“Тармоқли маркетинг” термини таҳлили: “Тармоқли маркетинг” замонавий терминлардан бўлиб, “тармоқ” ва “маркетинг” сўзларидан таркиб топган. Уларнинг маънолари қуйидагичадир:
“Тармоқ” – Асосий йўл, оқим ва шу кабилардан бўлиниб, ажралиб чиққан қисм; шохобча.[1]
“Маркетинг” – [ингл. marketing [market — бозор; сотиш, пуллаш] иқт. – Бозор эҳтиёжи талабларидан келиб чиққан ҳолда корхонанинг янги хил маҳсулотлар ишланмаларини тайёрлаш, товарлар ишлаб чиқариш ва сотиш ёки турли хил хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятини бошқариш ва ташкил этиш тизими.[2]
Тармоқли маркетинг – савдо агентлари (дистрибюторлар) тармоғи орқали товарлар ва хизматларни сотиш усулидир. Ушбу тизимида савдо дўкони ижараси, товарни етказиш, реклама қилиш учун катта харажатлар бўлмагани сабабли маҳсулот нархи нисбатан арзонроқ бўлади.
Тизимнинг моҳияти шундан иборатки, сотувчи товарларни сотиш билан бирга, харидорга дистрибютор (сотувчи) бўлишни ҳам таклиф қилишади. Буни қабул қилган янги аъзолар ҳам ўз навбатида бошқаларга шундай таклифлар билан чиқишади ва бу чексиз давом этиши мумкин. Шундай қилиб, ҳар бир янги келган киши ўз бизнесини, ўз тармоғини қуриш имкониятига эга бўлади. Компаниянинг вазифаси – ҳар бир дистрибюторни мунтазам равишда маҳсулот билан таъминлаш ва унга ўзи сотган товари учун ҳам, ўзи жалб вакиллари томонидан сотилган товар учун ҳам пул тўлаш бўлади. Натижада улкан тармоқнинг юқори қисмида жойлашган дистрибютор шахсан ҳеч нарса сотмаслиги мумкин, аммо барибир ўз тармоғидаги дистрибюторлар савдосидан доимий даромад олади.
Тармоқли маркетинг турлари
Тармоқли маркетинг тузилишига кўра 4 турда бўлади:[3]
1) классик тармоқли маркетинг;
2) чизиқли тармоқли маркетинг;
3) бинар тармоқли маркетинг;
4) матрица шаклидаги тармоқли маркетинг.
Мавзуда ишлатиладиган баъзи атамалар таърифи:
Дистрибютор – бу тўғридан-тўғри сотадиган компания билан шартномаси бўлган ва маҳсулотни сотганлиги учун ҳақ оладиган, ҳамда ушбу тадбиркор томонидан яратилган тармоқ айланмаси бўйича комиссия фоизларини оладиган савдо агенти.
Тармоқнинг кенглиги – бу дистрибютор жалб қилган биринчи поғонадаги аъзолар сони
Тармоқнингнинг чуқурлиги – дистрибютор остидаги поғоналар сони
Классик тармоқли маркетинг
Тармоқли маркетингнинг энг кенг тарқалган тури. Бунда тизим чуқурлиги ва кенглигига чекловлар қўйилмайди. Тармоқ юқорисида турувчи дистрибютер ўз остидаги барча аъзоларнинг товар айланмасидан муайян фоизда улуш олади. Лекин остидаги аъзолардан қайси бирининг товар айланмаси ўзиникидан ошиб кетса унинг тармоғидан улуш олиши тўхтайди.
Чизиқли тармоқли маркетинг
Тизим кенглигига чекловлар йўқ, истаганча аъзолар жалб қилиш мумкин. Лекин тармоқ чуқурлигига чеклов қўйилган бўлиб, у одатда 5-6 поғонани ташкил қилади.
Бунда ҳар бир поғонадаги аъзолар товарни бир хил нархда олишади, аъзо шахсан ўзи кўп маҳсулот сотгани учун мукофот олмайди. Яъни маҳсулот сотгандан кўра кўпроқ аъзо жалб қилиш муҳимроқ бўлади.
Бинар тармоқли маркетинг
Иккилик маъносини англатувчи “бинар” атамасидан маълумки, бу тизимда 1-поғонадаги аъзолар сони 2 та бўлади. Агар дистрибютор 2 дан ортиқ аъзони жалб қилса, ортиқчалари энг пастдаги аъзонинг остига жойлаштирилаверади. Бу тизимда ўз остидаги аъзолар товар айланмасидан улуш олиш учун 1-поғонадаги икки тарафнинг товар айланмаси ўзаро тенг бўлиши лозим. Бу эса тармоқни узлуксиз ўсиб боришига туртки бўлади.
Матрица шаклидаги тармоқли маркетинг
Бу тизимда муайян параметрдаги тармоқ белгиланиб, у аъзолар билан тўлсагина матрица юқорисидаги дистрибютер ўз остидагиларнинг фаолиятидан улуш олади. Бу улуш муайян бонус ёки айланманинг фоиз қисми бўлиши мумкин. Матрица одатда 2х3, 3х3, 4х7 шаклда бўлади. Аввалги сон бу биринчи поғонадаги аъзолар сони, иккинчиси эса поғоналар сони.
Тармоқли маркетингга бўлган қонунчилик муносабати
Жаҳон амалиётида тармоқли маркетинг фаолияти билан шуғулланувчи такшилотга нисбатан жиноий иш муайян белгилар топилсагина очилади:
- Тармоқли маркетинг ташкилотига қўшилиш учун тўланадиган катта миқдордаги аъзолик бадали мавжудлиги;
- менежерларнинг даромад ҳажми савдо даражасига эмас, балки жалб қилинган ходимлар сонига боғлиқ бўлиши;
- дистрибюторларнинг катта миқдордаги маҳсулотни омборларда тўпланишига қизиқиши.
Ушбу мезон кўп давлатларда тармоқ савдо фирмаси фаолиятининг қонунийлигини аниқлаш учун таянч ҳисобланади. Америка Қўшма Штатларида компанияни пирамида схемадаги фирибгарлик сифатида тан олиш учун улардан бирининг топилиши кифоя. Бироқ, биринчи тўлов (аъзолик бадали)нинг белгиланган максимал миқдорини аниқлаш, дистрибюторларнинг янги аъзоларни жалб қилишга қизиқишининг чегарасини белгилашда аниқ меъёрлар мавжуд эмас.
Қонунчиликдаги ноаниқлик, чегараларнинг йўқлиги ушбу асосий қоидаларни четлаб ўтиш имкониятини яратди. Мисол учун, 1975 йилда тармоқли маркетинг фаолияти билан танилган “American way of life” ташкилотига қарши иш қўзғатилган. Унинг адвокатлари компания фаолиятининг қонунийлигини асословчи қуйидаги далилларни тақдим рўкач қилдилар:
- агар дистрибютор бизнесдан чиқмоқчи бўлса, товарларнинг қолдиқлари белгиланган нархнинг 90 фоизидан юқори нархда сотиб олинади;
- ходимлар маҳсулотларнинг камида 70 фоизини сотишлари, 10 дан ортиқ савдо-сотиқларини амалга ошириши шарт;
- компанияда кириш тўлови кичик, бу “бошланғич товарлар тўплами”нинг тўловидир.
Кўпгина мамлакатларда қонун чиқарувчилар ушбу далилларни ишончли деб топганлар. “American way of life” у ерда ишлашда давом этган.
Дунёда бир нечта йирик тармоқли маркетинг фирмалари мавжуд ва уларнинг фаолияти қонунчилик базаси мустаҳкам бўлган давлатларда ҳам таъқиб қилинмайди. Ушбу компанияларда катта аъзолик тўлови мавжуд эмас, бу асосий даромад манбаи ҳам эмас. Сотиш ҳажмининг ўсишига ходимларнинг қизиқиши ҳар томонлама рағбатлантирилади.
Дунёда ушбу турдаги бизнес учун барча иттифоқ қилган қонунчилик нормалари мавжуд эмас. Баъзи мамлакатлар қонунчилигидаги ҳолатни кўриб чиқишимиз мумкин:
АҚШ. Ушбу мамлакатнинг ҳар бир штати ўз қонунларига эга. Тармоқли маркетинг компаниялари қонуний фаолиятининг энг аниқ таърифлари Луизиана штатида акс этган. Қонунда “тўлов” ва “мукофот” тушунчалари батафсил кўриб чиқилган. Пирамидасимон фирибгарлик тизимнинг таърифи ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Дистрибюторлар харидорларга хизматлар ва товарларни сотгани учун эмас, балки янги одамларни жалб қилганлиги учун мукофотлайдиган тизим молиявий пирамида деб топилади ва таъқиқланади. Қонунбузарларга 10 минг доллар миқдорида жарима солиниши мумкин. Шунингдек, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Луизиана штати қонуни тармоққа аъзо бўлган дистрибюторлар учун тизимдан чиқиш қоидаларини белгилаб қўйган. Тижоратни тўхтатишни истаган дистрибютордан товарларни қайта сотиб олиш тижорий жиҳатдан оқилона талаб деб ҳисобланган ва компания ушбу товарни камида 90% нархида қайтариб олиши кераклиги белгиланган.
Канада. Ушбу мамлакатда қуйидаги критериялар топилса ташкилот фаолияти молиявий пирамида деб топилади:
- янги аъзоларни жалб қилганлик учун ҳақ тўлаш;
- муқобилида товар турмаган дастлабки тўловни амалга ошириш;
- иштирокчиларга асоссиз ҳажмда маҳсулотларни, талаб бўлмаган товарлар ва хизматларни атайлаб етказиб бериш.
Испания. Испания қонунчилиги тармоқли маркетинг принципларини батафсил тавсифлаб беради. Асосий мезон бу иштирокчилар даромадларини шакллантиришдир. Улар якуний нарх ва компаниянинг ўзида амалдаги харажатлар ўртасидаги фарқни ташкил қилади. Ялпи фойда барча дистрибюторлар орасида уларнинг меҳнат иштироки даражасига кўра тақсимланади.
Испания қонунлари қуйидагиларни тақиқлайди:
- янги иштирокчиларни жалб қилишдан ташкилот фойдасини шакллантириш;
- дистрибюторларнинг меҳнат шартномаси ёки тижорат фаолиятига қўйиладиган талабларнинг аниқ рўйхати бўлмаган ҳолда ишлаши;
- янги аъзоларга товарларни қайтариб сотиб олиш кафолатисиз мажбуран сотиш.
Араб дунёсида тармоқли маркетинг ва молиявий пирамида ўртасидаги фарқ мезонларини ҳисобга олмаган ҳолда тармоқ маркетингини умуман тақиқлайдиган баъзи мамлакатларни топишимиз мумкин. Баҳрайн Қироллигида Саноат ва савдо вазирлиги Вазирларнинг 2015 йилдаги 2-сонли фармонини биноан тармоқли маркетинг орқали маҳсулот сотилишини реклама қилиш тақиқланган. Бунинг сабаби тармоқли маркетинг ташкилотлари устидан кўплаб шикоятлар келиб тушганлигидир.
Саудия Арабистони Подшоҳлигида Саноат ва савдо вазирлиги тармоқ маркетингидан огоҳлантирган ва фуқароларни бундай фаолиятдан қайтарган.[4]
Сурияда тармоқли маркетинг соҳасида ишлайдиган Questnet компаниясининг лицензияси ўз ишидаги фирибгарликлар ва алдов сабабли бекор қилинди ва Иқтисодиёт ва савдо вазирлигининг Компаниялар дирексияси фуқароларни тармоқли маркетинг соҳасида фаолият юритувчи компаниялар билан муомала натижасида юзага келадиган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида улар томонидан бўлиши мумкин бўлган манипуляция ва фирибгарликдан огоҳлантирди. Директсия ушбу фаолият тури фуқароларни алдашга ва маҳсулотларни ўз нархларидан юқори нархларда сотиб олишга ундашга асосланганлигини таъкидлади.[5]
Ўзбекистон. Бир неча йил олдин оммавий ахборот воситаларида: “Ўзбекистонда тармоқли маркетинг тақиқланди!” деб бонг урилган эди, аслида ундай эмас. Ўзбекистон қонунчилигида тармоқли маркетинг фаолиятига ўзига хос аниқликлар киритилган. Унга кўра:
Тармоқли маркетинг — тармоқли ташкилот томонидан товарларни мустақил тарқатадиган сотувчи агентлар ташкил этилишига асосланган товарларни чакана сотиш туридир.[6]
Тармоқли ташкилот — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мустақил равишда ёхуд тармоқли маркетинг йўли билан сотувчи агентлар орқали савдони амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси юридик шахсидир.
Сотувчи агент — турғун савдо шохобчалари орқали товарларни бевосита сотувчи, шунингдек уйга буюртма олиш воситасида, муассасалар, ташкилотлар, корхоналарда, транспорт ёки кўчада потенциал харидорлар билан ишлайдиган, даромади фақат сотув ҳажмига боғлиқ бўлган жисмоний шахс – юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркор.
Шу билан бирга, савдо агенти фаолияти якка тартибдаги тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан амалга ошириши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига биноан “чакана савдо” тушунчасига киради[7]. Тошкент шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркорлар учун ноозиқ-овқат товарлари савдоси учун ойлик солиқ энг кам иш ҳақининг 10 бараварини, Нукус ва вилоятлар учун – 6,5 энг кам иш ҳақи ва бошқа аҳоли пунктлари учун 3 энг кам иш ҳақини ташкил этади. Бу улгуржи ва чакана савдо, ижтимоий хизматлар, касса сотиб олиш учун қўшимча тўловларни ҳисобга олмагандаги миқдордир.
Ислом шариати муносабати
Тармоқли маркетинг яқин асрда пайдо бўлган бўлиб, у борасида фақиҳлар 2 хил қарашда бўлганлар. Баъзи фақиҳлар ва фатво ҳайъатлари тармоқли маркетингни жоиз деб топганлар. Замонамизнинг жумҳур ва эътиборли уламолари тармоқли маркетингда рибо, қимор, ғарар, шунингдек, инсонлар молини ботил йўл билан ейиш, молни зоеъ қилиш, алдов ва қаллоблик бор дейдилар. Мақолада иккала тарафнинг ҳам фикр ва далилларини келтирилади.
Баъзи фақиҳлар тармоқли маркетинг фаолиятини жоиз деб топган
Булар: Ливия Фатво Ҳайъати (دار الإفتاء الليبية), Тунис Фатво Ҳайъати (دار الإفتاء التونسية), Иордания Университети Фатво Қўмитаси (لجنة الفتوى بالجامعة الأردنية)
Улар қуйидагилар билан далилланишган:
1-далил: Бақара сураси 275-ояти:
وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا
“Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган”.[8]
Ояти каримадаги байъ (савдо) сўзидаги алиф-лом (ال) умумликни ифода қилади, шунга кўра, шаръий матн келмаган савдодаги асл ҳукм унинг мубоҳ эканлиги бўлади. Тармоқли маркетинг шунга тўла мос келади, чунки бу савдо янги пайдо бўлган муомала тури бўлиб, у борада шаръий матн келмаган.
2-фикр эгалари эътирози: Лекин бу далил бироз мулоҳазага муҳтож, чунки иккала қараш эгалари ҳам муомаладаги асл ҳукм унинг мубоҳлиги эканига айтади. Тармоқли маркетинг ҳукми борасидаги ихтилоф ўша муомала таркибида мавжуд бўлган тақиқланган амалиёт сабабли юзага келгандир.
2-далил: Тармоқли маркетинг даллолликнинг бир тури бўлиб, бунда маркетолог (сотувчи) ҳаридорларга маҳсулотни далолат ва тарғиб қилгани эвазига иш ҳақи олади.
2-фикр эгалари эътирози: Даллоллик келишувида даллол маҳсулотни сотгани учун ҳақ олади, мақсад товар сотилиши бўлади. Тармоқли маркетингдаги маркетолог эса тармоқни янги аъзолар билан кенгайтиргани эвазига ҳақ олади, мақсад товар сотилиши эмас, балки тармоқни кенгайтириш бўлади.
3-далил: Тармоқли маркетинг бу жуъола[9] битими бўлиб, бунда маркетолог (сотувчи) янги аъзолар жалб қилгани учун ҳақ олаётган бўлади, агар янги аъзо жалб қила олмаса, бунга ҳақ олмайди.
2-фикр эгалари эътирози: Жуъола битимида ишчи ўз буюртмачисига олдиндан бирор маблағ тўламайди, борди-ю ишни бажара олмаса у фақатгина меҳнатига куяди холос. Тармоқли маркетингдаги маркетолог (сотувчи) эса тармоқ эгасига олдиндан маблағ (масалан: аъзолик бадали) тўлайди. Шундай экан буни жуъола битими деб бўлмайди.
Тармоқли маркетингни жоиз деган фақиҳлар унинг жоиз бўлиши учун қуйидаги 5 шартни қўядилар:
- Тармоқли маркетинг орқали сотилаётган товар маълум, мубоҳ нарса бўлсин;
- Товар рибо амалиёти учун парда сифатида қўйилган қийматсиз нарса бўлмасин. Балки қийматли, нархга мос бўлган сифатга эга бўлсин;
- Тармоққа қўшилишдан мақсад янги аъзоларни жалб қилиш эвазига ҳақ олиш эмас, балки, товар олди-сотдиси бўлсин;
- Ширкатнинг иши давлат қонунчилигида тақиқланган бўлмасин;
- Фирибгарлик, алдов ва ғарар бўлмасин.
Жумҳур фақиҳлар тармоқли маркетинг фаолиятини ножоиз деб топган.
Булар: Судан Ислом Фиқҳи Академияси (مجمع الفقه الإسلامي بالسودان), Иордания Фатво Бўлими (دائرة الإفتاء الأردنية)[10], Миср Фатво Ҳайъати (دار الإفتاء المصرية), Саудия Арабистони Доимий Фатво Қўмитаси (اللجنة الدائمة للإفتاء بالسعودية)[11], Фаластин Фатво Ҳайъати (دار الإفتاء الفلسطينية)[12], Қатар давлатидаги Вақфлар ва Ислом ишлари вазирлиги ҳузуридаги Тарғибот ва диний кўрсатмалар бўлимининг Фатво маркази (مركز الفتوى التابع لإدارة الدعوة والإرشاد الديني بوزارة الأوقاف والشؤون الإسلامية بدولة قطر)[13].
Улар қуйидагилар билан далилланишган:
1-далил: Ушбу муомалада қимор ва ғарар мавжудлиги. Аллоҳ таоло Моида сураси 90-оятида айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз”.[14]
Тармоқли маркетингда товар асосий мақсад бўлмайди, аъзо шахс фойда олиш ёки зарар кўриш эҳтимолига пул тиккан бўлади.
Иордания Фатво Бўлими фатвосида шундай дейилган: “Тармоқли маркетинг ёки иерархик маркетинг усули ва у учун ҳақ олишнинг ҳозирги тарқалган кўринишлари шаръий даллоллик сирасидан эмас. Балки, бу қимордир. Чунки, одатда аъзолар фақат бошқа аъзоларни олиб келганликлари учун мукофот тўплаш мақсадида тармоққа киришади. Тармоқ дистрибютори (аъзо, сотувчи) янги аъзоларни жалб қилса ва белгиланган шартларни бажарса муайян маблағни олади. Бу маблағ тармоққа кириш учун берган аввалги маблағидан гоҳида кўпроқ, гоҳида озроқ бўлади. Агар буни уддалай олмаса берган маблағига куяди. Мана шу ҳолат бу муомалада қимор ва ғарар шубҳасини келтириб чиқаради”.
Бу муомалани ҳаромлигини тақозо қилувчи нуқта – аъзолик бадалик сифатида пул тўлаш ёки кўзланмаган товарни мажбуран сотиб олишдадир.
1-фикр эгалари эътирози: “Товар қийматли, сифатли ва манфаатли бўлиши қимор ва ғарар шубҳасини кетказади”. Шайх Иброҳим Кулсум айтади: “Товар мавжуд ва у сифатли бўлса бу муомалада қимор ва ғарар йўқ. Харидор ўзи сотиб олаётган товарни яхши танийди, фойдасини билади. Бунинг устига ташкилот харидорларга 3 кун мобайнида товарни тажриба қилиб кўриш, тегишли сифатлар топилмаса қайтариш ҳуқуқини ҳам беради.”
2-далил: Бу муомалада рибонинг икки тури ҳам (насия ва фазл рибоси) мавжудлиги.
Саудия Арабистони Доимий Фатво Қўмитасининг фатвосида шундай дейилади: “Тармоққа қўшилган дистрибютор (аъзо, сотувчи) кўпайтирган ҳолда қайтариб олиш учун маблағ тўлайди. Бу эса пулни пулга эвазсиз ортиқчалик билан, кечиктириб алмаштиришдир. Қуръон, суннат ва ижмоъ билан ҳаром қилинган рибонинг айни ўзидир. Ўртадаги савдо товарига келсак, у рибони беркитиш учун қўйилган парда холос, у аъзолар мақсад қилган предмет эмасдир. Унинг мавжудлиги ҳукмга таъсир ўтказа олмайди”.
Доктор Соми Сувайлим айтади: “Тўрт мазҳаб фақиҳлари иттифоқ қилишганки, савдода биринчи тарафда нақд пул, бошқа тарафда эса товар ва нақд пул турса, биринчи тарафдаги нақд пул бошқа тарафдаги нақд пулга тенг ёки ундан оз бўлса бу савдо ҳаромдир, бу борада хилоф йўқ. Чунки бу савдода пулни булга айирбошлаш ғолиб бўлади ва унга доир ҳукмлар жорий бўлади. Ҳукм икки тарафдаги пул нақд бўлган савдода шундай бўлса, улардан бири кечиктириб тўланадиганида батариқи авло ҳаромдир. Тармоқли маркетингда айнан шу кўриниш жорий бўлган. Сотувчи аъзолик учун тўлаган пулининг муқобилида уни кўпайтириб қайтариб олади, гоҳида эса ола олмайди. Шунда бу савдода бир вақтнинг ўзида ҳам рибо ҳам ғарар жамланган бўлади.”
3-далил: Бу муомалада инсонлар молини ботил йўл билан ейиш бордир.
Аллоҳ таоло Нисо сураси 29-оятида айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ
“Эй, иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг.”[15]
Тармоқли маркетинг компаниялари эгалари ўз остидаги қуйи табақа ҳисобига катта маблағни қўлга киритишади, пастдагилар эса ўз ўрнида бозор товарлар билан тўлганлиги ёки жалб қиладиган танишлари қолмагани туфайли фойда кўра олишмайди.
1-фикр эгалари эътирози: “Аъзо тўлайдиган пул ўзи оладиган манфаатли товар муқобилида бўлади. Шундай экан, бу ерда инсонлар молини ботил йўл билан ейиш, зиён кўриш йўқ”.
Бу эътирозга жавоб шуки: Агар дистрибютор янги аъзоларни жалб қилсаю, лекин тармоқнинг белгиланган шартларини бажара олмаса у янги аъзо топаман деб қилган меҳнатига куяди, ширкат эса фойда билан чиқади. Ушбу ҳолатда инсонлар молини ботил йўл билан ейиш намоён бўлади.
4-далил: Бу муомалада молни зоеъ қилиш бор.
Тармоқли маркетинг орқали сотилаётган товарларнинг кўпи белгиланган нархга муносиб бўлмаган, қиймати паст товарлар бўлиб чиқмоқда. Ҳудди шу хусусиятларга эга бўлган молни анъанавий усулда савдо қилинадиган дўконлар, бозорларда бундан арзонроққа топиш мумкин. Шундай экан уларнинг савдосида исроф шубҳаси мавжуддир.
Аллоҳ таоло Аъроф сураси 31-оятида айтади:
يَا بَنِي آدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
“Эй, Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас.”[16]
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللّهِ صلى الله عليه وسلم :
إنّ اللّهَ يَرْضَى لَكُمْ ثَلاَثاً ، وَيَكْرَهُ لَكُمْ ثَلاَثاً ، فَيَرْضَى لَكُمْ أَنْ تَعْبُدُوهُ وَلاَ تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً ، وَأَنْ تَعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً ، وَلاَ تَفَرَّقُوا ، وَيَكْرَهُ لَكُمْ قِيلَ وَقَالَ ، وَكَثْرَةَ السُّؤَالِ ، وَإضَاعَةَ الْمَالِ
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта Аллоҳ уч нарсага рози бўлади ва уч нарсага ғазаб қилади:
Унинг Ўзигагина ибодат қилиб, ҳеч нарсани Унга ширк келтирмаслигингизга ва Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутишингизга ҳамда Аллоҳ ишингизга валий – бошлиқ қилиб қўйганларга насийҳатлашишингизга рози бўлади.
Сизлардаги «деди-деди»ни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёқтирмайди», – дедилар».
Молу мулкни зое қилиш Аллоҳ таоло берган неъматни беҳуда қилишдир. Бу нарсани қилувчилар шайтоннинг биродари бўладилар. Ушбу номаъқул иш инсонларга ва уларнинг жамиятларига катта зарар келтиради. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бу ишдан қайтарган.
Аллоҳ таоло банданинг қўлига мол берганда, уни исроф қилмаслигини тайинлади. Жойини топиб, Аллоҳ таолонинг йўлида, Аллоҳни рози қиладиган ҳолатда, шариатнинг кўрсатмасига мувофиқ равишда сарф қилиш, ишлатиш, бериш керак бўлади.
Молни зое қилиш, исроф қилиш, беҳуда кетказиш Аллоҳ таолонинг ғазабини чиқарадиган амаллардан ҳисобланади.
5-далил: Бу муомалада алдов ва қаллоблик борлиги.
Тармоқли маркетинг дистрибюторлари (сотувчи, аъзо) кўп ҳолларда товарни ўта бўрттириб мақташади, унда йўқ ёки борлиги шубҳали бўлган хусусиятларни даъво қилишади.
Бу эса харидорга фириб бериш, айбли молни айбини яшириб сотиш ёки сохта молни асл мол, деб сотиш каби гуноҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон сотаётган одамнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Унинг дони орасига қўл тиқиб кўрсалар, намланиб қолган экан. “Бу нимаси?”, деб сўрадилар. Сотувчи: “Эй Расуллуллоҳ, унга ёмғир тегибди”, деди. Шунда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни устига чиқариб қуймайсанми, одамлар кўрар эди”, дедилар ва:
ﻣَﻦْ ﻏَﺸَّﻨَﺎ ﻓَﻠَﻴْﺲَ ﻣِﻨَّﺎ
яъни: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар.[17]
Шундай экан алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳоллоҳ ҳам ўзларининг “Фиқҳул буйуъ” асарларида: “Тармоқли маркетинг тизимида савдо қилиш, унга аъзо бўлиш шаръан ман қилинган. Тажриба бўйича кўп ҳолларда уларнинг маҳсулотлари арзимас нарсалар бўлиб, жуда қиммат нархга сотилади. Ҳолбуки улар сотиладиган бошқа бозор ҳам йўқ. Одамлар уларнинг маҳсулотини тизимга аъзо бўлиб, катта пул топиш мақсадида сотиб оладилар. Аввалида бу тизим ҳеч қандай маҳсулотсиз фаолият олиб борган. Яъни одамлардан маблағ олиш эвазига уларга билетлар тарқатишган. Билетни олган кишилар тизимга аъзо бўлишган ва билет сотиб олишга бошқа мижозларни ҳам жалб қилишга киришишган. Шу орқали муаййан ададга етган ҳаридорларни топгани учун маблағга эга бўлишган. Бу очиқ-ойдин қимор эди ва “пирамида йўли” деб номланар эди. Баъзи давлатлар “Бу қароқчилик қилиб одамларни молларини олиш” сифатида ман қилганларидан кейин одамларни чалғитиш мақсадида (гармон каби тез таъсир қиладиган) баъзи бир маҳсулотларни билет ўрнига ўртага киритишган ва нархини ҳам қиммат қилиб белгилашган. Сўнг номини ҳам “Тармоқли маркетинг” деб номлашган. Мақсад пирамида тизимидаги нарсанинг айни ўзи. Дунёни кўплаб мамлакатларда ундайларни фаолиятига таъқиқ қўйилган. Гарчи (уларни қаллоблигидан бехабар) баъзи бир мамлакатлар таъқиқламаган бўлсалар ҳам. Бундай тарзда фаолият юритиш шаръан ман қилинган” деб ёзганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, молия-иқтисодиёт соҳасида инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлгани ҳамда тараққиёт, ўсиш, ҳаёт фаровонлиги айнан шунга боғлиқ бўлгани сабабли бу борада тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда, янгидан-янги тушунча, услуб ва воситлар пайдо бўлмоқда. Молиявий пирамида ва тармоқли маркетинг ҳам шу тўлқин мавжида пайдо бўлган бўлиб уни таҳлил қилиш, ҳукм айтиш унга қизиқувчилар ва муккасидан кетган шахслар кўплиги сабабли чандон меҳнат ва тиришқоқликни, эътиборни талаб қилади. Молиявий пирамида бу тўлиқ рибавий муомалага қурилган шаръан ман қилинган фирибгарлик бўлиб, барча мазҳаб уламолари, қолаверса дунё қонунчилиги бундай тузилмаларга жамиятда ўрин йўқ эканлигини бир овоздан таъкидлашади. Тармоқли маркетинг замонавий бизнес усули бўлиши, анъанавий бозор ва дўконларда сотилиши мушкул, рақобатга чидамсиз турли хизмат ва товарларни пуллаш учун қулай восита бўлиши билан бирга кишилик жамиятидаги соғлом муҳитга путур етказади, қариндошлик, дўстлик, меҳр оқибат каби муқаддас тушунчаларни парчаланишига олиб келиши мумкин.
Тармоқли маркетинг бизнесида фойда кўрувчилар кўп ҳолларда тармоқ бошида турган саноқли шахслар бўлиши, уларнинг мўмай даромади учун минглаган инсонлар тер тўкиши лозимлигини воқеий фактлар кўрсатиб турибди.
Тармоқли маркетингда дунё қонунчилиги ва шариат томонидан қўйилган шарт ва талаблар тўлиқ бажарилса, уларга амал қилинса, маҳсулотни сотиш учун қулай, самарали, барчага бирдек фойда етказадиган тарзда фаолият юритса, унинг ҳукми борасида қайтадан изланиш олиб бориш лозим бўлади.
Ҳикматуллоҳ Абдулжаббор
Манба: https://azon.uz/content/views/tarmoqli-marketing
[1] Бегматов Э, Мадвалиев А. ва бошқалар. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. – Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти”, 2006-2008. – Ж.3 Б.684
[2] Бегматов Э, Мадвалиев А. ва бошқалар. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. – Тошкент, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти”, 2006-2008. – Ж.2 Б.546
[3] حفيظة بدر عبد الحميد إسماعيل. التسويق الشبكي وحكمه الشرعي دراسة فقهية مقارنة. ص.931-934
[4] https://mci.gov.sa/ar/mediacenter/news/pages/n01sep.aspx
[5] http://www.syriasteps.com/index.php?d=127&id=73417
[6] “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЧАКАНА САВДО ҚОИДАЛАРИНИ ҲАМДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ МАҲСУЛОТЛАРИНИ (ХИЗМАТЛАРИНИ) ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ВА СОТИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА” Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарорининг 1-иловаси 3-банди
[7] “ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛАР ЮРИДИК ШАХС ТАШКИЛ ЭТМАСДАН ШУҒУЛЛАНИШИ МУМКИН БЎЛГАН ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА” Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарорининг 1-иловаси
[8] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Тошкент, “Hilol Nashr”, 2018. – Ж.1 Б.274
[9] Жуъола – муайян маълум ёки мажҳул иш эвазига ҳақ тўлашни зиммасига олишдир. (جماعة المؤلفين. الموسوعة الفقهية الكويتية. – الكويت، وزارة الأوقاف والشئون الإسلامية، 1983. ج15 . ص 127 )
[10] رقم الفتوى : 1995
[11] رقم الفتوى : 22935
[12] رقم الفتوى : 393
[13] رقم الفتوى : 35492
[14] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Тошкент, “Hilol Nashr”, 2018. – Ж.2 Б.110
[15] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Тошкент, “Hilol Nashr”, 2018. – Ж.1 Б.506
[16] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Тошкент, “Hilol Nashr”, 2018. – Ж.2 Б.304
[17] Имом Муслим ривояти. 102-ҳадис