Савол:
Қурувчи ташкилот, қурилиш ишлари тўлиқ якунлангандан кейин сотилиши кўзда тутилган кўп қаватли уй қурилиши лойиҳасини бошлаган ва қурилиш ишларини охирига етказиш учун зарур бўлган молия маблағларини ислом банкидан олишни режалаштирган.
Ислом молия муассасаси бундай лойиҳани молиялаштириши мумкинми?
Жавоб:
Шариат бўйича қурилиш лойиҳасини молиялаштириш мумкин ва бу қуйидагича амалга оширилади:
Қурувчи ташкилот ислом банки билан мушорака битими имзолайди. Биламизки, мушорака бу икки ёки ундан ортиқ томонлар ҳамкорлик шартномаси бўлиб, бунда томонлар бизнес лойиҳага пул ёки мулк кўринишида сармоя киритишади ва лойиҳани амалга оширишади. Лойиҳа натижасида кўрилган фойда шартнома тузиш пайтида келишилган нисбатда, зарар эса томонлар бизнесга киритган улушига мос равишда тақсимланади.
Бу лойиҳада қурилиш ташкилотининг бизнесга киритаётган улушни тўғри қайд этиш учун лойиҳада иштирок этаётган барча мол-мулк томонлар келишувига кўра ёки мустақил (баҳоловчи) ташкилот томонидан баҳоланади.
Шундай тарзда баҳоланган барча мол-мулк қурилиш ташкилотининг лойиҳага киритаётган улуши сифатида қайд этилади.
Қурилиш лойиҳасини якунига етказиш учун ислом банки томонидан ажратилган молия маблағлари мушорака битими доирасидаги банкнинг улуши сифатида қайд этилади.
Томонлар қурилиш ташкилотини лойиҳани бошқарувчи томон қилиб тайинлашади.
Мушорака битимига кўра бошқарувчи томон қурилаётган уйларни учинчи томон – харидорларга сотиш бўйича шартномалар тузади.
Лойиҳа якунига етиб, қурилган уйлар харидорларга топширилади ва улардан тушган пул маблағлари лойиҳани молиялаштирган банкда мушорака битими доирасида очилган махсус ҳисоб рақамда йиғилади.
Сотувдан тушган пуллар томонлар киритган сармояни қоплаш учун етарли миқдорга етгач, томонлар киритган маблағлар уларга қайтарилади. Бу бир мартада ёки секин-аста (яъни муайян бир келишилган муддат ичида) амалга оширилиши мумкин.
Лойиҳа доирасида кўрилган фойда мушорака битимида келишилгандек тақсимланади. Мушорака битими, томонларнинг лойиҳага киритган сармояси уларга қайтариб бўлинганидан ва фойда тақсимоти амалга оширилгандан сўнг якунига етган ҳисобланади.
Эслатма: Ушбу фатво ислом молияси ташкилотлари дуч келадиган баъзи амалий жиҳатларни тушунтириб бериш мақсадидагина тақдим қилинган. Бу ерда баён этилган фатво Дар ал Шариа томонидан уларнинг мижоз ташкилотлари учун қабул қилинган ва улар ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни акс эттиради.
Манба: https://daralsharia.ae/