Ушбу мақоланинг мақсади – Мисрда ислом молия маҳсулотларидан фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий ва меъёрий асослар ҳақида умумий маълумот беришдир. Мақола давомида Миср иқтисодиётида Ислом молиясининг аҳамиятини, муайян ҳуқуқий ва тартибга солувчи чора тадбирларини ва уларни амалга ошириш билан боғлиқ фойдалар ва айрим муаммоларни ўрганамиз. Ушбу мақола охирида сиз Мисрда Ислом Молияси соҳасидаги Қонунчилик базаси, тартибга солиш механизмлари ва сўнгги ўзгаришлари ҳақида умумий тушунчага эга бўласиз.
Мисрда ислом молияси
Ислом молияси Миср иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Мисрдаги молия тармоғининг ўсиши ва барқарорлигига ҳисса қўшиб келмоқда. Миср ислом молияси соҳасида бой тарихий меъросга эга. Хусусан, биринчи ислом банки тажрибалари ҳам 1960-йилларда айнан Мисрда бошланган. Ўтган йиллар давомида мамлакат ислом молия тизими учун мустаҳкам пойдевор яратди ва уни шариатга мос келадиган молиявий хизматлар учун муҳим бозорлардан бирига айлантирди.
Ислом молияси Мисрда шариатга мос молиявий ечимларни излаётган жисмоний шахслар ва корхоналар эҳтиёжларини қондирадиган анъанавий банк ишларига муқобил танловларни таклиф этади.
Миср молия тизимига ислом молиясининг кириб келиши иқтисодиётни диверсификация қилиш (хилма хиллаштириш) орқали маҳаллий ҳамда халқаро инвесторларни жалб қилишга ёрдам берди.
Ҳуқуқий асос
Миср мамлакати ислом банк-молия тизими учун кенг қамровли қонунчилик базасини яратган. Мисрда ислом молиясини қўллаб-қувватловчи асосий қонун 2002-йилда қабул қилинган ва у қонунчилик базасининг пойдевори бўлиб хизмат қилувчи Ислом банклари тўғрисидаги қонун ҳисобланади.
Қонунчилик ўзида шариат кузатув кенгашларини ташкил этиш, рухсат этилган молиялаштириш усуллари, бошқарув бўйича талаблар каби турли масалаларни қамраб олади.
Меъёрий асос
Мисрда ислом молияси бўйича меъёрий-ҳуқуқий асослар шариат тамойилларига риоя қилиш ва банк-молия тармоғи яхлитлигини таъминлаш мақсадида яратилган. Ислом молияси институтлари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш (анъанавий банк тизими назоратига қўшимча равишда) Марказий банкка (CBE) юклатилган. CBE Мисрда ислом молиясининг тўғри ишлаши ва бошқаруви учун зарур бўлган стандартлар, кўрсатмалар ва қоидаларни тасдиқлайди. У ислом банклари ва бошқа ислом молияси субъектлари фаолиятини лицензиялаш жараёнларини назорат қилади, ҳамда уларнинг доимий назорати ва мониторингини амалга оширади.
CBE бутун молия тармоғининг меъёрий асосини кенг миқёсда таъминлаш учун Миср Молиявий тартибга солиш ташкилоти (FRA) каби бошқа тартибга солиш идоралари билан ҳамкорлик қилади. Шариат Кузатув Кенгашини ташкил этиш меъёрий-ҳуқуқий базанинг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Шариат Кузатув Кенгаши таниқли Ислом олимлари ва мутахассисларидан иборат бўлиб, улар ислом молия маҳсулотлари ва хизматларининг шариат талабларига мувофиқлиги юзасидан кўрсатмалар беришади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади. Уларнинг асосий вазифаларидан бири – Ислом аҳкомларига мос келадиган молиявий икки томонлама шартномалар, маҳсулотлар ва муносабатлар бўйича фатволар беришдир.

Лицензиялаш ва назорат қилиш
Мисрда ислом банкларига лицензия бериш жараёни Миср Марказий Банки (CBE) томонидан банкларнинг меъёрий талаблар ва Шариат тамойилларига мувофиқлигини баҳолашни ўз ичига олади. Ислом банклари ўз фаолиятини юритиши учун зарур бўлган лицензияни олиш учун капиталнинг етарлилиги, бошқарув, хатарларни бошқариш ва шаффофлик билан боғлиқ аниқ мезонларга жавоб бериши керак. CBE банкларнинг молиявий барқарорлиги, бошқарув тажрибаси ва Шариат тамойилларига мувофиқлигини ҳар томонлама баҳолайди. Лицензияга эга бўлганидан сўнг, ислом банкларининг меъёрий талабларга мувофиқ фаолият олиб боришини таъминлаш учун CBE томонидан доимий равишда назорат ва мониторинг олиб борилади.
Ислом молия муассасаларининг молиявий саломатлиги ва мувофиқлигини баҳолаш учун мунтазам равишда ҳисобот талаб қилинади ва аудит текширувлари ўтказилади. CBE назорати ислом молияси тармоғининг барқарорлиги ва яхлитлигини сақлаш, мижозлар ва бошқа алоқадор томонлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шариат тамойиллари ва тартибга солувчи меъёрларга риоя қилиш Мисрда фаолият юритаётган барча ислом молияси муассасалари учун асосий талаб ҳисобланади.

Молиявий маҳсулотлар таклифи
Мисрдаги ислом молияси саноати шариат тамойилларига мувофиқ бўлган кенг турдаги маҳсулот ва хизматларни таклиф этади. Ушбу маҳсулотлар жисмоний шахслар, корхоналар ва муассасаларнинг турли молиявий эҳтиёжларини қондиради. Буларга қуйидагилар киради: муробаҳа, музораба, мушорака, ижара, ислом қимматли қоғозлари бўлган сукук ҳамда такофул. Ушбу ислом молия маҳсулотлари шариатга мувофиқ молиявий ечимлар қидираётган жисмоний шахслар ва корхоналар учун анъанавий молия маҳсулотларига муқобил таклиф бўлиб хизмат қилади.
Инвесторларни ҳимоя қилиш
Мисрда инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун бир қатор чоралар кўрилмоқда. Ошкоралик талаблари ва шаффофлик меъёрлари инвесторлар манфаатлари ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Ислом молия муассасалари сармоядорларга ўз маҳсулотлари, шартлари, хатарлари ва тўловлари ҳақида аниқ ва кенг қамровли маълумотлар тақдим этишлари шарт. Миср Марказий банки (CBE) ва Миср молиявий тартибга солиш ташкилоти (FRA) каби идоралар шаффофликни таъминлаш ва сармоядорларга онгли инвестиция қарорлари қабул қилишга ёрдам бериш мақсадида ушбу талабларни бажаришади.
Инвесторлар ва ислом молия муассасалари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай низоларни ҳал қилиш учун низоларни ҳал қилиш механизмлари ишлаб чиқилган. Улар низоларни адолатли ва самарали ҳал қилишга қаратилган. Бундан ташқари, истеъмолчилар шикоятларини кўриб чиқиш тартиблари ҳам мавжуд. Ушбу тартиб-қоидалар мурожаатларнинг тўғри кўриб чиқилиши, текширилиши ва ўз вақтида ва қониқарли ҳал этилишини таъминлайди.
Сўнгги йиллардаги ривожланиш ва ташаббуслар
Миср ислом молия тармоғида сўнгги йилларда бир қанча ўзгаришлар ва ташаббуслар амалга оширилди ва бу, мамлакатнинг ушбу соҳада илдам ҳаракатланаётганини намойиш этди.
Шундай муҳим ташаббуслардан бири мамлакатнинг халқаро ислом молия ташкилотлари билан ҳамкорлигининг тезлашишида намоён бўлди. Бугунги кунда, Миср ислом молияси соҳасидаги глобал иштирокчилар билан ҳамкорлик, билим алмашиш ва чегаралараро имкониятларни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.
Ислом молиясига йўналтирилган таълим ва ўқув дастурларини ташкил этиш яна бир муҳим ташаббус бўлди. Ушбу дастурлар ислом молияси соҳасида ишлайдиган мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ва манфаатдор томонлар ўртасида ислом молияси тамойилларини яхшироқ тушунишга ёрдам беришга қаратилган. Миср тартибга солиш идоралари ҳуқуқий ва меъёрий базанинг самарадорлиги, барқарорлиги ва халқаро илғор тажрибалар билан уйғунлигини таъминлаш учун уни такомиллаштиришда давом этишмоқда.
Кенг жамоатчилик орасида Ислом Молияси тўғрисида хабардорликни ошириш учун тадбирларлар, семинар машғулотлари ва маърифий ташаббуслар ташкил қилиш кўпаймоқда. Бу эса мамлакатда ислом молия маҳсулотлари ва хизматлари кенгроқ ёйилишига кўмак беради.
Афзалликлар ва қийинчиликлар
Миср ислом банк-молия тизими иқтисодиёт ва молия соҳасининг ўсиши ва ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин бўлган бир қанча афзалликлар таклиф этади. Муҳим афзалликлардан бири – аҳоли ва тадбиркорларга қўшимча молиявий манбалардан фойдаланиш имконияти тақдим этишдир, яъни ўз диний эътиқодларига кўра анъанавий банк-молия тизими маҳсулотларидан фойдалана олмайдиган жисмоний ва юридик шахслар талабларига мувофиқ молиявий хизматлар таклиф қилинишидир. Шунингдек, ислом молия тизими шариатга мос имкониятлар излаётган маҳаллий ва халқаро сармоядорлар учун ҳам муқобил инвестиция манбаси бўлиб хизмат қилади. Молиявий амалиётларнинг ахлоқий жиҳати ҳам ислом молиясининг яна бир асосий афзаллиги ҳисобланади. Шариат талабларига риоя қилиш молиявий битим ва амалиётларнинг ахлоқий ва ижтимоий масъулият билан олиб борилишини, битимлардаги адолатнинг, ҳамда амалиётлардаги шаффофлик ва хатарларни томонлар ўртасида мутаносиб тақсимланишини таъминлайди.
Бироқ, Мисрда ислом банк-молия тизимини жорий этишда ҳал қилиниши керак бўлган муайян муаммолар ҳам мавжуд. Бунда тaълим ва хабардорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ислом молияси тамойиллари, маҳсулотлари ва уларнинг афзалликлари ҳамда амалдаги камчиликлари тўғрисида жамоатчилик тушунчасини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яна бир муаммо – меъёрларни таъминлаш билан боғлиқ мураккабликдир. Самарали тартибга солиш ва ислом молиясида инновацияларни ривожланишига кўмаклашиш ўртасида тўғри мувозанатни сақлаш назорат қилувчи идоралар учун мураккаб вазифа бўлиб турибди.
Шариат талабларига риоя қилиш ва молиявий амалиётларни стандартлаштириш яна бир муаммо. Шариат қарорлари ва молиявий маҳсулотларни уйғунлаштириш изчиллик, шаффофлик ва мувофиқликни таъминлашга хизмат қилиши мумкин.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш Миср тартибга солувчи идоралар, молия муассасалари, олий таълим муассасалари ва соҳага алоқадор бошқа манфаатдор томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилади.
Хулоса
Шундай қилиб, 2002-йилдаги “Ислом банклари тўғрисида”ги қонун бошқа қонун ҳужжатлари билан қўллаб-қувватланган қонунчилик базаси ислом молияси амалиётларининг шариат тамойилларига мувофиқлигини ҳамда шаффофлик ва барқарорликни таъминлайди.
Миср Марказий банки (CБE) қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий база доирасида сармоядорлар ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда ислом молия муассасалари фаолиятини назорат қилиб боради.
Умуман олганда эса, яратилган ҳуқуқий ва меъёрий асослар, таклиф қилинаётган маҳсулотларнинг кенг доираси ва давом этаётган ўзгаришлар Мисрда ислом молиясининг келажаги истиқболли эканлигини намойиш қилмоқда.
Муаллиф: Муҳаммад Балбаа, PhD, Доцент
Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети.