Ислом молияси тарихига назар ташласак, унинг баъзи кўринишлари VI аср охирларидан шакллана бошлаганини кузатиш мумкин. Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Марказий Осиё минтақасида VII асрдан ягона тизим сифатида тарқалган ислом молиясининг замонавий тарихи, биз билган янги тизим сифатида ХХ асрнинг 50-йилларидан шакллана бошлаган.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар истиқомат қиладиган мамлакатлар мустақилликка эришгач (БАА 1971 йил, Жазоир 1962 йил, Кувайт 1961 йил, Малайзия 1957 йил, Судан 1956 йил, Покистон 1947 йил), нефть ва газ ресурсларининг кенг кўламда қазиб олина бошлади ва бу маҳсулот экспорти ҳажми оша бошлади. Ўз навбатида, жаҳон бозорида нефть нархининг тобора ошиб бориши ушбу мамлакатларда йирик жамғармалар шаклланишига замин яратди. Аммо ушбу жамғармалардан мавжуд анъанавий молия бозори механизмлари орқали фойдаланишда аҳолисининг аксарияти мусулмонлар бўлган жамият талабига мос келмаслиги сингари муаммоли масалалар намоён бўлди. Бу эса, ислом тамойилларига асосланган молия тизимини шакллантириш талабини юзага келтирди.
Ислом тамойилларига мос келувчи илк молиявий муассаса Мит Ғамр жамғарма банки 1963 йилда ташкил этилган. Ушбу жамғарма ислом молиясининг муқобил молия тизими сифатида ишлай олишини кўрсатди. Тизими кейинги ўн йилликдан ривожланишнинг муҳим босқичига ўтди.
1975 йилда Ислом тараққиёт банкининг таъсис этилиши ислом молиясининг глобал босқичга ўтганлигини англатар эди. Шундан сўнг исломий молиявий муассасалар сони ортиб, уларнинг географик қамрови кенгайиб борди. Шунингдек, молия экотизимининг ҳар бир тармоғи учун муқобил механизмлар ишлаб чиқилди. Ислом қимматли қоғозларида ҳам фикримизнинг тасдиғини топишимиз мумкин.
Тарихий ҳужжатлар кўрсатадики, сукук масаласи биринчи марта моликия мазҳаби асосчиси Имом Моликнинг “Муватто” асарида ёритилган. Бу механизм VII асрда Умавийлар халифалиги даврида амал қилган. Унга кўра ҳарбийлар иш ҳақининг бир қисми пул, қолган қисми сўндириш/қайтариш муддатига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари сертификати билан тўланган. Сўндирилиш/қайтариш муддатига қадар сертификат эгалари уни сотиш имкониятига эга бўлган[1].
Кейинчалик Аббосийлар халифалигида ҳам чеклар билан боғлиқ амалиётлар ўз кучини йўқотмаган. Файласуф ва саёҳатчи Насир Хусрав 1051 йил охирлари ва 1052 йил бошларида Басра бозорларида кўрганлари бўйича қуйидаги қайдларини қолдирган: “У ерда қуйидагича савдо қилишар экан: кимдадир нимадир бўлса, у ўзининг маҳсулотларини айирбошловчига (сарроф бўлса керак) беради ва ундан бунинг учун тилхат олади. Кейин ўзига керакли нарсаларни харид қилади, тўлов учун эса тилхатни беради. Харидор шаҳарда бўлган барча даври учун айирбошловчи берган тилхатдан фойдаланади ва умуман тангалар (пул)га эҳтиёж сезмайди”[2]
Замонавий шаклдаги сукук эмиссияси учун 1978 йилда Иордания ва 1980 йилда Покистонда уринишлар бўлган. Аммо бозордаги инфратузилма ва шаффофликнинг етарли даражада бўлмаганлиги сабабли бу уринишлар муваффақиятсиз якунланган. Муваффақиятли ҳисобланган илк сукук 1990 йилда Малайзияда 125 миллион малайзия ринггити – 32,9 млн. АҚШ доллари қийматида чиқарилган. Шундан сўнг, 2001 йилга қадар бирор марта сукук чиқарилмаган.
Сукуклар XXI асрга келибгина жадал ривожлана бошлади ва 2001 йилдан бошлаб ҳар йили эмиссия ҳажми ортиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Бугунги кунга келиб сукук жаҳон молия тизимида нисбатан янги молиявий восита сифатида жаддаллик билан ривожланмоқда.
Муаллиф: Сирожиддин Аброров
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
“Молия” кафедраси доценти,
иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
[1] Mohammed Imad Ali, Ikramur Rahman Falahi. Islamic banking and finance: principles and practices // Marifa Academy Private Limited, 2014. p161.
[2] Большаков О.Г. Средневековый арабский город. // Очерки истории арабской культуры V-ХV вв. М., 1982, С.191