CАВОЛ:
Маълумки, ҳозирги кунда ҳайдовчилар одамларни манзилларига элтиш билан бирга баъзи юкларни ҳам ташийдилар. Уларни урфида бу юклар “почта” дейилади. Улар мазкур “почта”ларни манзилига элтиб бергани учун хизмат ҳаққи оладилар. Ушбу ҳайдовчилар мазкур юклар, яъни “почта”лар учун масъул ҳисобланадиларми? Агар ҳайдовчи ўзи “юкка жавоб бераман” деб хизмат ҳаққини кўпроқ олсачи?
ЖАВОБ:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу ижарага тегишли масаладир.
Одатда ёлланма ишчилар икки турга бўлинадилар:
1) махсус бир киши ёки аниқ бир муассаса учун ишлайдиган хос ишчи-ходимлар (“Ажири хос” деб аталади);
2) умумий ишчилар. Улар бир киши ёки аниқ бир ташкилотга эмас, балки барча учун хизмат қиладиган такси ҳайдовчилари, тикувчилар ва иморат усталари каби ёлланма ишчилардир (“Ажири муштарак” деб аталади).
Биринчи тоифага кирувчи хос ишчилар юкка масъул бўлмайдилар. Чунки юк уларнинг қўлида омонат бўлиб, омонатга уларнинг айбисиз талофат етса, тўлаб беришлари вожиб бўлмайди. Аммо уларнинг айби ёки бепарволиги туфайли зарар етса, албатта уни тўлаб берадилар.
“Ажири хос барчанинг ижмоъси билан қўлида ҳалок бўлган, ёки одатий иши сабабли талафот етган нарсага зомин бўлмайди”. (“Фатҳу бобил-иноя” китоби).
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ иккинчи тоифага кирувчи умумий ишчиларга (ажири муштарак) нисбатан ҳам ҳукм худди шундай деб айтганлар. Аммо у кишининг шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар раҳимаҳумаллоҳ иккинчи тоифа ҳисобланувчи умумий ишчилар (“ажири муштарак”) ҳам қўлидаги юкка зарар ёки талафот етса, тўлаб бериши лозим бўлади, деб айтганлар. Лекин умумий офат бундан мустаснодир. Яъни ҳайдовчи юкни олиб кетаётган пайтида унга боғлиқ бўлмаган табиий офат ёки унинг айбисиз автоҳалокат, ёнғин, сувга ғарқ бўлиш кабилар туфайли у олиб кетаётган юкка зарар етса, албатта, икки имомга кўра ҳам ҳайдовчи жавобгар бўлмайди. Бу ҳақда, “Табйин” китобида ёзилишича, бугунги кунда инсонларнинг ҳолатлари ўзгаргани эътибори билан Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг хулосалари асосида фатво берилади. Шу йўл билан одамлар молларининг муҳофазаси ҳосил бўлади” (“Дурарул-ҳуккам” китоби).
“Шарҳул-виқоя” китобида бу ҳақида шундай дейилади:
“Билингки, унинг (яъни умумий ишчининг) қўлидаги мато Абу Ҳанифанинг (раҳимаҳуллоҳ) наздиларида омонатдир. Шунинг учун у унга зомин бўлмайди, магар хиёнат қилсагина тўлаб бериши вожиб бўлади. Икки имомга кўра эса умумий ишчи-ажири муштарак масъул/жавобгар/зомин бўлади. Фақатгина, ўлим, ғолиб келувчи ёнғин каби одатда сақланишнинг имкони бўлмаган ҳолатлар бундан мустаснодир”.
Шунга кўра, умумий ҳайдовчилар маълум бир ҳақ эвазига ташиб берадиган юкларига масъул ҳисобланадилар. Хусусан, юкка жавобгарлик эвазига хизмат ҳаққини кўпроқ бўлишига келишилган бўлса. Чунки бу ҳақида шундай таъкидланади:
Яъни: “Ажири муштарак (умумий ишчи) матога жавобгарликни шарт қилган бўлса, гўёки бир вақтнинг ўзида ҳам иши ва ҳам матонинг муҳофазаси учун ҳақ олган бўлади. Шунинг учун ҳам бу ҳолат ҳеч қандай ҳақ тўланмайдиган омонатдан фарқлидир” (“Шарҳул виқоя” китоби).
Демак, ҳайдовчи юкка жавобгарлик шарти эвазига кўпроқ ҳақ олишга келишган бўлса, юкка жавобгар бўлиши янада қатъий бўлади. Чунки у бу ҳолатда икки нарса: юк ташиш ва унинг муҳофазаси учун ҳақ олаяпти. Албатта, юқорида зикр этилгани каби унга боғлиқ бўлмаган умумий кутилмаган талафотлар, табиий офатлар сабабли юкка зарар етса, бу ҳолатда ҳайдовчи зарарни қоплаб берувчи ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази жавоби (https://t.me/diniysavollar/7509) асосида тайёрланди.