Россия Федерациясидаги ислом молия муассасаларининг иккинчи йирик гуруҳи – бу ислом молия маҳсулотларини “ислом дарчалари” орқали ёки уларни ташкил этмасдан, аҳоли ва бизнес вакилларига тўғридан тўғри тақдим этувчи банклар ҳисобланади.
2. Ислом банклари ва дарчалари
Нобанк микромолия ташкилотлари бозордаги ўрнини барқарор равишда мустаҳкамлаб бораётган бир пайтда, бошланғич сармоя (initial funds) етарлича бўлишига қарамасдан, банк тармоғи яхши ривожланиб кетмаяпти. Ислом молия бозорига ўз маҳсулотлари билан кирган Россиянинг 8та банки орасида фақат иккитаси 2019 йил якунида ислом молия хизматларини кўрсатмоқда эди. Чунки Россия Марказий банки бир неча банклардан берилган лицензияларини қайтариб олди ва мавжуд банкларнинг 3 тасида қайта ташкил этиш тартибини жорий этди, улар орасида Татфондбанк (Татаристон) қошида очилган Татагропромбанк ислом дарчаси ҳам бор эди. Банкнинг Ислом молияси бўйича лойиҳаси – “Шерикчиликка асосланган банк маркази” Татаристон Республикасининг ислом банкчилиги соҳасидаги биринчи синов (пилот) лойиҳаси сифатида қаралган эди ва унинг тўхтатилиши минтақавий ва халқаро экспертлар ҳамжамияти томонидан салбий кутиб олинди. Қолган икки банк – Sovcombank ва Express банк, ўз ихтиёрларига биноан ислом молияси бўйича синов маҳсулотларини тўхтатдилар.
Қисқа муддат фаолият юритганига қарамасдан, Ellipse Банкнинг Уфа шаҳридаги (Бошқирдистон) ислом дарчаси ҳисобланган Vostok Capital ислом молиясининг бир қанча маҳсулот ва хизматларини тақдим этишга улгурди. Улар жумласига жорий ҳисоб (current accounts, қарз ҳасан) ва ижарага асосланган молиялаштириш киради. Унинг мижозлари сони 250 нафардан, шу жумладан, маблағ олувчилар сони 50 тадан ошди.
Татфондбанкнинг активлари қиймати 2017 йилда 214 млрд. рублга (тах. 3.4 млрд. АҚШ доллари) тенг эди. 2016 йилда ислом молия бозорига ҳам кириб келган Сбербанкнинг жами активлари ҳажми эса 2019 йил охирида 29.1 трлн. рубл (тах. 456 млрд. АҚШ доллари)ни ташкил этди. Банк веб-саҳифасида ёзилишича, Россияда Банкнинг 95.4 миллион фаол мижозлари мавжуд бўлиб, улардан 2.5 миллионтаси тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Банкнинг мамлакатдаги филиаллари сони 2019 йилда 14 200 дан ортди. Сбербанкнинг ислом молия бозорига кириб келиши ҳисобига 2018 йилда ислом молия активларининг ҳажми икки баробарга ошди. Банкнинг мазкур соҳадаги биринчи битими Татаристонда жойлашган лизинг компанияси билан бўлди, ушбу шартномага кўра, Сбербанк лизинг компаниясига 45 млн. рубл (тах. 700 минг АҚШ долларидан ортиқ) миқдоридаги маблағни Музораба асосида ажратди.
Россиянинг энг йирик банки ҳисобланадиган Сбербанкнинг ислом молияси тармоғидаги активлари ҳажми 2019 йилда 16 млрд. рубл (тах. 250 млн. АҚШ доллари) дан ошди. Ушбу сумма 2019 йил апрел ойида Туркманистонга берилган 219.5 млн. АҚШ доллари қийматидаги аккредитивни ҳам ўз ичига олади. Банк, асосан, экспортни (айниқса, ғалла экспортини) молиялаштиришга эътибор қаратган бўлиб, бу йўналиш банкдаги ислом молия амалиётларининг қарийб 98 фоизини ташкил қилади. Сбербанк фойдаланадиган ислом молия битимларининг хусусиятлари ва ҳуқуқий ёки шаръий жиҳатдан тузилиши тўғрисида очиқ маълумотлар мавжуд эмас. Сбербанк ўзини кўпроқ банк сифатида эмас, балки жадал ривожланиб бораётган молиявий экотизим сифатида намоён этиб бормоқда. Банкнинг маҳсулот ва хизматлари ҳам компаниялар, ҳам чакана банк мижозлари ўртасида машҳурдир. Банк махсус тадбирлар ва оммавий ахборот воситалари орқали ўзининг ислом молияси амалиётлари тўғрисида чекланган маълумотларни тақдим этади. Сбербанкнинг ислом молияси бўйича режаси лойиҳа бошлангандан бери ўзгарди. 2017 йилда Сбербанк махсус ислом молия субъектини ташкил этишни ва тартибга солувчи тизимда ўзгаришларни амалга оширишни режалаштирган эди. Бироқ икки йил ичида, банкнинг ислом молия портфели йил сайин ўсиб борганига қарамай, режалар амалга ошмади.
Банк ўзининг Ислом молия бозорида мавжудлигини қуйидаги йўналишларда намойиш этади:
1) Лойиҳаларни молиялаштириш асосида корхоналар учун шариат талабларига мувофиқ маблағлар ажратиш (музораба битими асосида);
2) Дон ва бошқа маҳсулотларни Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилишни молиялаштириш;
3) Халқаро молия муассасалари билан ҳамкорликда Вакала-муробаҳа битимлари тузиш;
4) Ижтимоий масъулиятга эга бизнес (socially responsible business) ва финтеклар (инновацион молия)ни молиялаштириш.
Сбербанкнинг Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширган йирик битими Туркманистон ТАПИ (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Эрон) газ қувурини ўтказиш лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Унга кўра, Челябинск қувур заводи лойиҳанинг 214 км қисми учун қувурлар етказиб беришни зиммасига олди. Лойиҳа давомида Туркманистон Ташқи иқтисодий фаолият давлат банки аккредитив чиқарувчи банк, Сбербанк уни тасдиқловчи банк, ИТБ эса зиммасига чиқарилган аккредитивни қоплаш бўйича орқага қайтмайдиган мажбурият (the irrevocable commitment for reimbursement) олувчи томон сифатида иштирок этди.
2019 йилда Сбербанк Россиянинг турли минтақаларида хайрия ташкилотлари учун маблағ йиғишга қаратилган Россиянинг ИТ-стартап лойиҳаси – Payzakatнинг акцияларини сотиб олди.
Сбербанкнинг қайд этишича, Россия бизнес субъектлари ҳар йили ўртача 8.5-9 млрд. рубл (тах. 140 млрд. АҚШ доллардан ортиқ) миқдордаги ислом молияси маҳсулот ва хизматларига эҳтиёж туғилмоқда.
2020 йилда Сбербанк ислом молияси соҳасида аҳамиятга эга қуйидаги ишларни амалга оширди:
- Биринчи марта Миср республикасига Россия буғдойини экспорт қилиш бўйича 13 млн. АҚШ доллари миқдорида савдо битимини Халқаро савдони молиялаштириш Ислом корпорация билан ҳамкорликда молиялаштирди;
- Сбербанк Россия ва БААда “Sberinvest Middle East Limited” деб номланган шуъба корхонасини рўйхатдан ўтказиш учун тегишли рухсат олди. Ушбу муассаса инвестиция маҳсулотларини шариат тамойилларига мослаштирадиган, ислом молия маҳсулотлари тақдим этадиган, Яқин Шарқ сармоядорлари билан тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини ўрнатадиган ва Россия озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишни ривожлантирадиган ислом дарчасига айлантирилиши мақсад қилиб қўйилган.
- Payzakat хайрия платформаси Global Islamic Finance Awards мукофотига сазовор бўлди ва платформадан фойдаланувчилар сони 4000 дан ошди.
Қуйида Россияда фаолият юритган ва ҳозирги кунда ҳам фаолият олиб бораётган ислом банклари ва дарчалари рўйҳати келтириб ўтилган:
Муасса/лойиҳа номи | Ташкил топган йили | Тугатилган йили | Тугатилиш/ўзгариш сабаби (агар мавжуд бўлса) | Ҳудуд | Фойдаланиладиган маҳсулотлар тури |
---|---|---|---|---|---|
Bank Express | 2008 | 2011 | Банкнинг ички қарори асосида | Доғистон | Тўлов картаси Муробаҳа (Ҳаят) картаси |
AF Bank | 2010 | 2012 | Лицензияни банкдан олиб қўйиш | Бошқирдистон | Тўлов картаси |
Vostok capital (Ellipse Банки ислом дарчаси) | 2011 | 2014 | Бош банкдан лицензияни олиб қўйиш | Нижний Новгород Бошқирдистон Саратов | Жорий ҳисоб рақами Ижара |
Москва Саноат банки | 2015 | 2019 | Россия Марказий банки томонидан банкни қайта ташкил этиш | Россиянинг барча ҳудудлари | Ҳаж зиёратчилари учун тўлов картаси |
Шерикчилик банк маркази (Татагропромбанк) | 2016 | 2017 | Бош банкдан лицензияни қайтариб олиш натижасида ликвидлик муаммоси | Татаристон | Музораба инвестмент Муробаҳа Музораба |
Сбербанк | 2016 | – | – | Россия ва Халқаро бозор | Муробаҳа Музораба |
Совкомбанк | 2017 | 2019 | Банкнинг ички қарори асосида | Татаристон Бошқирдистон ва бошқа ҳудудлар | “Қарз ҳасан” тамойилига асосланган тўлов картаси |
AK BARS Bank | 2019 | – | – | Татаристон | Кўчмас мулкни молиялаштириш |
Давоми бор…
Россиялик тадқиқотчи олима Мадина Калимуллина мақоласи асосида тайёрланди