Ўтган 2020 йилдаги бир қанча глобал муаммолар, шу жумладан, коронавирус пандемияси дунё иқтисодиёти учун жиддий зарарлар келтириб чиқарди. Айниқса, учинчи дунё мамлакатлари ва ривожланаётган давлатлар иқтисодиёти учун кутилмаган бу ўзгаришлар ташқи қарз ҳажмининг ошиши, ташқи савдо ҳажмининг тушиши, ишсизлик даражасининг ортиши каби бир қанча муаммолар келтириб чиқарди. Банк соҳасида ҳам аҳоли ва тадбиркорлар тўлов қобилияти тушиб кетиши натижасида муаммоли кредитларнинг кўпайиши, банк активлари сифатининг тушиб кетиши каби салбий ҳолатлар вужудга келди.
Лекин ислом молияси ва банкчилиги соҳасини ривожлантириш доирасида зарурий экотизим ярата олган мамлакатларда ислом банклари активлари 2020 йилда ҳам юқори даражадаги ўсиш суръатларини сақлаб қолди.
Хусусан, Fitch Ratings агентлигининг ҳисобот беришича, Малайзия ислом банкчилиги коронавирус пандемияси даврида ҳам ўсиш суръатларини сақлаб қолган ва 2020 йил якунларига кўра, мамлакат ислом банкчилиги тармоғи умумий банк тармоғининг 37% ини ташкил қилган (2019 йилда бу кўрсаткич 35% га тенг бўлган). Ислом банкчилиги активлари ўсишида уй-жой хўжаликларини молиялаштириш ҳамда “Islamic first” ташаббусини илгари сурган анъанавий банклардаги ислом дарчалари ҳиссаси юқори бўлган (“Islamic first” стратегиясига кўра, анъанавий банклар янги мижозларига, дастлаб, ислом молияси маҳсулотларини таклиф қилишади, яъни бунда банк мижозлари ислом молияси ҳақида муайян тушунчага эга бўлиш ва ўзи истаган маҳсулот туридан фойдаланиш имконияти пайдо бўлади).
Малайзия ислом банкчилигининг ўзига хос жиҳати – бу хатарларни ўзаро тақсимлашга асосланган инвестиция ҳисобварақлари (risk-sharing investment accounts), яъни мушорака ва мудорабага асосланган омонат (депозит) ҳисобварақларининг мавжудлигидир. Бундай ҳисобварақларда хатар даражаси юқори бўлиши билан бирга олинадиган фойда ҳам юқори бўлиши эҳтимоли сабаб аксар сармоядорлар ўзларининг бўш турган маблағларини мазкур ҳисобварақларга омонат сифатида қўйишга қизиқиш билдиришмоқда. Fitch reyting агентлиги кузатувлари асосидаги хулосасига кўра, ҳали бирорта сармоядор ислом банкларига қўйган маблағларидан жиддий зарар кўрмаган.
Малайзия ҳозирда ислом банкчилиги, сукук ва такофул бўйича ASEAN (Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси) ҳудудидаги энг йирик иқтисодиёт мақомини сақлаб турибди.
Малайзиядан ташқари яна бир мамлакат – Омон султонлигида ҳам ислом молияси саноати ўз мавқейини яхшилашда давом этмоқда.
Muscat daily нашрининг хабар беришича, Уммон султонлигида ислом банкчилиги ва молияси 2020 йилда ҳам кенгайишда давом этган. Короновирус пандемияси ва нефт нархларининг кескин тушиб кетиши ортидан султонликдаги анъанавий банкларнинг фоиз асосидаги кредит ва омонат билан боғлиқ амалиётлари сезиларли даражада камайган. Аксинча, ислом банкчилиги саноатида эса шариатга мувофиқ молиялаштириш ва депозитлар жалб қилиш рекорд даражада ошган.
Омон Марказий банки статистикаси шуни кўрсатдики, 2020 йил декабр якунига кўра ислом банклари томонидан умумий молиялаштириш ҳажми 4,3 млрд. Омон риёли (11,2 млрд. АҚШ доллари) га етди ва 2019 йилга нисбатан 9,5% га ўсди. Анъавий банк тармоғида ўсиш кўрсаткичлари эса 2,2% ни ташкил этди.
Moody’s рейтинг агентлигининг феврал ойидаги ҳисоботида қайд этилишича, Омон султонлиги Туркиядан кейин ислом молия саноати энг тез ривожланаётган иккинчи мамлакатга айланди. Шариат тамойилларига тўла жавоб берадиган молиявий маҳсулотларга талаб юқорилиги аҳолининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил этиши билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, ислом банклари ва дарчаларидаги жами активлар ҳажми 6,3% га ўсиб, 2020 йил якунида 5,2 млрд. Омон риёли (13,5 млрд. АҚШ доллари) га тенг бўлди. Ислом банкчилигининг умумий банк соҳасидаги улуши эса 14,5% га етди. Ислом банклари ва дарчаларига қўйилган омонатлар жами ҳажми 5,4% га ўсиб, 3,8 млрд. Омон риёли (9,9 млрд. АҚШ доллари) ни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин, ислом молия саноати 2021 йилда ҳам ўсишда давом этиши ҳақидаги таҳлилий башоратларни келтириб ўтган эдик