Гаров сўзи араб тилида “раҳн”, гаров берувчи “раҳин”, гаров олувчи “муртаҳин”, гаровга қўйилган мол эса “марҳун” дейилади.
Шариатда “қарз сабабидан ишонч учун тутиб қолинган молга гаров” дейилади, яъни ислом дини қарз олди бердиси/насия савдода гаров олишга/беришга изн беради.
Аллоҳ таоло: “Агар сафарда бўлсангизу котиб топа олмасангиз, (қарз эвазига) гаров берингиз”, дейди (Бақара сураси, 283 оят).
Шундай қилиб, қарз олди бердиси (масалан қарз ҳасанда) ёки савдо битимларида (масалан насия савдода) қарз берувчи берган қарзи эвазига, савдогар-тожир насияга сотаётган моли эвазига гаров талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Гаровга доир умумий фиқҳий қоидалар:
· шариатда савдоси таъқиқланган мол-мулк (масалан вақфдаги мулк, маст қилувчи ичимликлар, чўчқа ва ҳоказо) гаров сифатида тақдим қилиниши мумкин эмас;
· гаровга қўйилаётган нарса аниқ тавсифланиш/таърифланиши мумкин бўлиши керак (масалан нималиги, кўриниши, ўлчами, ранги, оғирлиги каби);
· гаров берувчи мулкни тасарруф қилиш ҳуқуқи ва қобилиятига эга оқил инсон бўлиши керак;
· гаровга қўйилаётган мулк гаров берувчи қарздорнинг мулки бўлиши керак, яъни бошқа бировнинг мулки гаров сифатида тақдим қилиниши мумкин эмас, аммо учинчи тарафнинг мулки, унинг розилиги билан (яъни томонларнинг ёзма келишуви асосида) гаровга қўйилиши мумкин;
· томонларнинг келишувига, ҳамда гаровнинг турига қараб, гаров мулк эгасининг ўзида сақланиши ҳам, гаров олувчида сақланиши ҳам, шунингдек учинчи томонда сақланиши ҳам мумкин;
· гаровни сақлаш ва унинг бус-бутунлигини таъминлаш бўйича масъулият ва бу билан боғлиқ харажатлар гаров берувчи-қарздорнинг зиммасида бўлади;
· гаров берувчи гаровдаги мулкни бошқа бировга сотиш, ҳадя қилиш в.ҳ.к.з. ҳуқуқига эга эмас;
· гаровдаги нарса яна бошқа бировга (учинчи томонга) гаровга берилиши мумкин эмас;
· гаров берувчи (қарздор) гаровга қўйилган мулкдан гаров олувчининг рухсатисиз фойдаланишга ҳақи йўқ;
· қарз берувчи унга берилган гаровдан фойдаланишга ҳаққи йўқ, ҳаттоки қарздор бунга руҳсат берган бўлса ҳам, чунки қарз бериш эвазига келадиган (қарз берувчига) ҳар қандай фойда рибо ҳисобланади. Аммо гаров сифатида сигир, туя, от каби соғиладиган ёки миниладиган ҳайвон тақдим қилинганда гаровни ушлаб турган ундан (гаровдан) фойдаланиши мумкин, масалан соғин сигир гаровга қўйилган бўлса, гаровни тутиб турган гаровдаги сигирни соғиб сутини ичиши/сотиши мумкин. Лекин бу ҳолатда гаровни тутиб турган шу молнинг нафақасини (яъни боқишни) ҳам бўйнига олади, чунки агар гаровдаги ҳайвон боқилмаса у нобуд бўлади, соғилмаса касалланади… ва бу билан гаров берувчига моддий зарар етади. Ушбу турдаги гаров ва ундан фойдаланиш масаласи Абу Ҳурайрадан (р.а) ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда келтирилган:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Улов гаровга қўйилган бўлса, минилади. Сутли ҳайвон гаровга қўйилган бўлса, сути ичилади. Миниб, ичганга нафақаси лозим бўлади”, дедилар”. Термизий, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Гаров сифатида қуйидагилар тақдим қилиниши мумкин:
– шариатда савдоси таъқиқланмаган мол-мулк;
– қимматбаҳо қоғозлар (масалан шариатда таъқиқланмаган маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар акциялари);
– пул;
– муддатли омонатга қўйилган пуллар (масалан муддатли омонатга қўйилган бўлганлиги учун қарздор ўз пулларидан фойдалана олмасдан қарз олишга мажбур бўлган ҳолатда);
– ва бошқа шариатда ва амалдаги қонунчиликда таъқиқланмаган мол-мулк.
Гаров тақдим қилиш/қабул қилишда қуйидагиларга риоя ва эътибор қилиш лозим:
– гаров ҳам ҳудди байъ (савдо) каби икки томоннинг розилиги билан, ёзма келишув асосида амалга оширилади;
– қарздор қарзини қайтаришга қатъий аҳд қилиши керак, яъни гаров бердимку қарзни қайтармасам гаров ҳисобидан ёпиб юборишади деган фикрда бўлмаслиги лозим. Чунки қарз берган ёки молини насияга берган томон қарздорнинг қарзини ёпиш учун гаровни сотиш каби ортиқча ташвишларга қолса, у бошқа бировга қарз бермай қўйиши мумкин, яъни бу нарса жамиятда инсонларнинг бир бирига бўлган ишончига путур етказади (ўзбекчасига айтганда одамлар ўртасида меҳр-оқибатнинг йўқолишига сабаб бўлади).
Гаровга талафот етиши масаласи:
– гаров олувчининг айбисиз гаровга қўйилган мулк йўқолса ёки унга талафот етса, гаров олувчи эмас, балки қарздор зарар кўради, яъни бу зарар қарздорнинг зиммасига тушади;
– агар гаровни тутиб турган (қарз берувчи ёки учинчи томон)нинг айби билан гаров талафотга учраса, унда қарз қарздорнинг бўйнидан соқит бўлади, лекин агар талафотга учраган гаровнинг қиймати мавжуд қарздан юқорироқ (қимматроқ) бўлса, у ҳолда ўртадаги фарқ гаровнинг талафотга учрашига сабаб бўлган томондан қопланади.
– гаровга қўйилган мулк турли офатлардан (ёнғин, тошқин, ўғрилик ва ҳоказо) суғурталаниши мумкин. Фақат бундай суғурталаш имкони бўлса исломий суғурта (такафул) тизими доирасида бўлиши керак (ҳамма давлатларда ҳам такафул мавжуд эмас). Шунда гаровга қўйилган мулк, гаровни ушлаб турган томоннинг айбисиз талафотга учраса, гаров берувчига етган зарар суғурта ҳисобидан қопланади.
Қарзни ёпишда гаров қуйидагича тасарруф этилади:
– агар келишилган муддатда қарз қайтарилмаса / тўлов амалга оширилмаса берилган қарз /мол гаров ҳисобидан қопланади;
– гаровнинг сотилишидан тушган пул қарз миқдоридан кўп бўлса, унда ортиқча пул қарздорга қайтарилади. Гаровни сотиш давомида қилинган харажатлар ҳам гаров сотилишидан тушган пулдан қопланади, агар бу пул етарли бўлмаса, у ҳолда етмаган қисми гаров берувчи-қарздор ҳисобидан қопланади;
– агар гаров берилган қарздан паст нархга сотилса, унда етмаган қисми қарздор томонидан қопланади.
Гаров билан боғлиқ турли тушунмовчилик-муаммолар, томонлар ўртасида тузилган ёзма келишув доирасида ҳал қилинади, агар келишмовчилик бу босқичда ҳал бўлмаса, у ҳолда шариат ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилинади.
Фойдаланилган манбалар:
AAOIFI (2015), Shari’ah Standards for Islamic Financial Institutions, Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions, Manama.
BNM (2017), Rahn Exposure Draft, Bank Negara Malaysia, Kuala Lumplr.