Рамазон руҳий покланиш ойидир. Ушбу муборак ойда молиявий аҳволингизни тартибга солиш ҳам бу покланишга ёрдам бериши мумкин, агар сиз буни тўғри амалга оширсангиз, албатта. Ушбу мақолада биз Рамазон ойида молиявий бюджетинигизни қандай мувофиқлаштиришни муҳокама қиламиз.
Мақолада биз кўриб чиқадиган масалаларнинг қисқача мазмуни:
– Саховатли бўлинг ва эътибор билан хайрия қилинг. (Биз қисмда закот , фитр садақаси, садақа ҳам қамраб олинган)
– Овқатланиш дастурингизни режалаштиринг ва набавий кўрсатмага амал қилинг.
– Рамазон кечалари ва Ҳайит байрами учун совғалар тайёрланг, уларни улашинг ва тизимли харидни амалга оширинг.
– Рамазондан унумли фойдаланиш бўйича самарали усулларни қўлланг, жумладан, истиғфор (мағфират сўраш)ни ҳам кўпайтиринг, бу сизнинг бойлигингизни зиёда бўлишига сабаб бўлади (бўлиши мумкин).
Хайр-эҳсон қилинг
Биз мусулмонлар Рамазон ойида юзлаб миллионларни хайрия қиламиз ва энг тўғриси ҳам шудир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар ва Рамазонда янада саховатлироқ бўлар эдилар” (Саҳиҳ ал-Бухорий).
Шундай экан, закотингизни беринг ва бошқа садақа-эҳсонлар миқдорини ҳам кўпайтиринг. Булар ҳақида қуйида батафсилроқ тўхталамиз.
– Закот
Закот Исломнинг учинчи устунидир, унда мусулмонлар ҳар йили бойликларининг 2,5 фоизини хайрия қилиш орқали ўз бойликларини поклайдилар ва хайрия ишларини қўллаб-қувватлайдилар. Аксарият мусулмонлар кўпроқ савоб олиш учун ўз закотларини айнан Рамазон ойида беришга ҳаракат қилишади.
Қўшимча маълумот олиш учун бизнинг закот ҳақида тез-тез сўраладиган саволларга берилган жавобларимизга мурожаат қилишингиз мумкин. Сиз, албатта, бизнинг кенг қамровли закот калкуляторимиздан ҳам фойдаланиб кўриш имконига эгасиз.
Фитр садақасини ҳам унутманг. Бу имкони бўлганлар томонидан Рамазон ойи охирида Рамазон ҳайитигача тўланадиган муайян молиявий мажбуриятдир. Маҳалла масжидингизда қанча ва кимларга закот беришингиз мумкинлиги юзасидан маслаҳат беришади.
– Садақа
Садақа жуда фазилатли ибодат бўлиб, жуда кўп фойдалар келтиради. Шуни ёдда тутиш керакки, садақа фақат пулга тегишли эмас. Бошқа инсонга нисбатан тақдим этиладиган ҳар қандай хайр-эҳсон, ва хатто оддий табассум ҳам, садақа ҳисобланади.
Садақани кўпайтиришнинг энг осон йўлларидан бири – мавжуд буюм/ашёларингиздан халос бўлишдир. Сизга керак бўлмаган нарсаларингизни ҳадя қилинг. Чунки катта эҳтимол билан, охирги 5 йил давомида кийим жавонингизда турган, фойдаланилмаган кўйлакни ҳеч қачон киймаслигингиз мумкин. Шу билан бирга, хайр-эҳсон қилаётган нарсаларингиз сифатли эканлигига ишонч ҳосил қилинг.
Муайян миқдор садақа пулини дарҳол беришнинг яна бир усули, одатда тушлик ёки қаҳва учун сарфлайдиган пулингизни садақа қилишдир.
Ва умуман хасислик қилманг, сахий бўлинг! Қуйидаги ҳадис хайр-эҳсон, садақа сизнинг молингизни камайтирмаслиги юзасидан муҳим эслатмадир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа молни камайтирмайди”, дедилар (Саҳиҳ Муслим).
Ва ниҳоят, хайр-эҳсон қилишда бу ишни имкон қадар самарали қилиш ҳақида ўйланг. Зеро, исломда хайрия жуда катта яхши амал ҳисобланади.
Овқатланиш дастурингизни режалаштиринг
Набавий овқатланиш одатларига амал қилинг. Ўзингиз учун фойдали бўлган даражада таом истеъмол қилинг, ўзингизни ушлаб туриш учун кифоя қиладиган даражада овқатланинг, ортиқча таомланишдан сақланинг. Машҳур ҳадисда айтилганидек, ошқозонингизнинг учдан бир қисмини овқат билан, яна учдан бирини ичимлик билан, қолган учинчи қисмини эса ҳаво билан тўлдиринг (Саҳиҳ ат-Термизий).
Таомномангизни соддароқ қилинг ҳамда тайёр, сақлаш мумкин бўлган уй таомларига кўпроқ урғу беринг. Ушбу ёндашув озиқ-овқат исрофгарчилигини имкон қадар камайтиришга ёрдам беради ва сиз кўпроқ ибодат билан машғул бўлишингиз учун вақтни бўшатади. Бозорга ёки дўконга боришдан олдин харид қилинадиган маҳсулотлар рўйхатини тузинг ва унга риоя қилинг – бўш ошқозон сизни ўзингизга керак бўлмаган нарсаларни харид қилишга мажбур қилишига йўл қўйманг!
Бундан ташқари, «гўштсиз кунлар» тажрибаси ўтказиб туринг. Бу нафақат харажатларни тежашга ёрдам беради, балки тутаётган рўзаларингизни янада соғлом ва енгил қилади.
Совға қилинг ва тизимли харид қилинг
Ҳайит совғаларини эртароқ сотиб олиш пулни тежашга ёрдам беради, чунки сиз бунда савдолашиб совғалар нархини бироз бўлса ҳам тушириб арзонроқ олишингиз мумкин. Шунингдек, бу сизга вақтингизни тежашга ёрдам беради, айниқса охирги ўн кечада сиз ибодат қилишга эътибор қаратмоқчи бўлсангиз. (яъни сиз ташқарига чиқиб, дўконма-дўкон юриб нарса қидириб юрмайсиз, балки буни ўрнига ибодат билан машғул бўласиз).
Рамазон ва ҳайит байрам безаклари учун ўзингизда мавжуд безакларни қайта ишлатинг. Безакларни сотиб олиш ўрнига, уларни биргаликда ясаш орқали оилангиз билан мароқли вақт ўтказишингиз мумкин. Бу, шунингдек, уларга ўзгача ҳис-туйғу ато этади.
Рамазондан унумли фойдаланинг
Молиявий масалаларни тартибга солиш билан бир қаторда, Рамазон ойидан унумли фойдаланиш учун қўлингиздан келган савоб амалларни кўпроқ қилинг. Қуръон ўқиш, саловот ўқиш ва тақвони мустаҳкамлашга алоҳида вақт ажратинг.
Қуръони Каримдаги қуйидаги оятларига кўра, бойлигингизни кўпайтириши мумкин бўлган истиғфорни кўпайтиринг.
«Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир” дедим. “У зот осмондан устингизга кетма-кет Барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни беради” (“Нуҳ” сураси, 10-12 оятлар).
Келгуси йил учун шахсий ва профессионал режа ва мақсадларингизни белгиланг. Рамазон – бунинг учун ажойиб вақт, чунки бу ойда сиз Аллоҳ таолога кўпроқ боғланасиз. Бу сизга мусулмонларнинг асосий мақсади – Аллоҳ таолонинг розилигини топиш имконини беради.
Хулоса
Бу юқорида баён этганганларимиз Рамазон ойида ўз бюджетингизни қандай тартибга солиш бўйича маслаҳатларимиз эди. Тўғри бажарилса, улар сизга эришишингиз мумкин бўлган савобларни янада кўпайтириш ва ушбу муборак ойдан унумли фойдаланишингизга ёрдам беради, иншаа Аллоҳ. Бошқа таклифларингиз бўлса, қуйида изоҳларда қолдиринг!
Maнбa: https://www.islamicfinanceguru.com/articles/personal-finance/financial-tips-for-a-successful-ramadan