“Инвестопедиа”га кўра “молия бу кенг қамровли тушунча бўлиб бир-бирига боғлиқ икки фаолият турини: пулни бошқариш ва керакли пул маблағларини жалб қилиш жараёнини ўрганади.” Мана энди биз молия пул ҳақида эканлигини билиб олдик.
Энди қуйидаги уч нарсага этиборингизни қаратамиз:
1. Пулнинг эгаси ким ва пулнинг қандай мақсадлари бор (1-қисм);
2. Пулнинг ривожланиш босқичлари (эволюция), моҳияти ва вазифалари (2-қисм);
3. Ислом нуқтаи назарида пулнинг моҳияти (3-қисм).
1-ҚИСМ: ПУЛНИНГ ЭГАСИ КИМ ВА ПУЛНИНГ ҚАНДАЙ МАҚСАДЛАРИ БОР:
Сир эмаски, кўпчилик қандай йўл билан бўлмасин бойлик орттириш ҳаракатида бўлади. Ва афсуски, буни қинғир йўллар билан бўлса ҳам амалга оширишга ҳаракат қилади.
Бойлик/пул бу мақсадга эришиш воситаси холос, мақсаднинг ўзи эмас. Жуда озчилик камига қаноат қилади, лекин кўпчилик борига шукр/сабр қилмайди. Ислом ақидасига кўра бойлик Аллоҳ томонидан берилган туҳфа ҳисобланади ва инсонлар Аллоҳнинг ердаги бойликларини тасарруф этувчи вакиллари ҳисобланишади. Бу бойликлар ақл билан ишлатилиши, бекор турмаслиги, исроф ва яксон қилинмаслиги лозим.
Пул/бойлик Аллоҳникидир
Қуръони каримда барча нарса, шу жумладан пул ҳам Аллоҳнинг мулки эканлиги таъкидланади. Аллоҳ таоло одамларнинг қўлидаги бойликларни Ўзининг мулки сифатида таърифлайди. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ хоҳласа бу бойликларни кўпайтиради, хоҳласа йўқ қилади.
Пулга эгалик бу нисбий ва шартли тушунчадир
Ҳар қандай нарсага эгалик қилиш доимо шартли бўлади: Аллоҳ бутун борлиқнинг/барча нарсанинг эгасидир. Инсон, Аллоҳнинг қули ва ердаги вакили сифатида бу бойликларга шартли равишда вақтинчалик эгалик қилади ва уларни ўзи, оиласи ва жамият олдидаги вазифаларини бажариш йўлида адолат билан тасарруф қилишга буюрилган. Шартлилиги шундаки, инсон ўзига берилган мулкни хоҳлаганча пала-партиш ишлатаверишдан қайтарилган, чунки у молни қандай йўл билан топганлиги ва нималарга сарфлаганлиги борасида сўралади.
Пул инсон учун ҳам неъмат ҳам синов сифатида берилади
Пул ва мол-мулк Аллоҳ томонидан берилган неъмат ва синовдир. Уни ҳалол ёки ботил йўл билан топиш ва сарфлаш инсонлар учун синов воситаларидан биридир. Пул, ҳалол йўл билан топилса ва ақл билан (исроф қилмасдан) сарф қилинса Аллоҳ таолонинг раҳматига айланади дейиш мумкин.
Аллоҳ бандаларига ризқ беради ва баъзиларини баъзиларидан (даражаларини) устун қилиб қўяди. У ўзи хоҳлаган бандасига кўпроқ мол-мулк бериб синаса, бошқаларига камроқ ризқ бериб уларнинг сабр-қаноатларини синайди.
Қашшоқлик банда учун синов ва шу билан бирга Аллоҳнинг раҳмати бўлиши мумкин. Зотан, баъзи одамлар қўлига катта бойлик келиб қолса ўзларини йўқотиб туғёнга кетиб, такаббурлик қилган ва бошқа кўп гуноҳ, маъсиятларга қўл урган бўлардилар.
Исроф ва хасислик
Ислом Аллоҳ берган мол-дунёни исроф қилишдан қайтаради. Баъзилар пулни меъёридан ошмасдан, чегарадан чиқмаган ҳолда ўзининг эҳтиёжлари учун сарф қилса, бошқа баъзилар бемалол исрофгарчиликка йўл қўяверади.
Шунингдек Аллоҳ хасислик ва исрофгарчиликни бир-бирига боғлиқ ва камбағаллик/қашшоқликка етакловчи нарсалар сифатида таъкидлайди. Нажот меъёрда. Яъни ҳар ишда меъёрни билиш бу инсоннинг фазилатларидан бири, бунда у исрофга ҳам йўл қўймайди ва шу билан бирга хасислик ҳам қилмайди.
Ҳалол йўл билан пул топиш мажбурияти
Ислом дини ҳалол йўл билан ризқ ва мол топишга буюради ва бу нарса ислом дининининг асосий бешта устунидан кейин турувчи биринчи талабдир.
Ҳаром йўл билан пул топишнинг тақиқланганлиги
Ҳаром йўл билан пул топиш ва бировнинг молини рози қилмасдан олиш/ейиш мусулмонларнинг бир-бирларини ака-укадек кўришлари лозимлиги ҳақидаги тушунча билан боғлиқ бўлиб унга ҳудди ўз молингизга қарагандай муносабатда бўлишни тақозо этади. Бунда бошқа бир мусулмон инсоннинг молини ҳимоя қилиш, исроф қилмаслик ва албатта ботил йўл билан емоқликдан сақланиши лозим бўлади. Ботил йўл билан мол топиш, бировнинг ҳаққини ейиш масаласи жамиятдаги жуда катта муаммолардан биридир.
Бу муаммонинг жумладан қуйидаги кўринишлари мавжуд:
1. Алдаш (молни аслидан яхшироқ қилиб кўрсатиш ёки арзон нарсани қиммат мол сифатида тақдим қилишга уриниш);
2. Ёмон нарсани яхшиси билан аралаштириш ва уларни яхшиси нархида сотиш;
3. Молнинг нархида алдаш (мен бу нарсани фалон пулга олганман, деб ёлғон даъво қилиш ёки арзон молни қиммат дейиш…);
4. Молнинг камчилигини яшириш ва тарозидан уриш;
5. Молнинг келиб чиқиши, сифат ва ишлаб чиқарилган санасини сохталаштириш;
6. Пештахтага молнинг яхшисини қўйиб бошқасини (ёмонроғини) сотиш;
7. Ҳаридорнинг билимсизлиги ёки эътиборсизлигидан фойдаланиб ёмон молни унга ўтказиб юбориш;
8. Сотувчининг молнинг ҳақиқий баҳосини билмаслигидан фойдаланиб уни арзон нархга сотишга ундаш;
9. Молни нарх ошишини кутиб, сотмасдан ушлаб туриш ва ҳоказо.
Токи, мол-дунё, бойлик инсон эҳтиёжларини қондиришга, инсон ва жамият равнақига ҳизмат қилар экан, Ислом дини ҳалол йўл билан бойлик орттиришдан тўсмайди. Лекин пул топиш, бойлик орттириш жараёнида шариат белгилаган чегараларни унутмаслик лозим бўлади.