Savol
Ассалому алайкум. Телеграм каналини тузиб маълумот бераётганинглар учун катта раҳмат! Ажр мукофотини икки дунёда ҳам олишингизни Аллаҳ насиб этсин.
Бир қариндошим савдо билан шуғулланади, яни Туркиядан кийимлар заказга олиб келиб беради. Савол: заказ қилинган товарга олдиндан тўлов олиш жоизми? Ҳа бўлса, қайси ҳолатларда ва йўқ бўлса нима сабабдан. Жавоб учун ташаккур
Javob
Ва алайкум ассалом, яхши тилак ва дуолар, ҳамда бугунги кунда кўпчилик тадбиркор/савдогарлар учун муҳим масалани савол шаклида кўтарганлигингиз учун рахмат.
Ҳа, сизнинг қариндошингиз олдиндан тўлов (бўнак) олиши мумкин, фақат у хали ўзида йўқ бўлган молга бўнак олаётганлиги учун, у қуйидагиларга амал қилиши лозим:
- Мол олиб келишга буюртма бераётган харидор сизнинг қариндошингизга (савдогар) сотиб олиб келинган молни сотиб олиш ваъдасини бериши керак (ваъда ёзма холда бўлгани яхши, чунки оғзаки равишда берилса кейинчалик тушунмовчиликлар бўлиш эхтимоли катта). Ёзма ваъда қуйидагича бўлиши мумкин: «мен (Ф.И.Ш.) фалончидан (Ф.И.Ш.) 100 та шим, 50 та қалпоқни фалон нархда, фалон вақт ичида в.ҳ.к.з. сотиб олиш ваъдасини бераман». Фақат билингки, ушбу ваъда (wa’ad) бир томонлама бўлиб, шартнома ҳисобланмайди.
- Кейин, харидор ўз буюртмаси жиддийлигини билдириш мақсадида савдогарга бўнак бериши мумкин (буни ислом молиясида «ҳамиш жиддия» дейилади). Бўнак, савдогар учун чет элдан мол олиб келиш учун асос бўлади (яъни савдогар чет эллик ҳамкорларига буюртма бериши, тўлов амалга ошириши, олиб келиши учун).
- Савдогар молни чет элдан олиб келгандан кейингина савдогар ва харидор ўртасида ҳақиқий олди-сотди амалга оширилади.
- Кейин, харидор мол нархининг қолган қисмини тўлайди ва уни қўлга киритади.
- Агар харидор олиб келинган молни сотиб олишдан бош тортса, у ҳолда савдогар молни бозор нархида ўзи сотиб юборади. Агар тушган пул ва олинган бўнак савдогар қилган харажатларни қоплаш учун етарли бўлмаса, савдогар буюртма берган харидордан қилинган харажатларни (қолган қисмини) қоплашни талаб қилиши мумкин. Аммо тушган пул савдогар қилган харажатларни қопласа ва ҳатто олинган бўнакдан кўп бўлса, унда бўнак харидорга қайтарилади. Олинган бўнак қайтарилгандан қолган маблағ савдогарнинг фойдаси ҳисобланади.
Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин:
Харидор савдогарга мол сотиб олиш учун 30$ бўнак берди, харажат 100$ ни ташкил этди. Аммо мол сотиб олиб келинганда харидор олишдан бош тортди. Бунда 3 хил ҳолат бўлиши мумкин:
- Савдогар молни бошқа харидор топиб 80$ га сотди, савдогар бўнакдан 20$ (100-80) олиб қолади ва 10$ ни буюртма берган харидорга қайтаради.
- Савдогар молни 60$ га сота олди, савдогар 30$ бўнакни тўлиқ олиб қолади ва яна 10$ буюртма берган харидордан талаб қилади.
- Савдогар молни 110$ га сотди, савдогар бўнакни тўлиқ қайтаради ва 10$ ўз фойдасига ҳам эга бўлади.
Валлаҳу аълам.