Марокаш Қироллигида Ислом молияси ривожланишига бағишланган мақоламизнинг биринчи қисмида Ислом молиясининг мамлакатда илк шаклланиш босқичи ҳамда Ислом молия маҳсулотларини амалиётга жорий этиш бўйича дастлабки уринишлар ҳақида сўз юритган эдик. Мақоланинг ушбу қисмида эса дастлабки уринишнинг муваффақият қозона олмагани, ҳаттоки тўхтаб қолишига сабаб бўлган бир нечта омилларни саниб ўтмоқчимиз. Агар биз Ислом молиясини иқтисодиётимизнинг таркибий қисмига айлантирмоқчи бўлсак, мақолада кўриб чиқилаётган хатолардан тўғри хулоса чиқаришимиз керак бўлади.
Муқобил маҳсулотлар сифатида танилган биринчи ислом молия маҳсулотлар амалиётга жорий этилгандан сўнг, ҳукумат ушбу турдаги маҳсулотларга қизиққан кўплаб мижозлар пайдо бўлишини кутган эди, аммо натижалар бундай бўлиб чиқмади. Бундай муваффақиятсизликка турли чекловлар сабаб бўлганлиги айтилади. Уларга мисол қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин:
1) Муқобил маҳсулотларни оммалаштириш
«Муқобил маҳсулотлар»ни оммалаштириш Марокашда ушбу маҳсулотларнинг ривожланиши ва муваффақияти учун муҳим омил ҳисобланарди. Бироқ, ушбу маҳсулотларнинг “исломий” эмас, балки “муқобил” сифатидаги мавқеси ўз-ўзидан эҳтимолий харидорлар орасида ноаниқликларни келтириб чиқарди. Зеро, Марокаш марказий банки ушбу маҳсулотларни оммага танитишда реклама компаниялари учун диний атамалардан фойдаланишни тақиқлади, бунинг натижасида Ислом молия маҳсулотлари тўғрисида оммага ва тадбиркорларга етарли маълумот етиб бормади.
2) «Муқобил маҳсулотлар»нинг татбиқ этилиши анъанавий банклар орқали содир бўлди.
Ушбу маҳсулотларни кенг ёйиш уларни ўз ёрлиғи остида тақдим этишни маъқул кўрмаган анъанавий банклар орқали амалга оширилди. Натижада, анъанавий банклар Марокаш аҳолиси орасида рибо асосида ишловчи банклар сифатида танилгани ва шунинг сабабли бу муассасалар томонидан чиқарилган ҳар қандай маҳсулот тўлақонли шаръий эмас, деб ҳисобланиши бу маҳсулотларнинг тез оммалашишига йўл қўймади.
3) «Муқобил маҳсулотлар»ни солиққа тортишдаги муаммолар
Марокашда муқобил маҳсулотлар учун солиқ нейтраллигининг йўқлиги уларнинг ривожланишига яна бир тўсиқ бўлди. Икки маротаба олинган солиқлар муқобил маҳсулотларни қимматлаштирди, шунингдек ортиқча тўланган солиқларни қайтариб олишдаги муаммолар мазкур маҳсулотлар анъанавий банклар тақдим этаётган маҳсулотларга қараганда анча қиммат бўлиши сабаб жозибадорлигини йўқотди.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Молия бошқарув органлари 2009 йилги молия қонунчилиги доирасида янги чора-тадбирларни қабул қилишади, бу эса банк мулкни сотиб олиш вақтида тўланадиган 4% лик рўйхатга олиш тўловларини, ва бунинг натижасида икки маротаба солиққа тортилиш ҳолати пайдо бўлишининг олдини олди. Кейинчалик, 2010 йилги Молия қонунида, ушбу муқобил маҳсулотларни солиққа тортмаслик бўйича бир қатор тузатишлар киритилди.
4) Муқобил маҳсулотларнинг шариатга мувофиқлиги
Уламолар Олий Кенгаши Марокашдаги энг асосий диний ҳокимият идораси бўлиб, унга мамлакат қироли Муҳаммад VI раислик қилади. Уламолар Олий Кенгашининг асосий вазифаси диний сиёсатни қўллаб-қувватлашдир. Марокашда муқобил маҳсулотларни ишга тушириш Уламолар Олий Кенгаши аъзоларининг таклиф қилинган молиялаштириш ечимлари бўйича қарорлари билан қўллаб-қувватланмади.
Муқобил маҳсулотларнинг шариатга мувофиқлиги масаласи турли фикрларни келтириб чиқарди ва Уламолар Олий Кенгаши аъзолари бу масалада икки гуруҳга: мўтадил тарафдор ва ашаддий қарши гуруҳларга ажралиб қолишди. Бир томондан, биринчи гуруҳ диний тамойилларни қўллашда замонавий ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни инобатга олиб, маҳсулотларни шариатга мослаштиришга ҳаракат қилишди. Улар ўз танловларининг тўғрилигини исботлашда асосий молиявий қоидаларга таянар эдилар. Иккинчи томондан, шариат қоидаларига фундаментал муносабатда турган уламолар, бу маҳсулотларнинг тузилиши шариатга тўғри келган тақдирда ҳам, уларни диний нуқтаи назардан “ҳалол” деб ҳисоблаш мумкин эмас, чунки уларнинг манбалари шариатга тўғри келмайдиган анъанавий банклардан келади, деган хулосани бердилар. Уламолар Олий Кенгашининг муқобил маҳсулотлар бўйича фикрлари якдил бўлмагани учун мижозлар мавжуд икки таклиф ўртасида ўз диний эътиқодига кўра танлов қилишларига тўғри келди.
5) Банклар иштирокининг етишмаслиги
Mуқобил молия маҳсулотларида банкларнинг иштироки уларнинг Марокаш банк тармоғида муваффақияти ва ривожланишида муҳим омилдир. Бироқ, Марокашнинг ислом молия саноатидаги биринчи тажрибаси бу банкларнинг ҳақиқий қизиқишини кўрсатмади. Марокаш марказий банкининг рухсатидан сўнг, мамлакатдаги банклар ушбу янги молия саноати билан шуғулланишга шошилмадилар, фақат тўртта банк (Banque Populaire du Maroc (PB), Banque Marocaine du Commerce Extérieur (BMCE), Banque Marocaine du Commerce et de l’Industrie (BMCI) ва Attijari WafaBank (AWB)) муқобил маҳсулотларни йўлга қўйишни бошладилар, бироқ бу банклар ҳам барча рухсат этилган муқобил маҳсулотларни молия бозорига олиб чиқишмади.
(Давоми бор)