Қатар ислом банки (QIB) 1982 йилда Қатарда биринчи ислом молия муассасаси сифатида ташкил этилган. Банкнинг барча турдаги маҳсулот ва амалиётлари ислом банкчилиги ва молияси тамойилларига мувофиқ бўлишини таъминлайдиган шариат кенгаши томонидан назорат қилинади. Ҳозирги кунга келиб Қатар ислом банки мамлакатнинг шариат асосида фаолият юритувчи энг катта молия муассасаси ҳисобланади.
2019 йил ҳолатига кўра, QIB Қатарнинг энг йирик ислом банки, шунингдек энг катта хусусий банки бўлиб, ислом банкчилиги тармоғида 40% атрофидаги; умумий банк бозорида эса 11% улушга эга. Банк 170 мингдан ортиқ чакана мижозларга ва 3000 дан ортиқ корпоратив мижозларга хизмат кўрсатади. Мамлакат бўйлаб 31 та филиали мавжуд.
QIB тарихи
QIB га 1982 йилда асос солинган. Дастлабки устав жамғармаси (капитали) 25 млн. Қатар риёлига тенг бўлган. Банкнинг биринчи филиали 1983 йил июль ойида мижозларга хизмат кўрсатишни бошлаган.
QIB шариатга мувофиқ молиявий хизматлар кўрсатувчи қатор компанияларда улушга эга. Бундай компанияларга Qinvest Bank, Al Jazeera Finance, Aqar Real Estate ва Damaan Islamic Insurance Company (BEEMA) лар киради.
- Al Jazeera finance, 1989 йилда ташкил этилган, 30% улушига QIB эгалик қилади;
- Aqar Real Estate, 2000 йил, 49% QIB га тегишли;
- Араб Молия уйи, 2003 йил, Ливан, Байрут;
- QInvest банки, 2007 йил, 50.13% улуши QIB га тегишли;
- Damaan Islamic Insurance Company (BEEMA), 2008 йил, 25% QIB га тегишли.
2008 йилда ҚИБ Буюк Британияда QIB-UK деб номланадиган филиалини ишга туширди, ҳозирда Суданда ҳам QIB нинг филиали мавжуд.
2019 йил март ойида QIB 750 миллион АҚШ доллари миқдорида 3,982% даромад даражаси билан 5 йиллик Сукук чиқарди. Ушбу чиқарилган Сукукларни Европа, Осиё, АҚШ ва Яқин Шарқдаги жами 28 мамлакатдан 140 дан ортиқ сармоядорлар олишди.
QIB маҳаллий фаолиятини Қатар бўйлаб тарқалган замонавий филиаллар тармоғи орқали олиб боради, муҳим филиаллари мижозларнинг муайян гуруҳ/қатламларига хизмат кўрсатишга йўналтирилган, ихтисослашган марказларга эга, бундай марказларга хусусий банк марказлари, муҳташам банк марказлари (Affluent Banking Centers), шунингдек, фақат аёллар учун мўлжалланган банк марказлари кабилар киради.
QIB молиявий бозорларнинг барча сегментларини, жумладан жисмоний шахсларни, давлат муассасаларини, йирик корпорацияларни ва кичик бизнес субъектларини қамраб олувчи банк бўлиб, ҳар бир гуруҳ эҳтиёжларига мос келадиган инновацион ҳамда шариат талабларига мос ечимлар таклиф этади.
Гуруҳ ўз мижозларининг трансчегаравий эҳтиёжларини қондира олиш ҳамда ислом банк хизматларига қизиқиш юқори бўлган минтақалардаги иштирокини таъминлаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратади. QIB-UK 2008 йилда ташкил этилган шўба корхона бўлиб, унинг фаолияти асосан Қатар жисмоний шахслари ва компанияларининг Буюк Британиядаги молиявий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган. Бундан ташқари, Банкнинг Ливанда Араб Молия Уйи ва Судандаги битта филиали бор.
2019 йил ноябрь ойида Fitch Ratings Қатар Ислом банкини барқарор “А” прогноз даражасида тасдиқлади. Шунингдек, 2019 йил декабр ойида Moody‘s Investors Service (“Moody‘s“) QIB нинг узоқ муддатли депозит рейтингини “А1” да барқарор прогноз билан тасдиқлади. 2019 йил май ойида Capital Intelligence Ratings (CI) банкнинг узоқ муддатли валюта рейтингини (LTCR) барқарор прогноз “А+”даражасида тасдиқлади. 2019 йил март ойида Standard & Poor‘s (S&P) банкнинг кредит рейтингини барқарор прогноз билан “А-” даражасида тасдиқлади.
Асосий акциядорлари
Қатар инвестиция бошқармаси (QIA) QIBнинг энг йирик акциядоридир. Акциядорлар қаторига мамлакатдаги бир неча оилалар ва компаниялар ҳам киради.
Молиявий кўрсаткичлари
2020 йил якунларига кўра банкнинг жами активлари қиймати 174,36 млрд. риёлга (тах. 47,88 млрд. доллар) тенг бўлди. Банк томонидан амалга оширилган молиялаштириш портфели 119,72 млрд. риёл (тах. 32,69 млрд. доллар)га; соф фойдаси эса 3,07 млрд. риёл (тах. 841,68 млн. доллар)га тенг бўлди.
Қуйидаги жадвалда QIB нинг охирги 4 йилликдаги асосий молиявий кўрсаткичлари тасвирланган (минг Қатар риёли):
2016 | 2017 | 2018 | 2019 | 2020 | Ўртача йиллик ўсиш (CAGR) | |
Активлар | 139,834,128 | 150,374,876 | 153,232,365 | 163,519,211 | 174,356,175 | 5.7% |
Молиялаштириш | 98,170,520 | 102,613,499 | 102,209,930 | 113,753,593 | 119,072,432 | 4.9% |
Депозитлар | 95,396,756 | 101,814,551 | 100,597,983 | 111,620,560 | 118,143,981 | 5.5% |
Операцион фойда | 3,652,474 | 4,162,332 | 4,502,371 | 4,830,119 | 5,439,325 | 10.5% |
Соф фойда | 2,155,104 | 2,405,425 | 2,755,311 | 3,055,423 | 3,065,115 | 9.2% |
Активларнинг ўртача даромадлилиги (ROAA) | 1.6% | 1.6% | 1.8% | 2.0% | 1.8% | |
Ўртача капитал рентабеллиги (ROAE) | 15.0% | 15.3% | 17.4% | 18.1% | 16.7% | |
Харажатларнинг даромадга нисбати | 29.8% | 26.6% | 25.4% | 22.8% | 20.1% |
2021 йилнинг III чорагидаги ҳолат бўйича, банкнинг 9 ойлик соф фойдаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ўсиб, 2,52 млрд. риёл (692 млн. доллар)га етди. Жами активлар ҳажми эса 6,7 фоизга ўсиш қайд этиб, 186 млрд. риёлга тенг бўлди.