ШАРЪИЙ МЕЪЁР №6
Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартириш
Меъёрнинг баёни (матни)
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси):
Ушбу меъёр анъанавий банкни эълон қилинган маълум бир санада дарҳол ва тўлиқ ислом банкига ўзгартириш тўғрисидаги қарорга асосан бундай ўзгартиришнинг асосий жиҳатларини кўриб чиқади. Бундай қарор банкнинг ўзи томонидан (яъни амалдаги эгалари томонидан) ёки уни ислом банкига ўзгартириш истагида бўлган шахслар томонидан сотиб олинганидан кейин қабул қилиниши мумкин.
Шунингдек, меъёр ўзгартириш жараёнининг муддатини, ўзгартиришнинг маблағларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш (инвестиция қилиш) усулларига таъсирини, банкнинг айланишидан олдинги мажбуриятлари (дебиторлик қарзлари) бажарилганлиги ва ҳақлари (кредиторлик қарзлари) ундирилганлиги, шу жумладан, олинган ёки тўланган маблағлар ҳамда олинмаган ёки тўланмаган маблағлар масаласи қандай ҳал қилинишини қамраб олади.
Ушбу меъёр банклар фаолиятидаги жоиз (мубоҳ) бўлган амалиётлар ва улардан олинадиган даромадлар масаласини кўриб чиқмайди, чунки улар ўзгартиришга алоқадор эмас. Банкнинг бундай фаолият турларини давом эттириши ва улардан манфаат олишига ҳеч қандай шаръий тақиқ йўқ. Меъёр, шунингдек, анъанавий банкларда ислом дарчалари, бошқарма ёки бўлимлар ташкил қилишга оид масалаларни ҳам қамраб олмайди.
2. Ўзгартириш муддати:
2/1 Анъанавий банкни ислом банкига ўзгартиришда барча тегишли шариат талаблари бажарилиши ҳамда ўзгартиришдан кейинги барча янги амалиётларда ислом шариати ҳукмлари ва тамойилларига риоя қилиниши зарур. Аммо, ўзгартириш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар тузилган ношаръий амалиёт/ битимлар ижроси зудлик билан тўхтатилиши керак, буни кечиктириш жоиз эмас, бундан, банкнинг воқеликдаги шарт-шароитларини инобатга олган ҳолда зарурат ёки ҳожат тақозо қилган кечиктиришлар мустасно бўлади. Бундай ҳолатда банкротлик ёки тўлов мажбуриятларини бажара олмаслик хавфининг олдини олиш учун ушбу амалиётлар/ битимларнинг оқибатлари мазкур меъёрга мувофиқ бартараф этилиши керак.
2/2 Агар банк 2/1 бандга мувофиқ бирданига (зудлик билан) тўлиқ ислом банкига ўзгартириш ҳақида эмас, балки босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилса, у ўзгартирилган банк деб ҳисобланмайди ва ўзгартириш якунига етмагунга қадар Ислом банклари қаторига киритилмайди. Банк эгалари (акциядорлари) шариатда тақиқланган фаолиятни давом эттириш гуноҳидан халос бўлишлари учун ўзгартириш жараёнини тезлаштиришлари керак бўлади. Ушбу меъёр ўзгартириш босқичларини аниқлаб/белгилаб олиш учун қўлланма сифатида хизмат қилади.
2/3 Ўзгартириш даври мобайнида олинган тақиқланган (ножоиз) даромадлар ва амалга оширилган амалиётлар ушбу меъёрнинг 8-11 бандларида баён этилганидек муолажа қилиниши лозим.
давоми бор …
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси