Шу ўринда савол вужудга келиши мумкин: Қанақасига 5 млрд. долларлик қарз 15 йил ичида 44 млрд. доллар бўлиши мумкин?
Жавоб: Сиз қарзлар жуда юқори фоиз ставкаси асосида олинган бўлса керак, деб ўйлашингиз мумкин. Аслида, ундай эмас. Бошқа омилларни ва бошқа олинган қарзларни ҳисобга олмаганда, агар мамлакат ушбу қарзни 15 йилга, дейлик, йилига 40 % лик мураккаб фоиз (Compound interest) ставкаси асосида олганда эди, жами тўланадиган миқдор 777 млрд. долларни ташкил этган бўлар эди. Мазкур ставка 30 % бўлганда эса, умумий тўлов 226 млрд. долларга тенг бўларди.
5 млрд.лик қарз 15 йилда 44 млрд.га етиши учун мураккаб фоиз ставкаси 15.6 % бўлиши етарли экан. Қарз олаётганда 15% кимнингдир наздида арзимаган бўлиб туюлиши мумкин, лекин амалда бу қарзнинг бир неча карра ўсишига олиб келади.
Ислом динида фоиз эвазига қарз олди-берди амалиёти жуда қаттиқ қораланади. Унинг оқибати охиратда ояти каримада айтилганидек “қабрларидан фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар” бўлса, бу дунёда хорлик, қарздорлик ботғоғига тобора ботишга сабаб бўлади.
Мураккаб фоиз (compound interest) – бу дастлабки қарз миқдорига ўтган даврдаги фоизлар миқдори ҳам қўшилиб, кейин унинг устига яна фоиз ҳисобланадиган формуладир.
Оддий фоиз билан мураккаб фоиз ставкасини мисол орқали тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз. 1,000 доллар 20 йилга 10% лик оддий ставка асосида қарз берилса, йилига 100 доллардан (1,000х10%) жами 2,000 доллар фоиз тўлови ва 1,000 доллар асосий қарз , жами 3,000 доллар миқдорида қайтариб олинади.
1,000 доллар қарз 20 йилга 10% лик мураккаб фоиз ставкаси асосида берилса, у ҳолда 6,727.50 доллар (формуласи Q=P(1+r)^t, Q=1,000 (1+0.1)^20=6,727.50), дастлабки берилган қарзга нисбатан 6.7 баравар миқдорда қайтариб олинар экан.
Қуйидаги суратда Нигерия ташқи қарзи динамикаси акс эттирилган. (Манба: Жаҳон банки статистикаси)