Ислом иқтисодчилари томонидан ислом иқтисодиётига берилган таърифлар
Ҳасан уз-Заман | Ислом иқтисодиёти бу инсонларнинг Аллоҳ ва жамият олдидаги бурчларини бажариш учун керак бўладиган моддий бойликларга эга бўлиш ва уларни тақсимлашда адолатсизликка йўл қўймаслик мақсадида шариат ҳукмлари ва қонун-қоидаларини билиш ва амалга татбиқ этишдир[1] |
Ҳасан Зубайр | Инсон ҳаёт тарзини, эҳтиёжларнинг кўплиги ва ресурслар танқислигидан келиб чиққан ҳолда ўрганувчи фан[2] |
Саиф Тожиддин | Қуръони карим ва суннатга асосланган иқтисодий сиёсат[3] |
Муҳаммад Маннан | Иқтисодий муаммоларни ислом асосида ўрганувчи ижтимоий фан[4] |
Муҳаммад Умар Чапра | Ислом иқтисодиёти – чекланган ресурсларни ислом дини таълимотига мувофиқ равишда тақсимлаш воситасида инсон фаровонлигига эришиш учун ёрдам берувчи билимлар мажмуаси бўлиб, бунда шахс эркинлиги ҳаддан ташқари чекланишига ҳамда давомий макроиқтисодий ва экологик номутаносибликка йўл қўйилмайди”[5] |
Андрей Журавлёв | Жамият хўжалик фаолиятини ташкил этиш механизми ва тамойилларига мусулмонларнинг қарашлари тизими[6] |
Ринат Беккин | Мусулмон фиқҳи тамойиллари ва меъёрларига мувофиқ келувчи хўжалик тизими[7] |
Жаҳонгир Имамназаров таърифи | Ислом иқтисодиёти – моддий ва номоддий неъматлар[8] (жумладан, хизматлар) ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимлаш ва истеъмол қилишни ислом дини талаблари асосида амалга оширишдир |
Ислом иқтисодий тизимининг ўзига хос жиҳати шундаки, у инсонларнинг моддий эҳтиёжларидан ташқари маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларини ҳам инобатга олади ва шу сабабли эркин бозор қонунларини маъқуллаган ҳолда, жамият манфаатларини таъминлаш ҳамда шу эркин бозорда йўл қўйилиши мумкин бўлган адолатсизликларни олдини олиш мақсадида муайян маънавий-ахлоқий чегаралар ўрнатади. Шунга кўра, ислом иқтисодиётининг мақсади маънавий масъулиятга эга бозор иқтисодиёти тизимини ўрнатиш дейиш мумкин. Зеро, ислом иқтисодиётида бойликларнинг жамият ичида адолатли тақсимланиши ва шу орқали ижтимоий барқарорлик таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади. Бойликларни яратиш ва тақсимлашнинг энг адолатли усули эса, бу бизнес-шерикчиликдир, чунки бунда, амалга оширилган фаолият самараси барча шериклар ўртасида адолат билан тақсимланиши учун муайян шароит яратилади (чунки одатда бизнес ҳамкорлар умумий бизнес муваффаққиятидан манфаатдордирлар).
Жаҳонгир Имамназаров
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси,
“Islamic Business and Finance” компанияси таъсисчиси ва директори
Иқтисодиёт фанлари бўйича (ислом иқтисодиёти йўналиши) фалсафа доктори (PhD)
[1] Hasan uz-Zaman. Definition of Islamic Economics. // Journal of Research in Islamic Economics, 1984, 51-53 pp.[2].Hasan Zubair. Nature and significance of Islamic economics. // INCEIF: The Global University of Malaysia, KL, 2016, 2016 pp.
[3] Seif el-Tag el-Din. What is Islamic Economics? // Review of Islamic Economics. 1994. Vol.3, №2. – 97-100 pp.
[4] M.A. Mannan. Islamic Economics: Theory and Practice. // Lahore, 1970. – 18 p.
[5] M.U. Chapra. The Global Financial Crisis: Can Islamic Finance Help? // Islamic Economics and Finance: A European Perspective, edited by J.Langton, C.Trullols and A.Turkistani. London: Palgrave Macmillan, 2011, 135-142 pp.
[6] А.Журавлев. Исламский банкинг. // Институт востоковедения РАН, 2017. – 232 с.
[7] Р.Беккин. Ислом иқтисодий модели ва замон. // Тошкент: O‘zbekiston НМИУ, 2019. – 360 б.
[8] Номоддий активлар ёки неъматларга муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, интеллектуал (ақлий) мулкни тасдиқлаш доирасида шу масалага мутасадди бўлган ташкилотлар томонидан берилган расмий ҳужжатлар (лицензиялар), муайян фаолият турлари учун тақдим этилган рухсатномалар (лицензиялар), мижозлар рўйхати, ноу-хау ва технологиялар, маҳсулот (товар) белгилари ва бошқалар киради.