Закот
Закот – мусулмонларга фарз қилинган молиявий ибодатдир. Закот, мулкдорларнинг йўқсиллар олдидаги қарзи бўлиб, бир йилда бир марта муайян даража – нисобга* етган ва закот тўланадиган** мол-мулкининг 2.5%ни эҳтиёжмандларга бериш орқали амалга оширилади.
Ушр
Ушр калимаси арабча сўз бўлиб, ўндан бир деган маънони билдиради. Ушр деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотларининг закоти. Яъни ҳосил йиғилган пайтда унинг ўндан бирини ёки ўндан бирнинг ярмини Аллоҳ учун шариат кўрсатган тарзда адо этиш фарз бўлади.
“Экин мева берганда ундан енгиз ва йиғим-терим пайтида экиннинг ҳаққини беринг”. (Анъом, 141).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Дарёлар ва булутлар суғорган ҳосилдан ушр берилади, туя билан суғорилган ҳосилдан ушрнинг ярми берилади”. (Муслим ривояти).
Демак, агар ҳосил ёмғир, сел, дарё, чашма, кўл сувлари каби ўзи оқиб келадиган сувлар билан суғориладиган бўлса ўндан бир, агар сувни ташиб келиб ёки сотиб олиб, меҳнат билан суғориладиган бўлса, ўндан бирнинг ярми, яъни ҳосилнинг йигирмадан бири миқдорда закот берилади***.
Ушрнинг одатдаги закотдан фарқи шуки, бу ерда йил ўтиши шарт қилинмайди. Балки ҳосил йиғилган куни ушр чиқариш вожиб бўлади. Агар ер бир йилда бир неча марта ҳосил берса, шунча марта ушр берилади.
Фитр (фитр садақа)
Фитр – Рамазон ҳайити намози вақти киргунча ҳар бир мусулмон томонидан муайян кишиларга (яъни закот олиши мумкин бўлган тоифаларга****) бериладиган, миқдори белгилаб қўйилган мажбурий садақадир (уламолар фитр садақасини Рамазон ҳайити куни ҳайит намозидан олдин бериш афзал дейишган).
Ўзи ва аҳли оиласининг кунлик егулигидан ортиқча нарсаси бўлган киши гарчи моли закотга етмаган бўлса ҳам фитр садақасини бериши вожиб бўлади. Закотдан фарқли ўлароқ, кишининг зиммасида қарзи бўлиши ҳам уни фитр садақасини беришдан ман қилмайди. Фитр садақаси ҳар бир юртда кенг истеъмол қилинадиган озуқа маҳсулотларидан чиқарилади. Масалан, бизда буни буғдой, гуруч, ун, майиз, ёғ, гўшт кабилардан чиқарса бўлади. Фитр садақаси ҳар бир киши учун кўрсатиб ўтилган егуликларнинг биридан бир соъ (2040-3000 грамм) миқдорида чиқарилади. Фитр садақасининг қийматини, яъни, егуликнинг ўзини эмас, унинг пулини бериш ҳанафий мазҳабига кўра жоиз.
Ушбу садақа, Аллоҳга шукр изҳори, Рамазон рўзасини тутишда йўл қўйилган хато-камчиликларни тўлдирувчи, ҳамда йўқсилларни хурсанд қилувчидир.
Фидя
Шариатда буюрилган маълум бир амал ўрнига мол сарфлаш «фидя» дейилади. Масалан, Рамазон ойи рўзасини ўта қарилик ёки тузалмас касаллик туфайли тута олмайдиганлар (ёки уларнинг яқинлари) бунинг учун фидя берадилар.
Фидя бир камбағалнинг бир кунлик ўртача тирикчилигини таъминлайдиган овқат миқдори бўлиб, унинг ҳажми таом ёки унга тўғри келадиган пул бирлигида белгиланади (бунда ҳар бир жойнинг иқтисодий-маиший шарт-шароитидан, урф-одатидан келиб чиқилади). Ҳар кунлик фидянинг миқдори фитр садақаси миқдоричадир.
Каффорат
Каффоратни адо қилиш, фарз бўлган Рамазон рўзасини қасддан бузганда вожиб бўлади (бунда рўзанинг қазоси ҳам тутилади). Каффорат вожиб бўлган одам қул озод қилишга (бу қоида қулдорлик замонлари учундир) қодир бўлмаса, пайдар-пай (яъни орасини узмасдан) икки ой рўза тутиши, бунга ҳам қодир бўлмаса олтмиш мискинга таом бериши шарт. Ҳар бир мискинга бир мудд (1843 грамм) миқдорида таом беради.
Каффорат, Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилгани учун тарбия чораси бўлиб, у билан гуноҳкор кишига гуноҳини ювиш имкони берилади, ҳамда мискинларга яхшилик қилинади.
Қурбонлик
Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш ҳур, оқил, муқим***** ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб амалдир. Қурбонлик вожиблигига далиллар:Аллоҳ таоло «Кавсар» сурасида: «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган. Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар. Қурбонликнинг гўштидан 1/3 (учдан бири)ни муҳтожларга бериш тавсия қилинган.
Маҳр
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр‑хотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир. Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони Каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган (бизда «маҳр» номи билан машҳур). Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади: «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4-оят). Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш ва тақдирлашнинг ажойиб кўринишидир.
Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади. Аёл маҳрни олганидан кейин уни нима қилса, ўзи билади, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим******.
Назр
Бир одам, шариат бўйича шарт бўлмаган, аммо маъсият ҳам бўлмаган бирор ишни, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ниятида ўзига лозим қилиб олишига, назр деб аталади. Мисол учун, Аллоҳ учун фалонча сўм садақа қиламан ёки Аллоҳ учун уч кун рўза тутаман, ёки бирор унчалик тўғри бўлмаган амални (масалан кўп гапиришни) бугундан бошлаб бошқа қилмайман каби. Назр, уни қилишни ўзига лозим қилган киши учун вожиб амал ҳисобланади.
Қарз (қарзи ҳасан)
Қарз, кимдир фойдаланиши ва қайтариб бериши учун берилган маблағдир. Албатта қарздор қарзини ваъда қилинган кунда ёки иложи бўлса ундан олдинроқ қайтариши керак. Олган қарзини мол-мулкини сотиб бўлса ҳам узиши шарт, чунки қарзни тўлашга қодир бўла туриб уни ўз вақтида тўламаслик ҳаром. Қарзни узиш зарурлиги исломда шу қадар кучли таъкидланганки, қарздан қутилиш учун садақа ёки закот сўрашга ҳам изн берилган. Чунки бу масала нафақат молиявий, балки маънавий мажбуриятдир.
Ноқонуний йўллар билан топилган даромад
Ноқонуний, яъни шариатга зид равишда топилган даромад тўлиғича хайрия ишларига йўналтирилиши лозим, яъни шундай даромад орттирган киши ундан ўзига ҳеч қандай манфаат олиши мумкин эмас. Шу билан бирга, ноқонуний йўл билан топилган даромад тўлиғича хайрияга йўналтирилса ҳам бундай даромад топиш ҳаромдир.
Ислом динида хумс ва хараж каби яна бир қанча мажбурий тўловлар мавжуд, аммо бугунги кунда улар қўлланмаётганлиги сабабли, биз улар ҳақида маълумот бермадик.
* “нисоб” – 85 грамм олтин қийматига тенглаштирилган;
** яъни ҳожати аслия каби закот тўланмайдиган мулкдан ташқари бўлган.
*** Шу айтилганларга кўра агар деҳқон даласини ёмғир, сел, дарё, чашма сувлари каби ўзи оқиб келадиган сувлар билан қийинчиликларсиз суғориб ҳосил олган бўлса, унда ўндан бир миқдор (яъни 100 тоннадан 10 тонна) маҳсулотини ушр қилиб беради. Агар ҳосилини кўп меҳнат билан суғорган бўлсан, масалан сувни ташиб келиб суғорган бўлса, ушрнинг ярмини (яъни 100 тоннадан 5 тоннасини) беради.
**** бу тоифалар “Тавба” сурасининг 60-оятида зикр қилинган;
***** Ҳанафий мазҳаби бўйича мусофирга қурбонлик қилиш вожиб эмас;
****** Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», – деганлар» (ўн дирҳам бир динорга, бир динор эса закот нисобининг йигирмадан бири, яъни 4.25 гр.тиллага тенг қийматдир).