Шайх Низом Муҳаммад Солиҳ Яқубий ҳафизаҳуллоҳ Ислом молияси ва банкчилиги соҳасида кўзга кўринган уламолардан бири ҳисобланади. Шайх Низом Яқубий AAOIFI нинг Шариат кенгаши аъзоси бўлиб, шу билан бир қаторда 40 дан ортиқ Ислом молия муассасаларидаги Шариат Кузатув кенгашларида ҳам Шариат бўйича эксперт сифатида фаолият олиб боради. Шайх Яқубий 1976 йилдан буён Баҳрайнда тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларидан дарс бериб келади. Араб ва инглиз тилларида 500 дан ортиқ маърузлари мавжуд.
Энди доктор Низом Муҳаммад Яқубий ҳафизаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолига қисқача тўхталиб ўтамиз:
Тўлиқ исми:
Низом бин Муҳаммад Солиҳ бин Абдул Раҳмон Ёқубий.
Насаби:
Бану Аббосга бориб тақалади (яъни аҳли байтдан ҳисобланади).
Куняси:
Абу Аҳмад.
Таваллуди:
1959 йил Баҳрайнда туғилган.
Бошланғич таълим олиши:
Шайх Низом жуда зиёли оилада тарбия топган. Отаси араб, инглиз ва форс тилларини мукаммал билган. Онаси ҳам мутолаани яхши кўрар эди ва ўғли Низомга жуда кўп китоблар ва ҳикоялар сотиб олиб берарди. Шайх Низом дастлабки таълимни ота-онасидан ўзлаштиради.
Илм олиши:
Бўлажак олим Шайх Абдуллоҳ Ал-Форсий Сиддиқий роҳимаҳуллоҳ асос солган шариат хайрия мактабида таҳсил олган. Устози Шайх Абдуллоҳ ас-Сиддиқий қўлида ўн бир ёшгача сабоқ олган. Шайх Абдуллоҳ ал-Форсий ас-Сиддиқий вафотидан сўнг, шайхнинг жияни Шайх Абдуллоҳ Ас-Сиддиқийдан Шофеъий фиқҳи, наҳв илми (араб тили грамматикаси), тафсир ва бошқа фанларни, шунингдек, Имом Ғаззолийнинг “Иҳё улумуд-дийн” ва Ал-Қасталонийнинг “Ал-маваҳиб ал-ладунийя” шарҳи каби китобларини таълим олган. Буларнинг барчаси бўлғуси шайхнинг дастлабки илм босқичлари эди. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг, давлат уни университетда ўқишни давом эттириш учун Канадага юборди. Шайх Монреалдаги McGill университетида иқтисод ва қиёсий дин йўналиши бўйича бакалавр босқичини, молия йўналиши бўйича магистр босқичини тугатган. Голландиядаги Гаага университетида ва Буюк Британиядаги Уэльс университети (University of Wales)да Шариат ва ислом илмлари бўйича PhD ёқлаган.
Илм талабидаги сафарлари:
Аллоҳ таоло шайх Низомга дунёдаги кўплаб кутубхоналарга бориб, улардаги китоблар ва қўлёзмалардан фойдаланиш имкониятини насиб этди. Шайх Низом Лондондаги Британия музейи, Париждаги Миллий кутубхона, Голландиядаги Лейден университети кутубхонаси, Германиянинг Берлин шаҳридаги давлат кутубхонаси, Гамбург университети кутубхонаси ва Мюнхендаги Болгария давлат кутубхонаси, АҚШдаги Принcтон университети кутубхонаси, Гарвард кутубхонаси, Миср кутубхонаси, Риёддаги қирол Файсал кутубхонаси, Мадина Университети кутубхонаси, Ислом университети кутубхонаси, Мисрдаги қўлёзмалар институти ва бошқа бир қатор кутубхоналарда илмий салоҳиятини оширди.
Устозлари:
Низом Яқубий жуда кўп олимлардан илм олди, хусусан, шайх Абдуллоҳ ал-Форсий Сиддиқий, шайх Юсуф ас-Сиддиқий, Баҳрайн давлатининг шариат олий апелляция суди судяси шайх Ҳабиб Ал -Раҳман Ал-Аъзамий, шайх Абдул-Раззоқ ас-Санъани, шайх Абдуллоҳ ибн Ас-Сиддиқ ал-Ғамарий ва унинг укаси шайх Абдулазиз ибн Ас-Сиддиқ Ал-Ғамарий, таниқли олим шайх Муҳаммад Ёсин Ал-Фадонийлардан, шунингдек Муфти Муҳаммад Тақий Усмоний, доктор, шайх Юсуф Қарзовий ва бошқа кўплаб ҳамаср уламолардан дарс олди.
Китоб, мақола ва рислолалари:
Шайхнинг бир нечта китоблари, жумладан, “Ота-онани улуғлаш фазилатларида кўзларнинг қувончи” (قرة العينين في فضائل بر الوالدين), “Тавба рисоласи” (رسالة في التوبة), “Намозда мусҳафга қараб қироат қилиш ҳукми бўйича уламолар иршоди” рисоласи (إرشاد العقلاء إلى حكم القراءة من المصحف في الصلاة), устози, шайх Саййид Аҳмад ибн ас-Содиқ ал-Ғамарийнинг “Фитр садақасини пул билан тўлаш бўйича тадқиқот”ига шарҳи ва кўплаб мақола ва рисолалари мавжуд. Ҳозирда шайх Низом Яқубий Имом Ғаззолий фатволари бўйича докторлик ишини қилмоқда.
Шайхнинг фатво усули:
Шайх Низом Муҳаммад ўзининг устози, таниқли доктор шайх Юсуф ал-Қарзовийнинг фатво усулини яхши кўради, чунки Юсуф Қарзовий саволга нафақат жавоб беради, балки фатвони даъват мактабига ҳам айлантиради. Фатво сўровчи шайхнинг жавобини олиш билан бирга нафси, ақли, дини учун ҳам фойда олади.
Шайхнинг ислом молияси соҳасидаги фаолияти:
Шайх Низом Яқубий ислом фиқҳини мукаммал билиш билан бир қаторда замонавий иқтисоддан ҳам кучли билим ва тажрибага эга. Ҳозирда шайх Низом AAOIFI Шариат кенгаши аъзоси, Capital Management House B.S.C. Кузатув кенгаши раиси, Қозоғистондаги ал-Ҳилол банк Шариат кенгаши аъзоси, шунингдек, Abu Dhabi Islamic Bank, BNP Paribas (Франция), Credit Agricole CIB (Франция), Dow Jones Islamic Index (АҚШ), Barclays, HSBC Amanah, Lloyds, TSB, Standard Chartered (Буюк Британия) каби 40 дан ортиқ ислом молияси тамойиллари асосида фаолият юритувчи муассасаларда Шариат кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Аллоҳ таоло шайх Низомни ўз паноҳида асрасин ҳамда Ислом молияси соҳасидаги, шунингдек ислом илмларини ёйиш борасидаги ишларини янада барокатли қилсин.