ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ
Ислом тараққиёт банки (ИТБ) халқаро молия ташкилоти бўлиб, 1973 йилнинг 18 декабрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари молия вазирлари йиғилишининг қарорига кўра таъсис этилган ва 1975 йил октябрь ойида ўз фаолиятини бошлаган (2014 йилнинг июнида ИТБ бошқарувчиларининг йиллик йиғилишида Банк фаолият бошлаганининг 40 йиллиги (ҳижрий ҳисоб бўйича) нишонланди).
ИҲТ аъзоси бўлган ҳар бир мамлакат ИТБ аъзоси бўлиш ҳуқуқига эга. Банк ташкил этилаётган вақтда унинг аъзолари 22 та мусулмон давлатидан иборат бўлган бўлса, ҳозирги вақтга келиб ИТБга иштирокчи аъзо давлатлар сони 57 тага етган. Ўзбекистон 2003 йилдан бери ИТБнинг аъзосидир.
Банкнинг асосий ҳиссадорлари: Саудия Арабистони, Ливия, Эрон, Нигерия, БАА, Қатар, Миср, Қувайт ва Туркия.
ИТБнинг бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. ИТБнинг ҳудудий ваколатхоналари 1994 йили Работ шаҳрида (Марокаш), ҳудди ўша йили Куала-Лумпур шаҳрида (Малайзия), 1997 йили Олма-Ота шаҳрида (Қозоғистон), ҳамда 2008 йили Дакар (Сенегал)да очилган. Шунингдек, ИТБнинг Миср, Туркия, Индонезия, Бангладеш ва Нигерияда ҳам ваколатхоналари бор.
ИТБнинг асосий вазифаси аъзо-мамлакатларда ислом дини талабларига мувофиқ бўлган ижтимоий ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашдир.
Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибига куйидаги ташкилотлар киради:
- Ислом тараққиёт банки – IsDB
- Хусусий тармоқни ривожлантириш буйича ислом корпорацияси – ICD;
- Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси – ICIЕС;
- Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси – ITFC;
- Тадқиқотлар ва тренинглар ислом институти – IRTI.
ИТБ гуруҳи кенг миқёсдаги фаолиятга жалб этилган, шу жумладан:
- аъзо-мамлакатларда қашшоқлик даражасини пасайтиришга кўмаклашиш;
- аъзо-мамлакатлар савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш;
- аъзо-мамлакатлар меҳнатга яроқли аҳолиси учун таълим дастурлари ва тадқиқотларни ташкил этиш;
- аъзо-мамлакатларга фавқулодда ҳолатларда ёрдам кўрсатиш;
- аьзо-мамлакатларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бошқа турли дастурларни амалга ошириш.
ИТБ аъзо-мамлакатларда давлат ва хусусий тармоққа қарашли йўллар, каналлар, тўғонлар, мактаблар, касалхоналар, уй-жойлар, қишлоқ туманларини ривожлантириш ва бошқа шу каби қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиради.
Ушбу лойиҳалар аъзо-мамлакатлар ижтимоий ҳамда иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади.
Ташкил топган вақтидан бошлаб ИТБ гуруҳининг бутун дунё бўйлаб молиялаштирган лойиҳаларнинг умумий қиймати 2019 йил якуни ҳолатига кўра 145 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида, ИТБ гуруҳи соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, мактаб ва коллежларни жиҳозлаш, автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш, давлат молия тизимида ислоҳотлар ўтказиш каби соҳалардаги лойиҳаларни (жаъми 86 лойиҳа) молиялаштириш учун 2 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш ҳақида қарор қабул қилган ва шундан 1,1 млрд. АҚШ долларидан зиёд қисми бугунги кунгача молиялаштирилган.
Бугунги кунда ИТБ томонидан Ўзбекистонга короновирус COVID-19 билан боғлиқ пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган лойиҳани амалга ошириш учун техник кўмак ажратиш устида ишлар олиб борилмоқда.
1 comment
Uzbekistan