Ислом тараққиёт банки ходими Муҳаммад Маҳир Маннаи Ўзбекистон банкларининг ислом банкчилигига қизиқиши, шунингдек, Ислом молиясининг Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлар учун аҳамияти ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўзбекистон банкларининг ислом банкчилигига қизиқиши
— Ислом молияси бўйича тажриба ва кузатишларимизга асосланиб шуни айтишимиз мумкинки, у икки омил асосида ривожланиши мумкин.
Биринчиси, қачонки ҳукумат Ислом молиясини ўзи тарғиб қилса ва одамларни шунга ундаса, қонунчилик, тартиб ва низомларни ишлаб чиқса, марказий банк томонидан зарур инфратузилма яратилса, Ислом молияси ривожланади.
Иккинчидан, бу бозор талабидан келиб чиқади. Унда одамлар шундай хизмат ва маҳсулотларга талабгор бўладилар.
Очиғини айтсам, Ўзбекистонни кузатиб, шуни кўрдикки, бу ерда ушбу иккала омил ҳам мавжуд. Яъни марказий банк тарафидан Ислом молиясига кенг йўл очиш учун қизиқиш катта ва тушунишимизча, улар Ислом сўзига эмас, балки молиялаштириш соҳасига кўпроқ аҳамият беришмоқда. Охир-оқибат бу улар учун иқтисодиётга ёрдам берадиган муҳим молиявий инфратузилма бўлади. Чунки Ислом молияси ва анъанавий молия бир-бирини тўлдириб келади.
Менинг фикримча, бу ҳар қандай мамлакат учун жуда соғлом шароитдир, айниқса, ўз диний эътиқоди туфайли банк соҳасига яқинлашишни истамайдиган инсонларни иқтисодиётга жалб қилиш учун муҳим воситадир.
Ҳукумат ва марказий банкнинг Ислом молиясини кенгайтиришга бўлган қизиқишлари шу қатлам аҳолининг банк тизимида фаол иштирокини таъминлаш, уларни ҳам молия тизимига қамраб олиш учундир. Мен шуни тасдиқлайманки, Ўзбекистонда ушбу омилларнинг иккиси ҳам бор: ҳукумат ва аҳоли тарафидан бунга иштиёқ катта.
Биз марказий банк ва масъул шахслар билан учрашиб шунга амин бўлдикки, улар бундан беҳад мамнун ва Ислом молиясини тўғри тартибда ва марказий банк назорати остида амалга оширишга истак билдирмоқдалар. Ҳозирда улар бунинг устида иш олиб бормоқда, дунёнинг турли мамлакатларидаги тажрибани ўрганган ҳолда аҳоли талабига энг мос келадиган услубни ахтаришмоқда.
Энди биз мижозларнинг талабига келсак, уни банклар орқали баҳолаш мумкин. Бу ерда банклар мижозларнинг талаби ва мулоқотга киришишга тайёр бўлганлари боис улар бундай Ислом молияси дарчаларини очишга, ислом банклари тузишга жуда иштиёқмандлар. Улар мижозларнинг талабидан келиб чиқиб, яъни ислом тамойиллари асосида молиялаштиришга бўлган талаб юқорилигини сезгач, шу қарорга келдилар ва биз ҳам – Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорацияси сармоя ажратиш орқали буни синаб кўрганмиз.
Музаффар Низомиддинов Ўзбекистонда ушбу лойиҳа ва ташаббусни бошқариб келмоқда. Бизнинг ташкилотимиз бунда Ўзбекистон банкларини шариатга мос молиялаштириш усулида маблағлар билан таъминлайди. Биз бундай молиялаштириш услубига, айниқса, оддий одамлар тарафидан катта қизиқишни кўрмоқдамиз.
Биз Ўзбекистонни ташкилотимиз билан ҳамкор мамлакатлар ичида энг муваффаққиятли давлатлар сирасида кўрмоқдамиз. Яна таъкидлайманки, икки тарафдан ҳам талаб бирдек юқори, яъни ҳукумат ҳам, одамлар ҳам Ислом молиясига катта қизиқиш билдиришмоқда. Бу ерда аҳоли сонининг катта қисми мусулмонлар эканини эслатиш шарт эмас.
Ислом молиявий хизматларига талаб мусулмонлар ўртасида юқори бўлиши табиий ҳолат, лекин мен яна бир бор Ислом молияси фақат мусулмонлар учун эмас, балки номусулмонлар учун ҳам хизмат қилишига урғу бермоқчиман.
Тўғриси, бундай тушунмовчилик халқ орасида мавжуд. Мен сизга бир неча мисол келтиришим мумкин, Сингапурда мусулмонлар кўпи билан 5 фоизни ташкил қилади, бироқ Ислом молияси Сингапурда гуркираган, айниқса, “Сукук” ва шу каби молиявий хизматлари.
Ислом молиясининг мусулмон бўлмаганлар учун қизиқарли жиҳатлари
— Айтганимдек, буларга эришиш учун сизга билимли кадрлар, Ислом молиясини ўргатадиган ташкилотлар, магистр бакалаврларни тайёрлайдиган юқори савияли университетлар, бизнес бошқаруви соҳаси керак. Шунингдек, мамлакатингиздаги назорат қилувчи орган – марказий банкнинг фаолият услуби ҳам Ўзбекистоннинг устун жиҳатларидан биридир. Мамлакатингизнинг яна бир устунлиги шундаки, сиз соҳани татбиқ қилаётган илк мамлакат эмассиз, балки сизларда ушбу тизимни жорий қилган бошқа мамлакатлар тажрибасининг салбий ва ижобий жиҳатларидан самарали фойдаланиш имконияти бор. Дунё мамлакатларида Ислом молиясида жорий қилишда турли усуллар ва моделлари бор.
Малайзиядаги икки тизимлилик бизнинг тажрибамиздаги мақбул усуллардан бири ҳисобланади. Уларда битта марказий банкнинг қўл остида тўлиқ Ислом банклари тизими ҳам, тўлиқ анъанавий банклар тизими ҳам мавжуд. Бу одамларга танлов қилиш эркинлигини беради. Агар улар ислом банклари хизматлардан фойдаланишса ёки анъанавий услубни танлашса барчани банк тизими қамраб олади. Бунда ресурслардан самарали фойдаланилади ҳамда солиқларнинг келиб тушишини ҳам максимал даражада оширишади. Чунки бунда ҳамма яхлит бир тизим ичида ҳаракатланади.
Ривожланаётган давлатлар учун Ислом молияси аҳамияти
— Ўзбекистонга ва ривожланаётган давлатлар иқтисодиётига берадиган маслаҳатим шуки, Ислом молияси – қишлоқ хўжалиги ва саноати яхши бўлган мамлакатлар учун ажойиб воситадир. Чунки ислом молияси реал иқтисодиёт ривожланиши ва унинг молия сектори билан мувозанатда бўлиши учун қулай муҳит яратиб беради. Илло, анъанавий иқтисодиётда фоизлар келтириб чиқарган бўш пуфакларнинг ёрилиши оқибатларини бартараф этиш учун доимий равишда инқирозлар циклини бошдан кечиришга мажбурмиз.
Исломий молия хизматларидан маҳсулот сифатида тақдим этишни истаганлар учун иккинчи маслаҳатим шундан иборатки, Ислом молияси асосида хизмат тақдим этяпман, деб ўтиришнинг ўзи етарли эмас. Балки Ислом банклари анъанавий банклар билан рақобат қила оладиган янги маҳсулот турларини жорий қилишда, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишда илғор бўлишлари даркор.
Стандарт маҳсулотларни таклиф қилиб, ухлашимиз ва турган жойимизда қотиб қолишимиз керак эмас. Аксинча, мижозларга яхши хизмат ва маҳсулотлар керак. Мижозлар учун икки ёки уч битимдан ташкил топган мураккаб ва фойдали маҳсулотларни тақдим қилинг. Бу молия мижозларга қулай тўлов шартлари, пул оқимларига мос келадиган маҳсулотларни ишлаб чиқишга имкон беради.
Музаффар Ҳусниддинов суҳбатлашди.