Марокаш – расмий номи Марокаш қироллиги бўлган, Шимолий Африкада жойлашган, 99 фоиз аҳолиси мусулмон ҳисобланадиган мамлакатдир. Аҳолиси сони 2020 йил маълумотларига кўра 37 миллиондан ортиқ [1], жами ҳудуди 446 300 кв. км. (таққослаш учун Ўзбекистон майдони – 448 978 кв. км). 1956 йил 7-апрелда мустақилликка эришган. ЯИМ ҳажми 120 миллиард АҚШ доллари атрофида [2] (солиштириш учун: Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги ЯИМ ҳажми – 69.2 млрд. доллар [3]). ЯИМ харид қобиляти паритети (PPP) да ҳисобланганда, Африка қитъасидаги энг йирик иқтисодиётга эга 5 та мамлакат қаторига киради. [4]
Ислом молия тизимини татбиқ қилиш бўйича дастлабки уринишлар
Марокашнинг ислом молияси тарихи ўтган аср 80-йилларининг бошларига бориб тақалади. Ўшанда бир қанча ислом молия муассасалари Марокашда ислом молиясини жорий этишга катта қизиқиш билдиришган. 1985 йилда Марокаш Ислом иқтисодиёти билимлари ва тадқиқотлари уюшмаси (ASMECI) “WafaBank”га ислом молияси маҳсулотларини жорий этиш таклифи билан чиқди. Мазкур ғоя ўша пайтда Моулай Али Кеттани раислик қилган WafaBank гуруҳи томонидан мамнуният билан қабул қилинди. Янги маҳсулотларни жорий этиш учун барча иқтисодий, тижорий ва ҳуқуқий тадқиқотлар олиб борилди, аммо Марокаш марказий банки (Ал-Мағриб банк) бошқарувчиси Муҳаммад Секкат ҳамма нарсани тўхтатишга қарор қилди ва шу билан бу соҳа ривожи тўхтаб қолди.
Ўшандан сўнг Марокашда ислом банклари очиш бўйича уринишлар ҳар сафар ноаниқ сабабларга кўра муваффақиятсиз якунлана бошлади. Бироқ Марокаш Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) асосчиларидан бири бўлиб, халқаро мусулмон ҳамжамиятига ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилиб келган давлатдир, бу нарса Марокаш Ислом тараққиёт банкининг дастлабки таъсисчи давлатлар қаторига киришида ҳам намоён бўлади.
Ислом молия маҳсулотларининг биринчи тажрибаси: қониқарсиз натижа
2007 йил Марокаш ислом молияси тарихида муҳим сана бўлди. Сентябр ойида Марокаш ҳукумати маҳаллий тижорат банкларига ислом банки маҳсулотларини қўллашга рухсат берди. Натижада Марокаш Марказий банки (Ал-Мағриб банк) 2007 йил 13 сентябрда кўриб чиқилаётган 3 та маҳсулот, хусусан Муробаҳа, Ижара ва Мушоракани қўллашга тааллуқли тавсияномани тарқатди. Шу йилнинг ўзида Марокаш Марказий банки Ислом молиявий хизматлар кенгаши (IFSB)нинг кузатувчи аъзоси бўлди.
Ушбу маҳсулотларни мавжуд банклар орқали амалда қўллаш учун икки усул бор эди: ё “ислом дарчалари” очиш ёки ихтисослашган ислом банкларини яратмасдан банкнинг мавжуд тузилмасидан фойдаланиш. Бундан ташқари, Марокаш Марказий банки ушбу маҳсулотларни ислом молия маҳсулотлари деб аташ ўрнига “муқобил маҳсулотлар” деб номлаш мажбуриятини қўйди ва реклама кампанияларига уларнинг исломий хусусиятларига эътибор қаратишни тақиқлади. Ал-Мағриб банки Марокаш банкларининг профессионал гуруҳи (GPBM) билан ҳамкорлик қилди ва ушбу «муқобил маҳсулотларни» бозорга киритиш бўйича қўлланма ишлаб чиқди. Ушбу қўлланмага қуйидаги тавсиялар киритилди: “Ҳалол, фуқаҳо, фатво, ислом, шариат, диний кенгаш каби диний характерга эга атамалар ҳақида сўз юритилмайди…”. Шундай қилиб, Марокаш молия бошқарув идоралари ислом молия маҳсулотларига нисбатан муносабатини мана шу тарзда намоён этди.
Марокашда ислом банк-молия тизимини шакллантириш ва ривожлантириш учун бир неча кучли омиллар мавжуд:
- кўп сонли мусулмон аҳолиси;
- қулай географик жойлашув,
- барқарор сиёсий-иқтисодий муҳит.
Муқобил маҳсулотлар сифатида танилган биринчи ислом молия маҳсулотлар амалиётга жорий этилгандан сўнг, ҳукумат ушбу турдаги маҳсулотларга қизиққан кўплаб мижозлар пайдо бўлишини кутган эди, аммо натижалар бундай бўлиб чиқмади. Бундай муваффақиятсизликка турли чекловлар сабаб бўлганлиги айтилади… .
(Давоми бор)
[1] https://knoema.com/atlas/Morocco/Population
[2] https://tradingeconomics.com/morocco/gdp
[3] https://www.spot.uz/ru/2022/01/27/gdp-2021
[4] http://www.moroccobusinessnews.com/Content/Article.asp?idr=18&id=1299