Мудораба шартномаси одатда мудориб томонидан бизнесга маблағ киритилишини кўзда тутмайди. Мудориб фақат бизнесни бошқариш учун жавобгар бўлса, Робб ул-мол бизнесни сармоя билан таъминлашга масъул бўлишини мақоламизнинг аввалги қисмларида кўриб чиқдик. Аммо баъзида мудориб ҳам бизнесга сармоя киритишни истайди, ана шундай ҳолатларда мушорака ва мудораба шартномалари бирлашади.
Мисол учун: А томон В томонга мудораба бизнеси доирасида $1000 беради, В томон ҳам А томоннинг розилиги билан ўзининг $500 пулини шу бизнесга киритади. Мана шу, мушорака ва мудорабанинг бирлашуви ҳисобланади.
Бундай ҳолатда мудориб ўзи киритган сармоя учун муайян улуш, ҳамда бизнесни бошқаришдаги фаолияти учун яна маълум улуш талаб қилиши мумкин. Одатда, бундай шартнома доирасида фойданинг учдан бирини мудорибга унинг бизнесдаги улуши ҳисобидан (сармоядор сифатида) берилади, қолган икки қисми эса ўртада бўлиб олинади. Аммо томонлар бошқача тақсимотни кўзда тутувчи шартнома имзолашлари ҳам мумкин. Бунда ягона шарт – бошқарувда иштирок этмаётган (яъни фаол бўлмаган) томоннинг фойдадаги улуши унинг ўзи киритган сармоя нисбатидан кўпроқ бўлиши мумкин эмас.
Демак, ушбу мисолдаги ҳолатда А томон ўзига фойданинг учдан икки қисмигачагина олиши мумкин, чунки унинг бизнесдаги улуши шунча. Агар улар фойдани тенг бўлишга келишишса, у ҳолда олинган фойданинг учдан бири мудорибга унинг бизнесдаги улуши ҳисобидан берилади, унинг бошқарувчи сифатидаги фаолияти учун эса қолган учдан икки қисм фойданинг чорак қисми берилади. Қолган барча фойда (яъни умумий фойданинг ярми) Робб ул-молга берилади.