Одатда анъанавий молия муассасалари корхона айланма маблағларини шакллантириш учун уларга махсус кредит ҳисоб рақами очишади ва корхоналар ўша кредит ҳисоб рақамидан турли миқдордаги маблағларни заруратга қараб олиб туришади ва бир пайтнинг ўзида фойдаланимаётган маблағлар ўша ҳисоб рақамига қайтарилади. Кредит бўйича фоизлар жалб қилинган маблағларнинг кундалик қолдиғи асосида ҳисобланади. Бу жараён шартнома муддати келиб, молия муассасасидан олинган барча маблағлар қайтаримагунча давом этади. Бундай молия амалиётидан асосан савдо ташкилотлари фойдаланишади. Хўш, шу каби молиявий амалиётни мушорака ёки мудораба шартномаларидан фойдаланган ҳолда қўллаш ҳам мумкинми? Албатта, бу каби молиявий амалиёт янги пайдо бўлганлиги сабабли, ислом фиқҳи бўйича авваллари ёзилган китобларда учрамаслиги табиий. Шу билан бирга, мушораканинг асосий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, молиялаштиришнинг қуйидаги усули таклиф қилиниши мумкин:
(i) Бизнес бошқаруви учун олинган фойдадан муайян улуш ажратиш зарур;
(ii) Фойданинг қолган қисми сармоядорлар орасида тақсимланиши керак;
(iii) Зарар кўрилган тақдирда сармоядорлар ўзлари киритган сармояга мос равишда зарар кўрадилар;
(iv) Мушорака битими доирасида очилган ҳисоб рақамига киритилган маблағларнинг ўртача кундалик қолдиғи ҳисоблаб борилади ва ушбу маблағлар молия муассасасининг сармоядадаги улуши сифатида кўрилади;
(v) мушорака битими доирасида кўрилган фойда кундалик қолдиқ асосида ҳисобланади ва томонлар ўртасидаги келишувга кўра тақсимланади.
Амалда, мушорака бўйича ҳисобланаётган фойда, ҳар куни ишлатилган сармояга бўлинади ва бунда ҳар бир киритилган сўм ёки доллардан олинган ўртача фойда келиб чиқади. Ушбу ўртача кўрсаткич сармоядорнинг маблағлари неча кун давомида бизнесда “айланган” бўлса ўшанча кунга кўпайтирилади ва шу орқали унинг (яъни сармоядорнинг) фойдадаги кундалик улуши (тўғрироғи фойдага нисбатан ҳуқуқи) аниқланади.
Агар томонлар шундай шартнома имзоласалар, у ҳолда бу мушораканинг асосий тамойилларига зид бўлмайди. Аммо барибир бундай амалиёт ислом ҳуқуқшунослари томонидан кўриб чиқилиши керак.