“Ҳалол” молияга ҳозирча ҳуқуқий тўсиқлар халақит бермоқда, аммо бу вақтинча.
Россияда ҳукумат ислом банк фаолиятини қонунийлаштиришга ҳуқуқий асос яратиш арафасида. Мазкур янгилик дастлаб Доғистон ва Чеченистонда синовдан ўтказилиши кутилмоқда. Бироқ, Татаристон ҳам ушбу тажрибага қўшилиш истагини билдирди.
Ислом молияси бўйича мутахассис, сармоядор Зокир Ибрагимов “Реалное время” газетасининг “муаллифлик мақоласи” рукнида, ислом банки анъанавий банк фаолиятидан қандай фарқ қилиши ва у мамлакатда қандай жорий этилиши мумкинлигини тушунтирди.
Россияда ислом банкчилиги бу тажриба эмас балки, муқаррарлик
Жорий йилнинг август ойида Россия Марказий банки мамлакатда ислом банк тизимини жорий қилиш бўйича тажриба бошланганлигини эълон қилган эди. Чеченистон ва Доғистон синов ҳудудлар сифатида танланган.
“Чеченистон ва Доғистон Республикалари Россия Федерацияси молия вазирлиги тарафидан ушбу лойиҳа субъектлари сифатида таклиф қилинган ва президент қарорида тасдиқланган. Лойиҳа Россия банки иштирокида молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилмоқда ва қонунчиликка ўзгаришлар киритишга тайёргарликни ҳам ўз ичига олади. Россия Федерацияси субъектлари ҳудудидаги тажрибанинг бошланғич босқичи 2023-йилда амалга оширилиши кутилмоқда”, – деб хабар беради Марказий Банк.
Шимолий Кавказнинг икки минтақаси танланганлиги ҳеч кимни ҳайратлантирмади. Одамларда кўпроқ савол туғдирган масала, ушбу тизимни ишга тушириш ҳудудлари сифатида режалаштирилган Татаристон ва Бошқирдистон охир-оқибат лойиҳага киритилмагани бўлди. Аммо шуни таъкидлаш керакки, ислом банкининг Россия иқтисодиётига киритилиши муқаррар бўлиб, у бир тажриба эмас, балки муқаррар келажакдир. Менимча, ислом молияси, бутун дунёда жорий қилинади, сабаби бугунги кунда инсониятнинг бошқа муқобил тизими йўқ.
Рибога (судхўрликка) асосланган анъанавий молия тизими объектив сабабларга кўра ўз чегара чизиғига етиб келди ва инсоният энди боши берк кўчага кириб бормоқда. Дунёнинг марказий банклари ва бутун дунё бўйлаб молиявий тартиблашга масъул бўлган ташкилотлар вазиятни назорат қилиш учун тобора камроқ воситаларга эга бўлиб бормоқдалар. Натижада, биз иқтисодиётдаги кўплаб носозлик ва камчиликлар, дунёнинг турли минтақаларидаги юқори инфляция даражаси гувоҳи бўлмоқдамиз ва кўплаб мамлакатлар “молиявий тешикларни ёпиш” ҳаракатида кўпроқ ва кўпроқ пул босиб чиқармоқдалар.
Пуфак ёрилганда
Аслида, АҚШ Федерал захира тизими “юмшоқ дефолт” билан шуғулланмоқда, яъни у давлатнинг тўловга лаёқатсизлиги эълон қилинадиган “қаттиқ дефолтни” ўтказмай, балки бутун дунёдан қарзлари ҳажми йилдан-йилга ортиб бораверади. Қарзлар миқдори тобора ошиб бориши туфайли юзага келган юмшоқ инқироз янада кўпроқ пул чоп этишни тақозо қилади ва муаммо вақтинчалик ечим топади гўё. Албатта, бу ўта адолатсиз амалиёт, бу ҳолат абадий давом эта олмайди. Жамоатчилик бу иш охир-оқибат ниҳоясига етишини тушунади. Ҳа, бу жараён вақт ўтиши билан чўзилиши мумкин, аммо у чексиз давом эта олмайди.
Ислом молияси – бу инсоният учун энг тўғри йўлдир. Ислом молиясининг жорий этилиши, унинг тамойилларига риоя қилиш, инсониятни кўплаб молиявий муаммолардан халос қилади.
Кўриб турганимиздек, молия бозорлари совун пуфакчалар каби шиширилди. Молиявий тизимлар “ҳаддан ташқари қизиб кетган”, маҳсулотлар ва хизматлар нархи, иқтисодиётга борган сари кўпроқ пул киритилаётгани сабабли, янада қимматлашмоқда.
Россияда ҳам ислом молияси кенг тарқалади
Ислом молияси жорий этилиши билан бу муаммоларнинг барчаси унутилиб кетади деб умид қиламиз, чунки бунда маблағлар тақсимоти адолат ила амалга оширилади. Хатарларни тақсимлаш ва жавобгарликни зиммага олиш нуқтаи назаридан қарз берувчи ва қарздорлар бир тан бўлиб ҳаракат қилишади – адолатга асосланган ислом молияси тизимида шундай бўлиши керак.
Ҳозирда бу иш умуман бошқача тарзда содир бўлмоқда: қарз берувчи кредиторлар ўз зиммаларидан барча хатарларни олиб, қарздорнинг зиммасига юкламоқдалар. Умуман олганда, бу муаммонинг ечими мавжуд – ислом молиясини татбиқ қилишнинг ўзи кифоя. Ислом молиясида пул маҳсулот сифатида кўрилмайди, балки у айирбошлаш воситаси сифатида қаралади.
Шунга кўра, ислом молиясини синов тарзида татбиқ қилиш ва ушбу тизимнинг аста-секин бутун дунёда ривожланиши, мавжуд тизимнинг яхши муқобили борлиги ҳақидаги тушунча ҳосил бўлишига олиб келади. Иқтисодиёт молия бозорининг ҳар бир иштирокчисига нисбатан адолатли ва ҳаққоний тарзда шаклланиши мумкин.
Зокир Ибрагимов
Ислом молияси бўйича мутахассис, сармоядор