Доктор Абдус Саттор Абу Ғудда фақиҳ олим, Ислом молияси бўйича энг етакчи инсонлардан бири, машҳур иқтисодчи, доктор, Европа Фатво ва Тадқиқотлар кенгаши аъзоси, бир қанча Ислом молия муассасалари Шариат кенгашлари аъзоси бўлган.
Исми ва келиб чиқиши:
Тўлиқ исми Абдус Саттор Ибн Абдул Карим Ибн Муҳаммад Ибн Башир Ибн Ҳасан Ибн Абу Ғудда бўлиб, 1940 йил 28 январда Суриянинг Ҳалаб шаҳрида дунёга келган. Кибор уламолардан бири Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳнинг жияни.
Таълим олиши:
Доктор Абдус Саттор Абу Ғудда 1964 йилда Дамашқ Университетида Шариат йўналиши бўйича ва 1965 йилда Ҳуқуқ йўналиши бўйича бакалавр босқичини тугатган. Шундан сўнг, Мисрдаги Ал-Азҳар университетида олий таълимни давом эттирган. 1966 йилда Шариат йўналиши бўйича магистр, 1967 йилда Ҳадис илмлари бўйича магистр босқичини тамомлаган. 1975 йил Ал-Азҳар университетида қиёсий ҳуқуқшунослик (Ал-фиқҳ ал-муқорин) бўйича доктор даражасига эришган.
Соҳаси:
Доктор Абдус Саттор Абу Ғудда ислом фиқҳини қиёсий ўрганиш бўйича кучли мутахассис бўлган, хоссатан, молиявий муамолотлар фиқҳи ва ислом банкчилиги бўйича замонамизнинг пешқадам инсонлардан бири бўлган. Бундан ташқари, закот ва вақф бўйича чуқур билим эгаси, бухгалтерия ҳисоби ва аудит фиқҳи, ҳуқуқшунослик, қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва ислом тиббиёти соҳаларида ҳам бой тажриба соҳиби ҳисобланган.
Фаолияти:
2006 йилда Сурия Халқаро Ислом банки Шариат кенгаши раҳбари бўлиб ишлаган ва Саудия Арабистони, Кувайт, Мисрдаги ва бошқа кўплаб университетларда дарс берган. Жумладан, 1983-1986 йилларда Кувайт университети Шариат ва ҳуқуқ куллиёт (факультет)ида; 1990-1991 йилларда Ал-Азҳар Университети Солиҳ Комил номидаги Иқтисодий тадқиқотлар марказида таълим берган. Доктор Абу Ғудда Саудия Арабистонидаги Ислом Фиқҳи Академиясининг аъзоси ва мутахассиси бўлган. Шунингдек, у киши 1982-1990 йилларда Кувайт вазирлигида Фатво кенгашининг аъзоси бўлган. Фатво кенгашида фаолият олиб борган вақтларида доктор Абу Ғудда Кувайтда Фиқҳ Энциклопедиясини яратиш учун зарур бўлган тадқиқотларга ҳам ҳисса қўшган.
Доктор Абу Ғудда Европа Фатво ва тадқиқотлар кенгашининг доимий аъзоси, 1995 йилдан бошлаб эса Ислом молия муассасалари учун Бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI)нинг Стандартлар бўйича кенгаши ва Шариат қўмитаси аъзоси бўлган.
Умумий ҳисобда, олим 50 дан ортиқ молия муассасалари Шариат кузатув кенгашлари таркибида бўлган. Улар жумласига: BNP Paribas (Франция), Al Rayan Bank (Буюк Британия), Aljazira Capital (Саудия Арабистони), S&P Dow Jones (АҚШ), Иордания Ислом Банки, Masraf Al Rayan Bank (Қатар), Қатар Ислом Банки, Banque Saudi Fransi (Саудия Арабистони), Bank Nizwa (Оман), Medgulf Takaful (Баҳрайн), Solidarity Bahrain (Баҳрайн) ва бошқа кўплаб молиявий муассасалар киради.
Докторнинг бир қатор китоблари ҳам нашр этилган: “Хиёр ва унинг шартномалардаги таъсири”, “Ислом фиқҳининг ҳозирги кундаги ўрни”, “Закот қўлланмаси” шулар жумласидандир. Бундан ташқари, олим ислом молияси ва ислом фиқҳига доир бир қанча мақолалар муаллифи ҳам саналади.
Доктор Абдус Саттор Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳ 2020 йил 23 октябр (1442 ҳижрий, 6-робиъул-аввал) куни Канадада 80 ёшида вафот этган. Аллоҳ таоло бу инсонни жаннат билан мукофотласин. Омиин!