Муробаҳа ёки лизинг каби савдо шартномалари, ҳамда мудораба, мушорака каби инвестиция шартномалари ўртасидаги асосий фарқлардан бири, кўрсатилган олди-сотди шартномаларида сотувчи шартнома тузиш вақтида маҳсулот нархини ва ўз устамасини (фойдасини) билиши зарур (бу насия савдоми ёки нақдми фарқи йўқ).
Инвестиция шартномаларида эса томонлар шартнома тузиш пайтида молиявий натижа қандай бўлишини аниқ билишмайди (ҳисоб китоб асосида тахмин қилишади холос). Ҳар қандай молиявий натижа инвестиция шартномаси тўлиқ якунига етмагунга қадар вақтинча (оралиқ) натижа ҳисобланади. Айнан шунинг учун ҳам, инвестиция лойиҳаларига тикилган сармоя сақланиб турган бўлсагина ҳамкорлар фойдани тақсимлаши мумкин дейилади ислом ҳуқуқшунослигида.
Масалан:
икки шерик лойиҳага $1000 киритди. Биринчи йил $400 зарар кўрилди. Иккинчи йил $150 фойда кўрилди, лекин томонлар бу $150 ни тақсимлаша олмайди, чунки ўртадаги маблағ (1000-400+150=$750) тикилган маблағга ($1000) етмаган. Учинчи йил $200 фойда кўрилди. Фойда яна тақсимланилмайди чунки бу ҳолатда ҳам тикилган сармоя ҳали тикланмади(1000-400+150+200=950). Тўртинчи йил $250 фойда кўрилди. Бу ҳолатда тикилган сармоя $200 фойда келтирди (950+250-1000=$200) ва шу $200 томонлар ўртасида фойда сифатида тақсимланиши мумкин.
Фиқҳда фойда тақсимотининг ушбу усули “тандид ал-ҳақиқий” деб аталади. Бугунги кунда ислом банклари муайян давр учун фойда тақсимланиши зарур бўлган ҳолларда “тандид ал-ҳукми” деб аталувчи бошқа усулни қўллашмоқда. Бу, ислом банкларидаги сармоядорларнинг доимий равишда ўзгариб туриши билан боғлиқ бўлган мажбурий чорадир. Аммо, ҳамкорлик асосида бизнес юритишда фойдани тақсимлашнинг биринчи усулини қўллаш тўғри бўлади.