Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Ростгўй, омонатли тижоратчи набийлар, ростгўйлар ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар. (Термизий ривояти)
#Савол:
Баъзи савдо фирмалари харидорларни жалб қилиш учун (реклама сифатида) сотувнинг турли усулларини қўллашади, масалан чегирмалар таклиф қилишади. Мен дўкон эгаси/сотувчи сифатида шундай усулларни ўз дўконимда қўллашим жоизми?
#Жавоб:
Aксарият уламолар маҳсулот ва хизматларни амалдаги бозор нархларидан арзонроққа сотиш ҳам жоиз, дейишади.
Бу ҳанафий мазҳаби, моликийлардан Ибн Рушд, шофеийлар ва ҳанбалийлар, зоҳирийлардан Ибн Ҳазмнинг қарашидир.
Бу фикрга далил:
Биринчидан: Ра сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нархларни белгилашга аралашишни зулмнинг бир тури деб ҳисоблаганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Албатта, Аллоҳнинг Ўзи нарх белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбарў бўлишни хоҳлайман», дедилар». (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган).
Иккинчидан: шариат одамларни олди-сотдида ва ҳар қандай савдо-сотиқда юмшоқ бўлишга ундайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Олаётганда ҳам, сотаёганда ҳам, ҳақини талаб қилаётганда ҳам саховатли бўладиган одамни Aллоҳ раҳматига олсин”. (Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.).
Шубҳасиз, бирор нарсани мавжуд баҳосидан арзонроққа сотиш ҳам шунга киради. Ибн Рушд бозорда бирор нарсани бошқаларга қараганда арзонроқ сотган киши ҳақида шундай деганлар: “Aгар одамларнинг манфаати учун қилса, у раҳмат эшитади, агар у буни Аллоҳ розилиги учун қилса, савоб олади”. (Aл-Баён вал-таҳсил, 9/306).
Учинчидан: маҳсулот ва хизматларнинг нархи уларнинг эгаларига тегишли бўлиб, бу борада уларга кўрсатма беришга ёки уларнинг қиймати юзасидан уларни мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Баъзи уламолар маҳсулот ва хизматларни амалдаги бозор нархларидан пастроққа сотиш жоиз эмас, деганлар. Бу моликийларнинг қарашидир.
Тўғрироқ фикр шуки, нарсаларни амалдаги бозор нархларидан арзонроққа сотиш жоиздир, чунки олди-сотди ва бошқа битимлар томонларнинг ўзаро розилигига асосида амалга оширилади. Зеро, Aллоҳ таоло айтади:
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли». («Нисо» сураси, 29-оят).
Aгар сотувчи ўз товар ёки хизматларини амалдаги бозор курсидан пастроқ нархда сотишга рози бўлса, уни бундай қилишига тўсқинлик қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ, чунки умумий кўрсатма савдо-сотиқ жоиз/мубоҳ амалдир. Бу боради Aллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:
«Аллоҳ савдони ҳалол ва рибони ҳаром қилди» («Бақара» сураси, 275 – оят)
Шунинг учун, ишончли далилларга асосланмаган ҳолда, ҳеч қандай савдони таъқиқлаш мумкин эмас. Шу билан бирга, агар давлат раҳбари ёки тегишли давлат идоралари (масалан, Монополияга қарши кураш вазирлиги/ташкилоти) бирор бир гуруҳ келишиб олиб, сунъий равишда (албатта, ғаразли мақсадларда) бозордаги нарх-навони назорат қилиш учун бирор бир турдаги маҳсулотларни нархини тушириб сотишмоқда (бу замонавий иқтисод тилида “демпинг” дейилади) деган маълумотга эга бўлишса, у ҳолда бошқа савдогарларнинг ва умуман бозор иштирокчилари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бу ҳолатга аралашишлари, яъни амалдаги бозор нархларидан пастроқда сотишнинг олдини олишлари мумкин. Чунки бу ҳолатни ўз ҳолига ташлаб қўйиш каттароқ бузғунчиликка сабаб бўлиши мумкин.
Ва яна Aллоҳ билувчироқдир.
Манба: https://islamqa.info да берилган савол-жавоблар асосида тайёрланди.