Мамлакатимиздаги аксарият тадбиркорлар ўз фаолиятларини шерикчилик асосида юритишини инобатга оладиган бўлсак, кўп саволлар ҳамкорлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида эканлиги ажабланарли эмас.
Қуйидаги энг кўп бериладиган саволларга қисқа ва лўнда жавоб беришга ҳаракат қиламиз (яқин орада бу масалани янада чуқурроқ очиб беришга ҳаракат қиламиз):
1. Шерикчиликда фойда қандай тақсим қилинади?
Фойда томонларнинг бизнесдаги улушига асосланиб бўлинади, лекин бу улуш фақат мўлжал сифатида олинади, яъни, шерикларнинг бири бизнесда фаол бўлиши, иккинчи шерик эса фақат бизнесга сармоя киритиш билан чекланиб, бизнес фаолиятга аралашмаслиги мумкин. Бу ёки шу каби бошқа омилларнинг мавжудлиги бизнес фаолият давомида кўрилган молиявий фойдани бизнесдаги улушдан бошқа нисбатда тақсим қилишга асос бўла олади (албатта шериклар ўртасидаги ёзма келишув/битим асосида). Масалан, шериклар 50/50 сармоя киргазиб, фойдани 70/30 (ёки бошқа нисбатда) тақсимлашларида монелик йўқ, фақат бизнесда фаол бўлмаган шерикнинг фойдадаги улуши бизнесга тикилган сармоядаги улушидан ошиб кетиши мумкин эмас.
Томонларнинг фойдадаги улуши айнан корхонанинг фойдасидан ёки амалга оширилган маълум бир бизнес лойиҳа натижасида кўрилган фойдадан келиб чиқиб тақсимланади, аммо киргазилган сармояга нисбатан олдиндан белгилаш (масалан, йилига сармоянинг 5-10-20%) мумкин эмас. Шунингдек, томонларнинг фойда миқдори аввалдан белгиланган аниқ миқдорда ҳам бўлиши мумкин эмас (масалан, фалончига 3 миллион сўм, фалончига 5 миллион сўм каби).
2. Шерикчиликда кўрилган молиявий зарар қандай тақсимланади?
Молиявий зарар қатъий равишда томонларнинг бизнесдаги улушига мувофиқ тарзда бўлинади/тақсимланади, яъни агар бизнесдаги улуш 60/40 бўлса, молиявий зарар ҳам фақат шу нисбатда бўлинади/тақсимланади.
3. Бизнесдаги бир шерикнинг бизнесга тиккан сармояси бошқа шерик томонидан кафолатланиши мумкинми?
Йўқ, яъни бизнес ҳамкорлар бир бирининг сармоясини молиявий зарардан кафолатлаши мумкин эмас.
Бу масалани бироз тушунтириб ўтиш лозим бўлса керак: баъзида бирор бизнесга пул тикилганда шериклардан бири ўз тиккан сармояси бутун қолишини хоҳлайди/талаб қилади, яъни зарар кўришни хоҳламайди, лекин тадбиркорлик фаолияти бундай бўлмайди. Бизнесга сармоя киритиб фойда кўрмоқчи бўлган тадбиркор зарар кўриш хатарига ҳам тайёр бўлиши керак. Тадбиркорлик фаолияти таваккалчилик билан чамбарчас боғлиқ.