Шайх, профессор, доктор Ваҳба Мустафо аз-Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳ (1932 – 2015 йил 8-август) Суриянинг Дияри Атия шаҳрида туғилган, суриялик профессор, ислом ҳуқуқи ва ислом молияси соҳалари бўйича етук олим. Шунингдек, Дияри Атиядаги Бадр масжиди имоми, ислом ҳуқуқи ва халқаро ҳуқуқ, ислом молияси, тафсир, ҳадис илми, сийрат бўйича кўплаб китобларнинг муаллифи. Ислом молияси ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшган, ислом оламида эътироф этилган алломалардан бири эди.
Ҳаёт йўллари
Зуҳайлий Суриянинг Дамашқ шимолидаги Дияри Атия шаҳрида туғилган. Оталари Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, Қуръонга қаттиқ амал қилувчи, набавий суннатга ошиқ, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчи зот эдилар. Ваҳба аз-Зуҳайлий бошланғич мактабни туғилган маконларида тамомлаганлар.
Бўлажак олим Дамашқдаги Шариат факультети қошидаги ўрта мактабни 1952 йили аъло баҳоларга битирди. Сўнгра таҳсилни Азҳари шарифнинг шариат факультетида давом эттирди. 1956-йили ушбу даргоҳни ҳам аъло баҳолар билан тамомлади. Ана шу аснода ҳуқуқ илми мутахассислиги бўйича ўқишни давом эттириб, 1957 йили “Айнуш шамс” университетида ҳуқуқ бўйича илмий даражага эга бўлди. 1959-йили Қоҳира университетининг ҳуқуқ факультетида магистрлик даражасига эришди. 1963 йилда Ваҳба Зуҳайлий Ислом шариати ихтисослиги бўйича докторлик дипломига сазовор бўлди, диссертация мавзуси “Урушнинг ислом ҳуқуқшунослигига таъсири: саккизта мазҳаб (4 та аҳли сунна ва 4 та шиа) ва халқаро ҳуқуқ ўртасидаги қиёсий тадқиқ” бўлган.
1963 йилдан Зуҳайлий Дамашқ университетида дарс бера бошлади. 1975 йилда ушбу даргоҳда профессор даражасини олди. Шунингдек, Ваҳба Зуҳайлий Ливиядаги Бинғози университети юридик факультетида (1972–1974), Бирлашган Араб Амирликлари Университетининг шариат ҳуқуқи факультетида (1984–1989), Судандаги Хартум ва Ар-Риёд Ислом университетларида профессор сифатида маърузалар ўқиди. Доктор Зуҳайлий, Судан, Покистон ва бошқа мамлакатлардаги тадқиқотчиларга ҳам ислом ҳуқуқшунослигидан таълим берди.
Ишлаган лавозимлари
– Дамашқ университетининг шариат факультетида Ислом фиқҳи ва мазҳаблари бўлимининг раиси;
– Дамашқ университетининг шариат факультетида вакил, сўнгра декан (1967–1970);
– Етмишдан ортиқ магистр ва докторлик ишларига (Дамашқ, Байрут ва Хартум шаҳарларида) раҳбарлик;
– Сурия ва Араб амирлиги давлатларидаги дарслик дастурларини ишлаб чиқишда раҳбарлик;
– 1988-йили Қувайт университетида шариат ва Ислом билимлари журнали ташкилотчиси;
– Сурия радиосида Қуръон тафсири асосида “Қуръондаги қиссалар” “Қуръон ва ҳаёт” номли эшиттиришлар муаллифи;
– Араб амирлиги университетида шариат ва қонун журнали асосчиси;
– Амирликдаги университет қўлёзмалар ҳайъати ва олий маданият ҳайъати раиси;
– Дамашқдаги “Ислом дастури” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси;
– Дияри Атия шаҳридаги шайх Абдулқодир мактаби идорасининг ҳайъат раиси;
– Дамашқдаги Усмон жомеъ масжиди ва ёз фаслида Дияри Атиядаги масжиди имом хатиби.
Доктор Ваҳба Зуҳайлий Ислом олами учун нуфузли ҳисобланган қуйидаги муассасалар аъзоси бўлган:
– Суриядаги Олий Фатво кенгаши аъзоси;
– Саудия Арабистони, Жидда шаҳридаги Ислом Фиқҳи академияси аъзоси;
– Саудия Арабистони, Макка шаҳридаги Ислом Фиқҳи кенгаши аъзоси;
– АҚШ, Судан ва Ҳиндистондаги Фиқҳ академиялари аъзоси;
– Иордания қироллик академияси аъзоси;
– Баҳрайндаги Исломий Мудораба ва клиринг компаниясининг Шариат кузатув кенгаши раиси; кейинчалик Араб банк корпорацияси (Arab Banking Corporation) таркибидаги АБC Халқаро Ислом банки Шариат кенгашининг раиси;
– Дамашқдаги Буюк араб энциклопедияси, Қувайт Фиқҳ энциклопедияси, Иорданиядаги Ислом маданияти энциклопедияси, Жидда шаҳридаги Ислом Фиқҳи академияси ҳузуридаги Муамалат фиқҳи энциклопедияси мухбир аъзоси (Corresponding member);
– Қиёсий юриспруденция журналининг маслаҳат кенгаши аъзоси.
Дамашқдаги устозлари
1. Шайх Маҳмуд Ёсин – Ҳадиси набавийдан;
2. Шайх Маҳмуд Ранкусий – Ақидадан;
3. Шайх Ҳасан Шаттий – мерос илмидан;
4. Шайх Ҳошим Хатиб – Шофеъий фиқҳидан;
5. Шайх Лутфий ал-Файйумий – Усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадисдан;
6. Шайх Аҳмад ас-Симақ – Тажвиддан;
7. Шайх Ҳамдий Жувайжотий – Тиловат илмидан;
8. Шайх Абулҳасан Қассоб – Наҳв ва сарф фанидан;
9. Шайх Ҳасан Ҳаббанакка ва шайх Содиқ Ҳаббанакка ал-Майдоний – Тафсирдан;
10. Шайх Солиҳ Солиҳ Фарфур – балоғат араб адабиётидан;
11. Жавдат Мординий эса – Хатобадан;
12. Устоз Рашид Сатий ва Ҳикмат Сатийлар Тарих ва ахлоқдан;
13. Доктор Нозим Маҳмуд ва Маҳир Ҳамадалар Шариат тарихидан, бошқалар эса химия, физика ва инглиз тилидан дарс беришган.
Мисрдаги устозлари
1. Азҳар шайхи имом Маҳмуд Шалтут;
2. Имом Абдураҳмон Тож;
3. Шайх Ийсо Мунавван – қиёсий фиқҳ;
4. Шайх Жодуррабб Рамазон – шофеъий фиқҳи;
5. Шайх Маҳмуд Абдуддайим – шофеъий фиқҳида;
6. Шайх Мустафо Абдулхолиқ ва у кишини укалари шайх Абдулғани Абдулхолиқлар – усулул фиқҳдан;
7. Шайх Муҳаммад Али Заъбий – Ибодат фиқҳидан;
8. Шайх Муҳаммад Абу Зуҳра, шайх Али Хафиф, шайх Муҳаммад Баннолар – қиёсий фиқҳдан.
Шогирдлари
1. Инилари доктор Муҳаммад Зуҳайлий;
2. Доктор Муҳаммад Форуқ Ҳамада;
3. Доктор Муҳаммад Наим Ёсин;
4. Доктор Абдусаттор Абу Ғудда;
5. Доктор Абдулатиф Фарфур;
6. Доктор Муҳаммад Абу Лайл;
7. Доктор Абдуссалом Ибадий;
8. Доктор Муҳаммад Шурбачий;
9. Доктор Можид Абу Рухайя;
10. Доктор Ҳамза.
Илмий мероси
Ваҳба аз-Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳ ўзидан жуда бой илмий мерос қолдирган. Юқорида таъкидланганидек, 4 та Ислом энциклопедиясига салмоқли ҳисса қўшган. Бундан ташқари:
1. Алоуддин Самарқандийнинг “Туҳфатул фуқаҳо” асаридаги ҳадислар шарҳи ва изоҳи;
2. Ибн Ражаб Ҳанбалийнинг “Жомеъ ул-улум вал-ҳакам” асари ва унинг шарҳидаги ҳадислар шарҳи ва изоҳи;
3. “Исломда тинчлик ва уруш” асари (француз тилида чоп этилган);
4. “Ислом фиқҳи ва унинг далиллари” китоби, 11 жуздан иборат. Турк, малай, инглиз, урду, форс, курд ва бошқа бир қанча тилларга таржима қилинган;
5. “Ислом фиқҳи бўйича мухтасар” китоби;
6. “Усул ал-фиқҳ бўйича мухтасар” китоби (турк тилига таржима қилинган);
7. “Усул ал-фиқҳ ал-исламий” асари;
8. “Замонавий Ислом фиқҳи” энциклопедияси, 8 жилддан иборат;
9. “Ислом фиқҳи ва замонавий масалалар” энциклопедияси, 14 жилддан иборат;
10. “Фиқҳ ва замонавий фикр масалалари”, 3 жилддан иборат;
11. “Ислом фиқҳи ўзининг янги услубида”;
12. “Ислом фиқҳининг янгиланиши”;
13. “Ал-вақеъ ват-тумуҳ” – университет фиқҳ китоби;
14. “Усул ал-фиқҳ ал-ҳанафий”;
15. “Енгил/осон Шофеъий фиқҳи”;
16. “Енгил/осон Ҳанафий фиқҳи”;
17. “Енгил/осон Ҳанбалий фиқҳи”;
18. “Енгил/осон Моликий фиқҳи”;
19. “Ал-васит фи усул ал-фиқҳ ал-исламий”;
20. “Шаръий зарурат назарияси, қийосий тадқиқот”;
21. “Ислом фиқҳида кафолат назарияси ёки (фуқаролик ва жиноий жавобгарлик ҳукми), танланган ҳуқуқшунослик матнларини тақдим, шарҳ ва таҳлил орқали қиёсий ўрганиш”;
22. “Ислом низоми” асари, учта бўлим: ақида низоми, бошқарув ва халқаро муносабатлар низоми, замонавий Ислом оламининг муаммоларидан иборат;
23. “БАА фуқаролик алоқалари қонуни ва Иордания фуқаролик қонунчилигида шартномалар”;
24. “Доктор Рамазон Али ас-Саййид билан ҳамкорликда “Шаръий жазолар ва уларнинг сабаблари” китоби;
25. “Мунир тафсири” 16 жилддан иборат. Уни қисқартириб “Тафсиру важийз” бир жилд, “Тафсиру васийт” деб уч жилд шаклида чоп этилган;
26. “Шамойили Мустафо” – сийрат китоби;
27. “Қуръони Каримда ахлоқ қоидалари”;
28. “Мусулмоннинг ахлоқи” тўплами;
29. “Жаннат башорати берилган ўн саҳоба”;
30. Саид ибн Мусаййаб, Убода ибн Сомит, Умар ибн Абдулазиз, Имом Шофеъий каби улуғларнинг шахсий ҳаётларига бағишланган китоблар;
31. Фиқҳ, Усул ал-фиқҳ, ҳадис, тарих, ҳуқуқий муносабатлар каби мавзуларда ёзилган кўплаб китоблар соҳиби.
Бевосита Ислом молиясига алоқадор китоблари:
1. “Ислом банклари”;
2. “Замонавий молиявий муносабатлар”;
3. “Ислом иқтисодиёти”;
4. “Замонавий фатволар”;
5. “Ислом фиқҳида молиявий амалиётлар” (“Financial Transactions in Islamic Jurisprudence”).
Доктор Ваҳба Зуҳайлий 2015 йил 8 август куни Дамашқ шаҳрида Дорул бақога риҳлат қилган. Аллоҳ таоло бу инсонни ўз раҳматига олсин.