Ассалому алайкум!
Бир неча куни аввал Марказий банк томонидан қабул қилинган, мамлакатимизда микромолия ташкилотлари (ММТ) фаолиятини ислом молияси тамойилларига мувофиқ амалга ошириш имкониятини берувчи Низом бўйича саволлар бўлса бизга ёзинг, деб обуначиларимизга мурожаат қилган эдик. Ушбу мурожаатга мувофиқ бир нечта обуначимиз қуйидаги саволларни бизга йўллашибди. Биз ушбу саволларга ўз билим ва тажрибамизга асосланган ҳолда жавоб беришга ҳаракат қилдик.
Савол: Одамлар тушуниб етдимикин бу қонун/низомдан фойдаланиб катта кичик тадбиркорлар ва оддий одамлар ўз маблағларни қандай кўпайтириб фойда олишлари мумкинлигини?
Жавоб: Оддий одамлар ўз маблағларни микромолия ташкилотлари орқали кўпайтириб олиши мумкинми деган саволни қўйиш тўғри эмас, чунки микромолия ташкилоти бу банк ёки инвестиция компанияси эмас. Микромолия ташкилотлари томонидан ислом молияси тамойилларига мувофиқ равишда лойиҳаларни молиялаштириш имконияти очилганлиги бу фақат ўз тадбиркорлик фаолиятини диний эътиқодига кўра анъанавий микромолия ташкилотлари орқали амалга оширолмай келган тадбиркорларга имконият берилиши холос.
Демак, низомда кўзда тутилганидек, бир юридик шахснинг 300 миллион сўмгача бўлган лойиҳаси ва бир жисмоний шахснинг 100 миллион сўмлик лойиҳаси молиялаштирилиши мумкин.
Хўш, лойиҳа деганда нима тушунамиз? Лойиҳа деганда юридик шахс томонидан муробаҳа ёки эгалик билан якунланувчи ижара (молиявий лизингнинг ислом молиясидаги муқобили) орқали бирор бир активни (яъни молни) насия асосида сотиб олиш деб тушунсак бўлади (бугунги кунда айнан шундай молиявий амалиёт ислом молия муассасалари томонидан энг кўп қўлланилмоқда).
Савол: ММТлар олдига ҳам банкларга қўйилгандек талаб/шартлар қўйилганми?
Жавоб: Албатта, ҳар қандай ташкилот ва муассаса ўз фаолиятини бошлаши ва амалга ошириши учун жорий қонунчиликда кўзда тутилган талабларни бажариш ва риоя қилиш керак бўлади. Микромолия ташкилотлари тузиш учун ҳам муайян талаблар бажарилиши шарт (айнан қандай расмий талаблар борлигини қуйидаги ҳаволалар орқали тегишли ҳужжатларни очиб ўқиб танишиш мумкин: https://lex.uz/uz/docs/6401250, https://lex.uz/docs/5972411)
Савол: Бу ташкилотларга (яъни ММТлар назарда тутилмоқда) оддий одам сармоя қўя оладими?
Жавоб: ММТ таъсисчиси сифатида сармоя киритиши мумкин, лекин омонат эмас, чунки хозирча ММТлар аҳолидан омонат қабул қилиши мумкин эмас. Шу билан бирга, мамлакатимизда очилиши кўзда тутилаётган микромолия банклари аҳолидан 200 миллион сўмгача омонат қабул қилишлари мумкин бўлади деган хабарлар бор.
Савол: Нима учун Низомда фақат бир нечта ислом молия маҳсулоти келтирилган, ҳолбуки ислом молия маҳсулот ва хизматларининг тури анча кўпку! Негадир ислом суғуртаси такафул ҳам Низомда кўзда тутилмаган!?
Жавоб: Низомда бугунги кунда ислом молия муассалари томонидан энг кўп қўлланиладиган молия маҳсулот ва хизматлари келтирилган. Қолган молия маҳсулотларини қўллаш учун жамиятда ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари моҳиятини тўғри тушуниб етган, яъни молиявий саводхонлиги юқори бўлган тадбиркор ва жисмоний шахслар кўпайиши керак деб ўйлаймиз. Зеро, музораба ва мушорака каби ислом молия маҳсулотларини қўллаш учун жамиятда омонатдорлик ҳозиргидан анча юқори бўлиши керак. Валлоҳу аълам.
Савол: Ислом банки очилмай, биринчи мана шундай микромолия ташкилотлари очилгани яхшимикин? Чунки ислом банклари ҳам бирданига очилса кадрлар танқис пайтида соҳани чала-чулпа тушунадиганлар у ерда ишлашига тўғри келиб қолиши ва натижада улар рибога ҳам йўл қўйиши мумкин. Шу фикримиз тўғрими?
Жавоб: Тўғри, бугунги кунда ислом молияси соҳасини яхши биладиган мутахассислар кам, ва микромолия ташкилотлари доирасида ислом молиясини татбиқ қилиш ҳам қайсидир маънода тўғри. Лекин ҳар қандай соҳа, талаб ва таклиф асосида ривожланади. Агар шу соҳага бироз эътибор қаратилса ва соҳа ривожланса, мутахассислар ҳам тез орада кўпайиб кетади. Бугунги кунда мамлакатимизда ислом банк-молия тизими ривожланиши учун имкониятлар жуда кам бўлса ҳам, анча мутахассис бор.
Савол: Вилоятидагилар ҳам жуда ҳоҳлашади ислом молия маҳсулот ва хизматларидан фойдаланишни. Сизнинг фикрингизча қачон бундай имокниятлар вилоятларда пайдо бўлади?
Жавоб: ММТлари ривожланиши вилоятлардаги талабга боғлиқ, чунки бизни кузатишимиз бўйича ислом молияси маҳсулот ва хизматларига бўлган талаб Тошкент шаҳрида, Фарғона водийсининг Андижон ва Наманган вилоятларида, Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларида бошқа вилоят ва туманларга нисбатан анча юқори. Фикримизча ислом молияси (ММТлар фаолияти доирсида) ушбу шаҳар ва вилоятларда қисқа муддатларда ривожланиб кетади ва бундай давлатимиз фақат ютади, чунки яширин иқтисодиёт доирасида айланаётган пуллар расмий банк-молия тизимига кириб келишни бошлайди.
Савол: Сизлар қонунни айрим камчиликларини айтиб ўтгандинглар (https://islommoliyasi.uz/uz/8028-2/) ўша камчиликларни тўғриламаса ҳам бу ташкилот ҳизматини ҳалоллигига тасир қилмайдими?
Жавоб: Биз ҳужжатдаги камчиликларини санаб ўтганмиз, агар улар бартараф этилмаса муайян англашилмовчиликларга сабаб бўлади. Анлашилмовчиликлар эса албатта зиддиятлар келтириб чиқаради.
Масалан, ислом молияси тамойилларига мувофиқ фаолият юритувчи ММТларнинг солиққа тортилиши масаласи юзасидан Низомда аниқ жавоб кўрмадик. Бу эса ММТ тузмоқчи бўлганларда жиддий саволлар туғилишига сабаб бўлади, чунки солиқ дегани харажат дегани, ҳар қандай қўшимча харажат эса бевосита уларнинг иқтисодий жиҳатдан самарали ишлашларига таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида уларнинг анъанавий ММТлар балан рақобатбардош бўлишларига жиддий (салбий) таъсир кўрсатади.
Ислом молияси маҳсулотларини қўллашда “ҳалоллик”ни таъминлаш масаласига келадиган бўлсак, уларнинг тўғри қўлланиши, улардаги “ҳалолликни” таъминлаш, Низомда тузилиши кўзда тутилган шариат кенгашлари вазифалари доирасига киради (яъни улар айнан шу масалага масъул ҳисобланишади).
Савол: Ислом молияси маҳсулот ва хизматлари таклиф қилувчи ташкилотларда ишлайдиган ходимлардан қандай билимлар ва ҳужжатлар талаб қилинади?
Жавоб: Ислом молияси маҳсулот ва хизматлари таклиф қилувчи ташкилотларда ишлайдиган ходимлар энг камида иқтисодиёт-молия соҳасида ва/ёки ҳуқуқ соҳасида ўқиган (яъни ушбу соҳада муайян билимларга эга), ушбу соҳада иш тажрибасига эга, ислом қадриятларини англаб етган, ислом молияси асослари бўйича билимларга эга мутахассислар бўлишлари керак. Шунингдек, улар инглиз ва араб тилларини билишлари, ислом ҳуқуқи соҳасида ҳам билимга эга бўлишлари уларнинг бу соҳада ўзларига муносиб иш топиш имкониятларини жиддий равишда оширади.
Саволларга Ислом молияси лойиҳаси ҳамасосчиси, Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жаҳонгир Имамназаров жавоб берди.