ҳар томонлама таъсир қилади, ислом банк-молия тизимини жорий қилишга доир қонун эса мамлакатимиз иқтисодиётига жиддий таъсир қилади деб тахмин қиламиз. Зеро, буни бир нечта сабаби бор:
1. Молиявий инклюзия (иштирок)нинг кенгайиши
Ислом банк-молия тизими жорий этилиши аҳолининг муайян қисми, хусусан, диний эътиқоди сабаб анъанавий банк хизматларидан фойдаланмай келаётган қатламни молия тизимига жалб қилади. Бу орқали аҳоли жамғармалари расмий молия тизимига кириб келади, пул айланмаси кенгаяди ва иқтисодиётдаги ликвидлик ошади.
2. Инвестиция ва капитал оқимларининг кўпайиши
Ислом молияси тўғрисидаги қонун қабул қилиниши хорижий инвесторлар, айниқса ислом молияси ривожланган давлатлар (Яқин Шарқ, Жануби-Шарқий Осиё) учун Ўзбекистон бозорини янада жозибадор қилади. Бу эса тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг ўсишига, айниқса реал секторга йўналтирилган инвестицияларнинг кўпайишига хизмат қилади.
3. Реал тармоқнинг ривожланиши
Ислом молияси воситалари (муробаҳа, мушорака, музораба, ижара, салам, истисна ва бошқалар) фоизга эмас, балки реал активлар ва савдо-ишлаб чиқариш амалиётларига боғланган. Шу боис, ушбу тизим жорий этилиши иқтисодиётнинг реал тармоғини, хусусан қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш ва хизматлар соҳаларини молиялаштиришни кучайтиради.
4. Хатарларнинг адолатли тақсимланиши
Анъанавий молия тизимида хатарлар асосан мижоз зиммасига юкланса, ислом молиясида хатарлар савдо амалиётлари ва иқтисодий-молиявий шерикчилик битимлари доирасида тақсимланади. Бу эса молиявий барқарорликни оширишга, қарз юкининг ортиқча ўсишини чеклашга ва тизимли молиявий инқирозлар эҳтимолини камайтиришга хизмат қилади.
5. Молия бозорининг диверсификацияси
Ислом банк-молия тизимининг жорий қилиниши молия бозорида янги маҳсулотлар ва воситалар пайдо бўлишига олиб келади. Бу рақобатни оширади, хизматлар сифатини яхшилайди ва анъанавий молия тизимини ҳам янада ривожланишга ундайди.
6. Хуфиёна иқтисодиётни қисқартириш
Ислом молияси шаффофлик, активларга боғлиқлик, ҳақиқий иқтисодий фаолиятга бевосита боғликлик тамойилларига асосланган. Шу сабабли, ҳамда молиявий инклюзия (иштирок)нинг ошиши туфайли ушбу тизимнинг ривожланиши нақд пул айланмаси улушини камайтиришга, ҳисоб-китобларни расмий тус олишига ва хуфиёна иқтисодиёт кўламини қисқартиришга ижобий таъсир кўрсатади.
7. Ҳалол маҳсулотлар бозорининг ривожланиши
Ислом банк-молия тизимини жорий этиш ҳалол иқтисодиёт экотизимининг шаклланиши ва кенгайишига хизмат қилади. Хусусан, ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва соҳага боғлиқ соҳаларни (масалан ташиш хизматини) молиялаштириш имкониятлари кенгаяди. Бу эса ички бозорда ҳалол маҳсулотлар таклифининг ошишига, шу билан бирга, ташқи бозорларга йўналтирилган ҳалол маҳсулотлар экспорти ҳажмининг ортишига сабаб бўлади. Натижада Ўзбекистон минтақада ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи мамлакат сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлайди.
8. Янги соҳа мутахассисларининг етишиб чиқиши
Ислом молияси тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши янги билим ва малакага эга бўлган кадрларга бўлган талабни оширади. Банк иши, молия, ҳуқуқ, бухгалтерия, аудит, хатарларни бошқариш ва шариат экспертизаси соҳаларида ислом молиясига ихтисослашган мутахассислар етишиб чиқиши учун замин яратилади. Бу эса таълим муассасаларида янги ўқув дастурлари, малака ошириш курслари ва илмий тадқиқотлар ривожланишига олиб келиб, инсон капитали сифатининг ошишига хизмат қилади.
9. Ўзбекистоннинг минтақавий молиявий марказ сифатидаги ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамланиши
Ислом банк-молия тизимини жорий этиш ва уни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий молиявий марказ сифатида шаклланиши учун қўшимча имкониятлар яратади. Ислом молияси соҳасида замонавий ва аниқ қонунчилик базасининг мавжудлиги мамлакатни халқаро ислом молия муассасалари, инвестиция жамғармалари ва ислом банклари учун жозибадор қилади.
Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонни нафақат анъанавий молия, балки ислом молияси бўйича ҳам минтақада етакчи платформага айлантиришга хизмат қилади. Натижада мамлакат орқали минтақавий капитал оқимлари йўналтирилиб, трансчегаравий молиявий хизматлар ривожланади ва Ўзбекистоннинг халқаро молиявий нуфузи янада ортади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда ислом банк-молия тизимини жорий қилишга доир қонуннинг қабул қилиниши мамлакат иқтисодиёти учун янги босқични бошлаб беради. У молиявий инклюзияни кенгайтиради, инвестиция муҳитини яхшилайди ва реал секторни қўллаб-қувватлаш орқали барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, “ҳалол” саноатнинг ривожланиши ва малакали мутахассислар тайёрланиши учун замин яратиб, Ўзбекистоннинг минтақавий молиявий марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди.
Жаҳонгир Имамназаров
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси,
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)