Савол:
“Юсуфнинг ўртача катталикдаги бизнеси бор эди. Икки ўғли унга бизнес билан шуғулланишда ёрдам берарди. Икки қизи эса турмушга чиқиб кетишганди. Бир куни Юсуф вафот этди. Унинг бойликлари эса дарҳол меросхўрларга тақсимлаб берилмади, балки Юсуфнинг икки ўғли бизнесни давом эттирди. Ниҳоят, орадан ўн йил ўтгач бизнесни тугатиш ва ҳар бир кишига ўз улушини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Юсуф вафот этганида 1 000 000 долларлик бўлган бизнес айни пайтда икки миллион деб баҳоланмоқда.
1.1 Бизнесдаги улушлар қандай ҳисобланади? Юсуф вафотидан кейин ўн йил мобайнида бизнес билан шуғулланмаган, лекин меросхўрлар ҳисобланувчилар пассив шериклар деб қараладими ва шу сабабли улар 2 миллиондан улуш олиш ҳуқуқига эга бўладими ёки сўнгги ўн йил ичида икки ака-ука юритган бизнес уларга омонат сифатида қаралиб, бошқа меросхўрларнинг улушлари 1 миллион доллардан ҳисоблаб чиқариладими?
1.2 Агар бизнесдан ташқаридаги меросхўрлар сўнгги ўн йил давомида доимий равишда ўз улушларини талаб қилсалар, лекин бизнес билан шуғулланувчилар томонидан эътибор берилмаган бўлса, бу инобатга олинадими? (яъни, бу ҳолатда Юсуф вафотидан кейин ҳеч бир меросхўр ўзларининг меросдаги улушлари ҳақида ҳеч қандай сўз айтмаган ва бу масала ўн йилдан кейин биринчи марта кўриб чиқилган вазиятдан фарқ қиладими?)
1.3 Агар улушлар Юсуф вафотидан сўнг дарҳол тақсимланган бўлса, лекин бизнесни юритувчи меросхўрлар назоратдан воз кечмаган ва кейинги ўн йил давомида бизнесни бошқаришда давом этган ва бошқа меросхўрларнинг улушларини тўламаган бўлса, масаланинг ечими қандай бўлади?
💬Жавоб:
Ушбу саволларга Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг жавоби:
Вафот этган шахснинг меросхўрлари унинг ўлимидан сўнг дарҳол унинг барча мулкини шариатда кўрсатилгандек ўзаро тақсимлашлари фарздир. Ачинарлиси шундаки, бугунги кунда аксарият мусулмонлар бу борада шариат қоидаларига амал қилмаяптилар ва уларнинг бепарволиги марҳумнинг меросхўрлари ўртасида жиддий келишмовчиликларга сабаб бўлиб, вақт ўтиши билан муаммолар янада мураккаблашиб бормоқда.
Юқорида баён қилинган ҳолатда, Юсуфнинг икки ўғли оталарининг қонуний меросхўрлари ўртасида мулкни тақсимлашлари ёки ҳеч бўлмаганда улар билан келишувга эришиб, ё бошқа меросхўрларнинг улушларини сотиб олишлари ёки улар билан ҳамкорликда муайян шартлар асосида бизнесни давом эттиришлари керак эди. Агар улар буни қилмаган бўлсалар, улар бизнесни давом эттиришлари ва бошқа меросхўрларнинг капиталини ўз манфаати учун ишлатишлари жоиз бўлмаган.
Демак, бошқа меросхўрларнинг улушларидан ҳисобланган барча даромадлар уларга (икки ака-укага) ҳалол бўлмайди, яъни улар бошқа меросхўрларнинг улушлари ҳисобидан тўплаган мол-мулклари уларга ҳалол бўлмайди. Ака-укалар ўз улушлари ҳисобига олинадиган фойдадан баҳраманд бўлишлари мумкин, лекин улар шариатга кўра қолган меросхўрларнинг улушларига тегишли барча фойдани ўз эгаларига топширишлари керак.
Қолган меросхўрлар ўз улушларини талаб қилганларми ёки йўқми, фарқи йўқ, ҳар бир меросхўрнинг бизнесдаги улушини ажратиб бериш / тўлаш ёки улар билан ҳисоб-китоб қилиб масалани ёпиш бу икки ўғилнинг бурчи эди. Бошқаларга тегишли улушдан уларнинг рухсатисиз фойдаланишлари жоиз эмас.
Бироқ, бу икки биродарни бизнеснинг фаол шериклари сифатида қабул қилиш ва қолган меросхўрларни пассив шериклар сифатида қабул қилиш орқали улар ўртасидаги муроса қилиш иккала томоннинг манфаати учун тавсия этилади. Бундай ҳолда, фойданинг қўшимча улуши ишчи шерикларга уларнинг меҳнат қилгани ҳисобига рухсат этилиши мумкин, қолган меросхўрлар эса фойданинг камроқ қисмини оладилар. (Пассив шериклар одатда шундай қиладилар).
Хулоса қилиб айтганда, бошқа меросхўрларнинг улушлари фақат бир миллиондан ҳисобланиши ҳақидаги қараш на шариат нуқтаи назаридан, ва на адолат нуқтаи назаридан қабул қилиниши мумкин эмас. Бу ҳолатда шариатнинг умумий тамойили шундан иборатки, ака-ука умумий фойданинг фақат ўзларининг меросдаги улушларининг мос қисмига ҳақдордир, қолган фойда эса қолган меросхўрларнинг ҳар бирига уларнинг улушларига кўра топширилиши керак. Бироқ, иккала томон ҳам бизнесга барча меросхўрлар ўртасидаги шериклик сифатида муносабатда бўлиш орқали муроса қилиши ҳам мумкин, бунда бизнесни юритувчи икки ўғилнинг фойдаси бошқа шерикларга нисбатан меҳнат қилганликлари туфайли кўпроқ бўлиши мумкин. Бундай муроса кўпроқ маъқул бўлади, чунки бу ечим саволда кўрсатилган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда адолатлироқ кўринади.