Табиатига кўра ғарар кўп, ўртача, ёки оз даражада бўлиши мумкин.
Оз даражадаги ғарардан шартнома мавзуси (предмети) дан келиб чиққан ҳолда қочиб-қутилишни иложи бўлмагани учун унга шариатда рухсат берилади. Ғарарнинг бундай даражаси шартнома тузувчи томонларга катта йўқотиш ёки зарар келтириб чиқармайди. Яъни оз даражадаги ғарар шартноманинг яроқлилигига салбий таъсир ўтказмайди.
Айрим уламолар оз даражадаги ғарарни сақланиш мумкин бўлмаган ғарар, деб ҳам номлаганлар. Чунки баъзи келишувларда бундай кичик ғарардан сақланишнинг иложи бўлмайди. Мисол учун, мардикорга кунлик иш ҳақи тайин қилиш. Бунда мардикорнинг қанча миқдорда иш қилиши ноаниқ, шу билан бирга, ноаниқликдан сақланиш жуда қийин. Кишилар бундай келишувларга муҳтож бўлганликларидан унга ижозат берилган. Бунга ижозат берилмаса, кўпчиликнинг иши битмай қолади.
Оз даражадаги ғарарга яна қуйидагилар мисол бўла олади:
🔷 Ижара шартномасида, одатда, ижара ҳақи ойбай келишилади. Лекин ойлардаги кунлар сони бир-биридан фарқ қилиши мумкин (масалан, февраль ойи 28 ёки 29 кун бўлиши мумкин, март ойи эса 31 кундан иборат). Аниқ кунлар сони келишилмаса-да, ойлик ижара нархи келишилгач, бунга эътибор берилмайди.
🔷 Уй олди-сотдисида харидор уй ҳақида тўлиқ маълумот ололмаслиги мумкин, масалан, деворларнинг қалинлиги, пойдеворининг чуқурлиги каби соҳа мутахассисларигина биладиган тафсилотларини билмасдан туриб ўша уйни сотиш ёки сотиб олиш мумкин. Муҳими уйнинг асосий хусусиятлари, нархи, ҳолати томонлар учун аниқ.
🔷 Ҳомиладор ҳайвоннинг савдоси ҳам жоиз, гарчи сотувчи унинг ҳомиладорлигини билмаса ҳам ёки билган тақдирда ҳомиланинг жинсини билмаса ҳам савдо тўғри бўлаверади. Бу даражадаги ғарарга ҳам рухсат берилади. Эътибор бериш лозим бўлган нуқта – ҳомила онасидан алоҳида сотилмаслиги лозим.
🔷 Бир киши фарзандига эмизиш учун энага ёлласа, фарзанди қанча сут эмишини аниқ билмайди. Лекин ойлик тайин қилаверади. Бу ҳолатдаги ноаниқликка ҳам шариатда рухсат берилади.
🔷 Жамоат ҳаммомидан фойдаланишда ҳам ғарар мавжуд, чунки ким қанча сув ишлатиши, одатда, турлича бўлади. Лекин тўлов барчага бир хил бўлиши мумкин. Умумий ҳолда, бу турдаги ғарарга ҳам рухсат берилади.