Ҳар доим ҳам биринчи бўлиш муваффақиятга олиб келавермаслиги мумкин. Олдинда кетаётганларнинг қилган хатоларини орта кетаётганлар ҳам такрорласа, оқибати бир хил бўлиши табиий. Аксинча, хато қилганларнинг хатоларини тўғри баҳолаш ва керакли хулосалар чиқара олиш, камроқ йўқотишлар эвазига яхшироқ натижага эришиш имконини беради.
Шу ўринда айтиш мумкинки, ислом молияси ва банкчилигини юртимизда жорий этиш бўйича сай-ҳаракатлар сўнгги пайтларда анча жонланиб қолди. Велосипедни қайтадан кашф қилиш шартмас, деган иборага амал қилинадиган бўлса, ислом молия тизимини мамлакат иқтисодиётига татбиқ этиш бўйича мавжуд 40-50 йиллик амалий тажрибаларни таҳлил қилиб, улардан тегишли хулосалар чиқариш лозим. Бу вақт давомида турли давлатлар ислом молиясига нисбатан турлича ёндашдилар. Масалан, Покистон, Судан, Эрон каби давлатлар бутун банк-молия тизимини бирданига ислом молияси тамойиллари асосидаги тизимга алмаштирмоқчи бўлишди. Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони, Буюк Британия каби мамлакатлар икки томонлама тизимни танладилар, яъни мавжуд анъанавий молия тизимини рад этмаган ҳолда, ислом молия муассасалари фаолият юритиши учун керак бўлган ҳуқуқий асос яратдилар ва бу соҳа ривожини эркин бозор механизмларига боғлаб қўйди. Туркия ва Оман давлатлари ислом молиясини юқоридаги мамлакатларга қараганда бироз кечроқ жорий этган бўлсалар-да, ҳозирги кунга келиб ислом молия тизими энг тез ривожланаётган бозорга эга бўлдилар.
Эътиборингизга россиялик молиячи, таҳлилчи, мамлакатда ислом молияси тамойилларига мувофиқ фаолият кўрсатадиган тузилма – “Амал” молия уйининг молиявий директори Ренат Эдихановнинг Қозоҳғистонда ислом молияси ва унинг ривожланишидаги тўсиқларга бағишланган мақоласини тақдим этмоқчимиз.
Қозоғистонда ислом молияси
Қозоғистон собиқ иттифоқ мамлакатлари ичида биринчи бўлиб ислом молия тизими учун ҳуқуқий асос яратган мамлакат ҳисобланади. Ислом банкчилиги ва ислом молияси тўғрисидаги қонун 2009 йил 12-февралда қабул қилинган. Ўтган 12 йил давомида мазкур қонунга бир неча ўзгартириш ва тузатишлар киритилган. Қонунга мувофиқ ҳар бир ислом банкида унинг фаолиятини назорат қилиб турадиган Шариат кенгаши мавжуд бўлиши белгиланган. Ҳозирги кунга келиб ислом қимматли қоғозлари (сукук) махсус молия компаниялари томонидан чиқарилиши мумкин. Шунингдек бошқа ислом молия маҳсулотлари билан бир қаторда, Таварруқ амалиётларига ҳам рухсат берилган, (таварруқ амалиёти ҳақидаги мақоламизни ушбу ҳавола орқали очиб ўқишингиз мумкин) деб ёзади Ренат Эдиханов.
Муаллифнинг таъкидлашича, Қозоғистонда ислом молиясининг ривожланиши тескари тенденцияни гавдалантирган, яъни ўсиш қуйидан юқорига қараб эмас, балки юқоридан қуйига томон бўлган. Қонунчиликка доир барча ўзгартиришлар шахсан биринчи президент Н.Назарбоев ташаббуси билан амалга оширилган. Бундай сиёсий ирода ҳар қандай мамлакатда ислом молия тизимининг муваффақиятли татбиқ этилиши учун етарли омил бўла олади, аммо Қозоғистонда бу ишламади.
Қонун қабул қилинганига 12 йил тўлган бўлса-да, мамлакатдаги 28 та банкдан бор-йўғи 2 таси – «Ал-Ҳилал» (Абу Даби тижорат банкининг шўбаси) ва Заман Банк (маҳаллий банк) ислом банки ҳисобланади. Ислом банк активларининг Қозоғистон банк тизимидаги улуши 0,3 фоиздан паст. Ҳукуматнинг молия бозорини 2030 йилгача ривожлантириш режасига кўра, 2020 йилга келиб ислом банкларининг республика умумий банк тизимидаги улуши 3-5 фоизни ташкил этиши керак эди. Баъзи мутахассислар бу рақамни 10 фоиз деб баҳолашган. Бироқ ушбу тахминлар рўёбга чиқмади.
Маҳаллий мутахассислар Қозоғистонда ислом банкчилигининг жадал суръатларда ривожланиб кетмаганига қуйидаги муаммоларни сабаб қилиб келтиришади (таъкидлаш лозим, улар кўпчилик мамлакатлар учун умумий бўлган муаммолардир):
1. Малакали мутахассисларнинг етишмаслиги;
2. Мижозлар ўртасида ислом молияси бўйича билим ва тушунчаларнинг етишмаслиги;
3. Ислом молияси тамойилларини Қозоғистон қонунларига мослаштиришнинг қийинлиги;
4. Ислом молия маҳсулотлари бухгалтерияси бўйича ҳал этилмаган муаммоларнинг мавжудлиги;
5. Солиқ қонунчилигига мувофиқ ислом молия хизматларини солиққа тортишдаги ноаниқликлар.
Энди эса, ушбу санаб ўтилган муаммоларга бирма-бир тўхталиб ўтамиз:
1. Малакали мутахассисларнинг етишмаслиги
Қозоғистон дунёвий давлат деган қарашдан келиб чиққан ҳолда, ислом молияси бўйича қонун муаллифлари соҳага оид арабча атамалардан халос бўлишга қарор қилганлар ва уларнинг ўрнига мамлакатда қабул қилинган муқобил атама ва тамойиллардан фойдаланганлар. Бундай қарор ислом молияси бўйича мутахассисларга бўлган талаб сезиларли даражада камайишига олиб келди, чунки яхши молиячи ва бухгалтерлар янги тизимни бемалол ўзлаштириб, унга мослашиши мумкин, чунки бундай мутахассислар мамлакатда қабул қилинган ва ўзлари доимий равишда ишлатадиган ҳисоб-китоб/бухгалтерлик стандартларига қўшимча равишда – AAOIFI (Ислом молия муассасаларининг бухгалтерлик ҳисоби ва аудити ташкилоти) стандартларини қабул қилиб ишлатаверишади, Шариат кенгаши эса барча амалиётларни текширади ва тасдиқлайди, бу жуда мураккаб жараён эмас деган фикр ҳосил бўлди.
2. Мижозлар ўртасида ислом молияси бўйича билим ва тушунчаларнинг етишмаслиги
Ислом молияси тамойиллари яширин тўловлар (hidden fees) ва пенялар қўллашни тақиқлайди. Шу сабабдан (масалан, Малайзияда) ислом молияси хизматлари нафақат мусулмонларга, балки яхши ҳисоб-китоб қила оладиган бошқа дин вакилларига ҳам таклиф қилинади. Шуни таъкидлаш керакки, 2019 йилда «Ал-Ҳилол» банк ва «Заман банк»нинг рекламага йўналтирилган умумий харажатлари 22,400 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, Қозоғистоннинг энг яхши учта анъанавий банки 19,5 млн. АҚШ доллари сарф қилган. Агар сиз реклама қилмасангиз, ҳеч ким сизнинг маҳсулотингизни ҳақида билмайди. Агар ҳеч ким билмаса, улар ислом молиясини тушунадими-йўқми, бунинг катта аҳамияти йўқ. Баъзилар учун кечиктирилган тўловлар учун пеняларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги маҳсулотнинг ислом молиясига мувофиқ ёки анъанавий бўлишидан кўра муҳимроқ бўлиши мумкин.
3. Ислом молияси тамойилларини Қозоғистон қонунларига мослаштириш муаммолари
2009 йилда қабул қилинган қонун ислом молияси маҳсулотларининг аксарият қисмини амалиётга татбиқ этиш мумкинлигини кўрсатиб берди. 12 йил олдин қабул қилинган ушбу қонун ҳақиқатда ҳам, ўша замон ва макон учун инқилобий даражада эди. Қонунни вақт ўтиши билан янада мослашувчан бўлмагани учун айблаш керак эмас.
4. Ислом молия маҳсулотлари бухгалтерияси бўйича ҳал этилмаган муаммолар;
Бу жуда арзирли муаммолардан эмас. Чунки қонун билан рухсат этилган ҳар қандай фаолиятнинг, у учун бухгалтерия ҳисобининг ўзига хос қоидаси бор ёки йўқлигидан қатъий назар, бухгалтерия ҳисобини юритиш мумкин.
5. Солиқ қонунчилигига мувофиқ ислом молия хизматларини солиққа тортишдаги ноаниқликлар
Солиқ кодексига мувофиқ қуйидаги амалиётлар мавҳумлигича қолмоқда:
– Муробаҳа ва таварруқда ислом банки томонидан қўйиладиган фойда/устаманинг Қозоғистон солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСдан озод этилиши;
– Ижара маҳсулотида фойда даражаси/маржанинг ҚҚСдан озод этилиши;
– Ислом молиясига мувофиқ амалга оширилган инвестициялардан олинадиган фойда/устаманинг ҚҚСга тортилиши.
Хулоса
Қозоғистонда ислом молиясини ривожлантириш бўйича ҳеч қандай арзирли тўсиқ йўқ, хоҳиш-истак бўлса бўлди.
Кўплаб ижобий ва нейтрал ривожланиш омиллари мавжуд бўлишига қарамай, ислом молия саноатининг 10 йилдан ортиқ вақт давомида турғун ҳолатда эканлигини тушуниш қийин.
Оддий банкларга ишониб, улар билан муносабат қилиб ўрганган одамлар бир кеча-кундузда ҳамма нарсани ташлаб, шариатга риоя қиладиган иккита номаълум ташкилотнинг мижози бўлишга интилишларини тасаввур қилиш қийин.
Ислом молияси дин эмас, бу молиявий фаолият. Демак, ислом молияси хизматлари нафақат мусулмонларга, балки ҳар қандай инсонга тақдим этилиши мумкин.
Хуллас биз кутишда ва умид қилишда давом этамиз.
Диққат!
Мақола муаллифининг фикрлари “Ислом Молияси” лойиҳаси муаллифлари фикрига мувофиқ келмаслиги мумкин.