3. Муассасанинг ижарага бериладиган активни ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқи (usufruct)ни қўлга киритиши
3/1 Муайян актив бўйича шаръий нуқтаи назардан тўғри (ҳисобланувчи) ижара шартномаси тузиш учун ижарага берувчи ўша активни ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини ижара битими тузилишидан олдин қўлга киритган бўлиши лозим:
3/1/1 Актив ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқи муассасага тегишли бўлиши – асл талаб қилинадиган шартдир. Шу шарт топилса ва икки томон бошқа барча масалалар юзасидан келишиб олишса, ижара шартномаси тузиш мумкин бўлади.
3/1/2 Агар актив муассаса томонидан ижарага олиш ваъдасини берган мижоздан (3/2-бандга қаралсин) ёки бошқа (учинчи) шахсдан сотиб олинадиган бўлса, у ҳолда муассаса мазкур активга эгалик ҳуқуқини қўлга киритмагунча, ижара шартномасини тузиш мумкин эмас.
Эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш олди-сотди шартномасини тузиш билан ҳақиқий ҳисобланади, ҳатто бу мулк ҳали муассаса номига расмийлаштирилмаган бўлса ҳам. Бунда, муассаса ҳақиқий эгалик ҳуқуқи унга тегишли эканини тасдиқлайдиган ҳужжат (counter-deed)га эга бўлиши керак.
3/2 Муассаса, бирор шахс ёки ташкилотдан актив (мол-мулк)ни сотиб олиб, сўнгра уни айнан ўша сотувчига ижарага бериши мумкин. Лекин муассаса активга эгалик ҳуқуқини қўлга киритадиган савдо шартномасида ижарага беришни шарт сифатида (шартномага) киритиши жоиз эмас.
3/3 Бирор актив (мулк)ни ижарага олган томон, агар мулк эгаси буни ман қилмаган бўлса ёки бунга унинг алоҳида розилигини олишни шарт қилмаган бўлса, ўша мулкни учинчи томонга дастлабки ижара ҳақига тенг ҳақ эвазига ёки ундан арзонроқ ёки қимматроққа, нақд ёки муддатли тўлов (насия) асосида ижарага бериши мумкин (бу иккиламчи ижара ёки қуйи-ижара деб аталади).
3/4 Ижарага олувчи биринчи ижара муддати давомида мулкни (активни) унинг асл эгасига дастлабки ижара ҳақидан камроқ, унга тенг ёки ундан кўпроқ ижара тўлови эвазига қайтариб ижарага бериши, агар иккала ижара тўлови ҳам нақд (дарҳол) тўланадиган бўлса, жоиз ҳисобланади. Бироқ, агар бу хатти-ҳаракат ижара тўлови ёки муддатининг ўзгариши сабабли Иъина битимини келтириб чиқарадиган бўлса жоиз бўлмайди. Масалан, биринчи ижара битими нақд 100 долларга тузилса, сўнг ижарачи ўша активни ижарага берувчи томонга кечиктириб тўланадиган 120 доллар эвазига ижарага берса ёки биринчи ижара битими келгусида тўланадиган 120 долларга тузилса, сўнг иккинчи ижара битими нақд тўланадиган 100 доллар эвазига тузилса, ёинки ҳар иккала ижара миқдори бир хил бўлса-ю, лекин биринчи ижара ҳақи бир ойдан кейин, иккинчи ижара ҳақи эса икки ойдан кейин тўланадиган бўлса, ижарага олиб, яна қайта ижарага бериш жоиз эмас.
3/5 Ижара шартномаси аниқ тавсифларга мувофиқ етказиб бериш мажбурияти олинган мол-мулкка нисбатан тузилиши жоиз, ҳатто бундай мол-мулк [айни дамда] ижарага берувчига тегишли бўлмаса ҳам (бу “ижара мавсуфа физ-зимма” дейилади). Яъни бунда ижара муддати бошланишида (кучга кириш санасида) тафсилотлари баён қилинган мол-мулкни топширишга келишилинади. Бундай ижарада шартнома “салам” ёки “салаф” лафзлари билан тузилмаган бўлса (яъни ижара ҳақи олдиндан тўланиши шартномада кўрсатилмаган бўлса), ижара ҳақини дарҳол (олдиндан) тўлаш шарт қилинмайди. Агар ижарага берувчи тавсифга мос келмайдиган мулкни топширса, ижара олувчи уни рад этиши ва белгиланган хусусиятларга мос мол-мулкни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
3/6 Мижоз ўзи ижарага олмоқчи бўлган активни муассаса билан шерикликда сотиб олиши, сўнгра муассасанинг [мулкдаги] улушини ижарага олиши жоиз. Бундай ҳолатда, муассасага тўланиши керак бўлган ижара тўловлари миқдори муассасанинг мулкдаги улушига мутаносиб равишда бўлиши керак, чунки ижарага олувчи мулкдаги ўз улушининг эгаси ҳисобланади. Мижоздан унга тегишли бўлмаган нарса учунгина ижара ҳақи олиш мумкин.
3/7 Муассаса ўз мижозларидан бирига ваколат бериб, ўша мижозга керакли ускуна, механизмлар ва шу каби тафсилотлари ва нарх-наволари белгилаб берилган активни муассаса номидан сотиб олиш (вазифаси)ни топшириши мумкин. Бунда, муассаса мазкур активни ҳақиқий ёки ҳукмий эгалик асосида қўлга киритгач, мижозга ижарага беришни мақсад қилган бўлади. Сотиб олиш бўйича вакил, иложи бўлса, мижоздан бошқа шахс бўлгани маъқул [яъни, агар имкон бўлса, мулкни сотиб олиш ваколатини мижоздан бошқа шахсга топшириш афзал ҳисобланади].
Давоми бор…