“Остона халқаро молия маркази” Қозоғистондаги ислом омонатлари (депозитлари)нинг эҳтимолий ҳажмини 2,8 трлн тенгега тенг деб баҳолайди. Бу пуллар тизимга ҳақиқата кириб келиши (жалб қилиниши) учун нималар қилиш керак?
— Бу рақам нафақат аҳолининг қизиқишини, балки ислом банк-молия тизимининг барқарорлигини, унга бўлган ишончни кўрсатади. Аммо ушбу эҳтимолий салоҳиятни реал омонатларга айлантириш учун қуйидаги аниқ қадамлар зарур:
1. Ҳам тенгеда, ҳам эркин конвертация қилинадиган хорижий валюталарда рақобатбардош омонат (депозит) маҳсулотларини ишга тушириш. Бунда нафақат шариат тамойилларига мувофиқликни, балки шаффоф даромадлиликни, ишончли жойлаштириш шартларини ва рақамли мавжудликни таъминлаш муҳим.
2. Фаол маркетинг ва кенг қамровли маърифий фаолият кампанияси ўтказиш орқали ислом депозитларининг моҳияти ва афзалликларини мижозларга оддий ва тушунарли тарзда тушунтириш зарур.
3. Қулайлик. Мижозлар тўрачилик (бюрократия)сиз, илова орқали бир неча оддий ҳаракатлар орқали ҳисоб очишни хоҳлашади. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики: айнан рақамлаштириш омонатчилар оқимини сезиларли даражада ошириши мумкин.
4. Ислом банклари сонини кўпайтириш ва маҳсулотлар турини кенгайтириш. Бугунги кунда танлов чекланган ва янги иштирокчиларнинг пайдо бўлиши соғлом рақобатни яратади ва ишончни оширади.
Суғурталашсиз депозит: ўрнига нима таклиф қилинади — Агар ислом банкларида ҳозирча одатдаги депозитларни суғурталаш мумкин бўлмаса, у ҳолда мижозлар (омонатчилар) ишончини қандай қозониш керак?
— Тасаввур қилинг, сиз омонат очяпсиз ва сизда биринчи бўлиб – “Агар банк ёпилса нима бўлади?”, деган савол туғилади. Анъанавий тизимда ҳамма нарса аниқ: давлат суғурта фонди мавжуд. Ислом банкларида бундай тизимни қўллаш мумкин эмас ва айнан шу кўпинча ишончсизликни келтириб чиқаради.
Аммо бу ҳолатда мижозларга бошқа нарса муҳим нарсалар таклиф қилиш мумкин – ишонч, шаффофлик ва аниқ ўйин қоидалари. Мижоз даромадлилик қандай шакллантирилишини, қандай хавф-хатарни ўз зиммасига олишини билиши ва банк ҳалол ва очиқ ишлашига ишонч ҳосил қилиши керак.
Омонатларни ҳимоя қилишга келганда, анъанавий моделни тўғридан-тўғри кўчириш шариат нуқтаи назаридан мумкин эмас. Аммо халқаро ечимлар бор — масалан, такафул тизими. Бу ўзаро суғурталаш шакли: омонатчилар биргаликда умумий бир “жамғармани” шакллантирадилар, агар банк инқирозга учраса, ушбу жамғармадан зарар қопланади. Бундай тизим Малайзия, Баҳрайн ва бошқа бир қанча мамлакатларда аллақачон ишламоқда ва улар Қозоғистон учун яхши намуна бўлиши мумкин.
— 2023–2024 йилларда Қозоғистонда биринчи сукук (шариат тамойилларига мос келадиган молиявий восита бўлиб, анъанавий облигацияга қайсидир жиҳатдан ўхшаш бўлади) пайдо бўлди. Сукук бозорининг кейинги ривожланишига нима тўсқинлик қилмоқда?
— 2024 йилда “Остона халқаро молия маркази” доирасида тенгеда чиқарилган биринчи корпоратив сукук ҳақиқатан ҳам муҳим қадам бўлди. 2025 йилда янги дастур ҳам пайдо бўлди — Tayyab Finance. Ушбу дастур доирасида 2040 йилгача 20 млрд тенгегача бўлган сукук чиқариш режалаштирилган. Сукук орқали жалб қилинган пуллар ислом молияси тамойилларига мос автомолиялаштиришни ривожлантиришга йўналтирилади. Яъни, ҳаракатлар бор, лекин бозор ҳозирча секин ўсмоқда. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Биринчидан, солиқ тўсиқлари: сукук чиқаришда кўпинча икки марта солиқ тўлашга тўғри келади — масалан, активни сотиб олишда ва ўтказишда хосил бўладиган ҚҚС. Анъанавий облигациялар учун бундай харажатлар йўқ ва бу эҳтимолий сукук чиқарувчилар (эмитентлар)нинг қизиқишини сусайтиради.
Иккинчидан, Қозоғистонда ҳалигача давлат (суверен) сукуклари йўқ, улар кўп мамлакатларда даромадлилик нуқтаи назаридан бошланғич нуқта бўлади ва институционал сармоядорларни жалб қилади. Бундай ёндашувсиз хусусий компанияларнинг бозорга чиқиши қийин.
Учинчидан, жараённинг ўзи анъанавий облигацияларга нисбатан мураккаброқ: жараён шариат экспертлари, ҳуқуқшунослар, маслаҳатчиларни талаб қилади, улар эса ҳозирча кам. Ваниҳоят, сармоядорлар доираси чекланган — пенсия жамғармалари ва бошқарув компаниялари энди энди ислом қимматли қоғозларини кўриб чиқишни бошлашмоқда.
Маълумот учун: Сукукни кўпинча “ислом облигациялари” деб аташади, лекин уларнинг тамойили бошқача. Инвестор белгиланган фоиз эмас, балки реал активдан — кўчмас мулк ёки бизнес лойиҳа олинган даромадидан улуш олади. Бу ушбу молиявий воситани реал иқтисодиётга яқинлаштиради ва шариат тамойилларига мослигини таъминлайди.
— Аҳолининг бор-йўғи 10% ислом маҳсулотлари ҳақида маълумотга эга. Хабардорликни ошириш бўйича қандай стратегиялар мавжуд?
— Ҳақиқатан ҳам, бугун Қозоғистонда ислом молияси ҳақида ҳар ўнинчи одамгина билади. Бу соҳани ривожлантириш учун асосий тўсиқдир. Муаммони фақат тизимли ёндашув орқали ечиш мумкин, алоҳида бир марталик тадбирлар орқали эмас.
Тан олиш керакки, бу фақат Қозоғистон учун долзарб муаммо эмас. Ҳатто БАА, Саудия Арабистони ёки Малайзияда ҳам кўп мижозлар ислом маҳсулотлари қандай ишлашини тўлиқ тушунишмайди. Шунинг учун маърифат/саводхонликни ошириш доимий вазифа бўлиб қолмоқда.
Биз аллақачон бу йўналишда керакли қадамлар қўйганмиз: бепул семинарлар ўтказилмоқда, университетларда маърузалар ўқилмоқда, “Остона халқаро молия маркази” Академиясининг курслари ишлаб чиқилган. Осиё тараққиёт банки билан биргаликда ислом маҳсулотлари ва сукуклар бўйича қўлланмалар тайёрланган. Ислом молияси ва бизнеси уюшмаси ҳам вебинарлар ўтказади ва мутахассислар жамоасини шакллантиради.
Лекин бу етарли эмас. Ислом банклари ва компанияларининг ўзлари ижтимоий тармоқлар, YouTube, подкастлар, жонли консультациялар орқали ўзлари ҳақида фаол гапириши муҳим. Одамлар назарияни эмас, балки реал мисолларни кўришни хоҳлайди: ипотека қандай ишлайди, автомолиялаштириш қандай қурилган, кичик бизнес учун қандай афзалликлар бор. Яна бир муҳим жиҳат — тил. Материаллар қозоқ, рус ва, иложи борича, инглиз тилларида мавжуд бўлиши керак. Хабардорлик фақат шунда ўсади. Ахборот турли аудиториялар учун оддий, амалий ва тушунарли бўлиши лозим.
Кимдан ибрат олиш керак?
— Муваффақиятли бозорлардан қандай сабоқлар олиш мумкин — масалан, Покистондан, билишимизча, у ерда ўсиш сукук инструментлари ва оммавий қизиқиш ёрдамида бошланган.
— Покистон, шунингдек бошқа бир қатор мамлакатларда ислом молиясини ривожланиши давлатнинг фаол ва изчил роли қанчалик муҳимлигини кўрсатди. Суверен сукуклар нафақат капитал жалб қилиш манбаига, балки хусусий иштирокчилар учун ишонч белгисига айланди. У ерда ривожланиш маърифат ташаббуслари, шариат инфратузилмасини яратиш ва ислом банкчилигини миллий тараққиётнинг йўналишларидан бири сифатида сиёсий қўллаб-қувватлаш орқали тизимли равишда давом этди.
Қозоғистон контекстида айнан давлат даражасидаги тизимли ёндашув муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бунга ҳуқуқий асос яратиш ҳамда асосий тартибга солувчи (регулятор)лар ўртасида ўзаро ҳамкорликни тўғри ташкил қилиш киради.
“Ислом дарчалари” Қозоғистон банклари учун янги имконият дейиш мумкинми?
Бугунги кунда Қозоғистонда (“Остона халқаро молия маркази” доирасида фаолият юритаётган ислом банкини инобатга олмаган ҳолда) атиги иккита ислом банки ўз фаолиятини олиб бормоқда — хорижий Abu Dhabi Commercial Bank ва қозоғистонлик “Заман Банк”. Уларнинг мамлакат банк тизимининг умумий активлари ва кредит портфелидаги улуши ҳозирча камтарона — 0,5% дан кам.
Аммо яқин орада вазият ўзгариши мумкин. Куни кеча Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги раиси Мадина Абылқасымова қонунчиликка муҳим ўзгартиришлар ҳақида хабар берди. Банк фаолияти тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси универсал банкларга мавжуд лицензия доирасида “ислом дарчалари” деб аталувчи тузилмаларни очиш имкониятини назарда тутади.
Бу модель БАА, Малайзия, Покистон, Баҳрайн, Қатар ва Индонезияда кенг қўлланилади. Асосан, бу банкларга алоҳида банкни “нолдан” яратмасдан, мижозларга шариат тамойилларига мос маҳсулотларни анъанавий банклар доирасида таклиф қилиш имкониятини беради.
@IslomMoliyasi