Метаолам – бу 3D форматидаги виртуал макон бўлиб, инсонлар унда турли хил фаолиятлар билан шуғуллана оладилар. Уни яна “метаборлиқ” деб ҳам аташади.
Ушбу метаверс ҳали тўлиқ, тугал шаклга келмаган. Интернет олами кўплаб саҳифалардан ташкил топгани ва уларнинг барчаси бошқа-бошқа юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли бўлгани каби, метаверс ҳам бир компания ёки шахсники бўла олмайди, балки у саҳифалардек миллионлаб виртуал маконлардан ташкил топган бўлади.
Юқорида айтилганидек, ушбу метаверсда турли хил тадбиркорлик ва тижорат фаолиятларини амалга ошириш ҳам мумкин. Бир нечта мусулмон мамлакатлари ушбу янги оламда ўз фаолиятларини олиб бориш бўйича бизнес-стратегияларини тузмоқдалар, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари ҳам.
Дубай аллақачон амирликнинг валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан бин Муҳаммад Ал Мактум бошчилигидаги янги метаверс (метаолам) стратегиясини эълон қилди.
“Метаверс”нинг пайдо бўлиши БААдаги саноат ва ижтимоий соҳаларга таъсир қилишда “чексиз” имкониятларга эга бўлади, деди экспертлар БАA Араб Бизнеси Форумида.
“Disruptive” компаниясининг бош ижрочи директори Девид Зеннининг сўзларига кўра, метаверс бизга янги дунёлар яратиш ва бизнес қандай амалга оширилишини қайта аниқлаш имконини беради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Дубайнинг яқинда эълон қилган метаверснинг иқтисодиётдаги ҳиссасини 2030-йилга бориб 4 миллиард долларга етказиш режаси, БААнинг умумий ўсишига ва аҳоли ҳаётини яхшилашга ёрдам беради.
Метаверс хозирда ривожланаётган финтеклар (яъни молиявий технологиялар), NFTлар (https://islommoliyasi.uz/uz/nft-halolmi/), токенлар ва криптовалюталарнинг (қўшимча равишда ўқинг: https://islommoliyasi.uz/uz/kriptovalyuta-token-blockchain) янада оммалашишига олиб келади. Натижада янги кўринишдаги бизнес турлари ва молиявий маҳсулотлар ва тизимлар юзага келади, бу эса анъанавий тадбиркорлик билан бир қаторда ислом молияси асосида фаолият олиб борувчи тадбиркорлик учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.
Юқорида айтилганидек метаверс бу янги виртуал оламдир. Унда ҳақиқий оламда юритиш мумкин бўлган деярли барча фаолият турлари билан шуғулланиш мумкин, жумладан, тадбиркорлик билан ҳам. Бунинг учун бирон компания, банк, дўкон ёки молиявий муассаса метаоламда худди ҳақиқий оламдаги каби муайян кибер бўшлиқ яъни бўш худуд/майдон сотиб олади ва у ерда ўз ташкилотининг метанусҳасини барпо этиб фаолият юритаверади. Кибер оламнинг пул бирлиги ҳам албатта кибер яъни криптопулдир.
Ўтган ой Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум томонидан эълон қилинган стратегияда, амирликлар умумий ялпи ички маҳсулотининг 1 фоизини айнан метаверс таъминлаши режалаштирилган. Дубай валиаҳд шаҳзодаси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум бошчилигидаги стратегия бешта устунга асосланган – инновациялар, метаверс технологияларни ҳукумат томонидан жорий этиш ва истеъдодларни ривожлантириш.
Стратегия Дубайдаги метаверс ва блокчейн-компаниялари сонини икки баробарга ошириш, шунингдек, тармоқда 40 000 иш ўринларини яратишни ўз ичига олади.
Ушбу ҳаракатлар Дубайнинг “дунёнинг етакчи технологик маркази” сифатидаги ўрнини мустаҳкамлайди.