Савол
Бир шахс банкдан 7% лик кредит асосида 5 йил муддатга машина олиш учун кредит олган. Банк машинани сотишга тақиқ қўйган. Лекин машинани кредитга олган одамга нақд пул керак, шунинг учун у машинани бошқа бир шахсга: “шу машина учун 2700$ биринчи тўлов сифатида берсангиз, қолган 48 млн ни 5 йилда банкка мени номимдан тўлайсиз, лекин машинани сотолмайсиз, сизга фақат машина ҳайдаш ҳуқуқини берамиз” деяпти. Шу ҳолатда машинага 2700$ бериб қолган қарзни тўлашга рози бўлиб машинани олса 7% кредит (пулга пул рибо) га шерик бўлиб рибони содир этган бўлиб қолмайдими?
(2) шундай вазиятларда ислом банкида қандай йўл тутилади?
Жавоб
- Автомашинани сотиш мумкин эмас, бунга қонун томонидан ҳам тақиқ бор, шариат ҳам гаровдаги мулкни сотишга изн бермайди.
- Автомашинани ижарага бериш мумкин, чунки автомашина эгасида ундан фойдаланиш ва манфаат олиш ҳуқуқи бор.
- Автомашинани оддий ижара усулида (рус тилида “операционная аренда” деб аталади) ҳам, «ижара мунтаҳия биттамлик» (ижара тўловлари амалга ошириб борилиб, муайян вақтдан сўнг сотув асосида ёки ҳадия асосида мулкка эгалик ҳуқуқи бериладиган битим (рус тилида “лизинг / аренда с последующим выкупом” битимига ўхшаш) усулида ҳам бериш мумкин.
- Тўловлар иккала ҳолатда ҳам ижарага олувчи томонидан ижарага берувчига тўланиши афзал. Ижарага берувчи ишончнома берса унинг номидан бирор одам, хусусан ижарага олувчининг ўзи ҳам банкка тўловлар қилиб бориши мумкин, бунда ижара битими ва банк берган кредит шартномаси ўртасида боғлиқлик бўлмайди.
- Шартномага кўра ижаранинг биринчи ойи учун тўлов миқдори кейинги ойлар учун тўлов миқдоридан каттароқ қилиб белгиланиши мумкин. Аммо бу тўловлар миқдори олдиндан келишилиб шартномага киритилиши ва тўлов жадвали сифатида тасдиқланиши лозим.
- Агар ижара «мунтаҳия биттамлик» усулида берилса, ижара берувчи банк олдидаги тўловларни ўз вақтида қилиб бориши ҳақида учун ижара олувчига ваъда бериши мақсадга мувофиқ, бу ваъда қонунан бирор кучга эга бўлмаса ҳам ижара берувчининг масъулиятини ошишига хизмат қилади.
- Агар ижара берувчи шахс банк олдидаги тўловларни вақтида амалга оширмай, гаровдаги автомашина олиб қўйилса қандай йўл тутилиши шартнома тузиш жараёнида келишиб олинади. Бу ҳолатда тўланган тўловлар қайта ҳисобланади ва автомашина фойдаланилган муддатда оддий ижара учун тўланиши керак бўлган миқдор ушлаб қолинади ва ортиб қолган пуллар ижара олувчига қайтарилади. Оддий ижара учун тўланиши керак бўлган пул миқдори, ўша ердаги урф асосида белгиланади.
Кўриб чиқилаётган масала юзасидан муҳим қайдлар:
- ижара берувчи банкка тўланиши керак бўлган тўловларни ўз вақтида амалга ошириб бормаса ва бунинг оқибатида автомашина банк тарафидан олиб қўйилса ижара олувчи катта молиявий муаммога йўлиқади ва бу унга нисбатан зулм бўлади. Албатта бу ҳолат ижара берувчининг масъулиятсизлиги оқибатида келиб чиққанлиги учун гуноҳ ижара берувчининг бўйнига тушади;
- юқорида кўрсатилган барча шартлар ижара битимида акс эттирилиб томонлар тарафидан имзоланиши шарт, чунки бу келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олишга ёрдам беради.