“Илм талаб қилишлик ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”
Биз аввалроқ Ислом тараққиёт банкининг “Transform Fund” (Ислоҳотлар жамғармаси) 2021 йил учун танлов эълон қилганини маълум қилган эдик. Мазкур “Transform Fund” (Ислоҳотлар жамғармаси) 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 500 млн. АҚШ долларига тенг. “Transform Fund” томонидан 2020 йилда “Аъзо мамлакатларнинг COVID-19 пандемиясига тайёргарлигини ошириш ва жавоб чораларини ишлаб чиқиш” мавзуси остида ўтказган танловида 30 нафар ғолиблар аниқланган бўлиб, улардан 15 нафарини аёл-қизлар ташкил этади.
2020 йилдаги ғолиба опа-сингилларимиз COVID-19 пандемиясиниг салбий таъсирларини юмшатиш билан боғлиқ инновацион ечимлар орқали жамиятга фойда келтирмоқдалар. Ғолибалардан бири, покистонлик Wala Saadeh хоним Миср, Покистон, Қатар, Саудия Арабистони, БААдаги интервенцион ҳудудлар (intervention areas) учун масофадан туриб парвариш қилиш ва беморларни касалхонага ётқизиш юкини камайтириш мақсадида тиббий хизмат кўрсатувчи тармоқларга уланган ва COVID-19 беморларига мўлжалланган асосий ҳаётий кўрсаткичларини симсиз кузатиш мосламаси (a wireless vitals-monitoring device) яратиш бўйича грант олишга эришди. Фаластинлик Ishtayeh Nasri хоним шошилинч тез тиббий ёрдам учун, айниқса, COVID-19 билан оғриган беморлар учун фавқулодда вазиятларда қўнғироқларга жавоб бериш вақти (response time)ни қисқартиш ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида алоқаларни бошқаришнинг инновацион воситаси устида иш олиб бормоқда.
Бир неча ғолиба аёллар пандемия мобайнида жиддий қийинчиликларга дуч келган мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш тизимига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Масалан, ливанлик Ramya Gopalan тиббиёт ходимларини олис ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли қатлами билан боғлайдиган, шунингдек Қизил Ярим ой ва Қизил хоч ташкилотлари, Médecins Sans Frontières (MSF) International (Халқаро чегарабилмас шифокорлар) каби ташкилотлар имкониятларини оширишга хизмат қиладиган интерактив овозли жавоб (Interactive Voice Response – IVR) мобил дастурини тайёрламоқда. Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар миқёсида амалга оширилиши кўзда тутилган ушбу лойиҳадан ҳозирда Ислом тараққиёт банкининг 3 та аъзо мамлакати соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш учун фойдаланмоқда. АҚШлик Ikpefan Esesua Мозамбик ва Нигерия давлатлари ҳудудидаги тиббиёт ходимларининг нотўғри ташхис қўйиш ҳолатларини 2025 йилга қадар 80% гача қисқартиришга мўлжалланган, соғлиқни сақлаш соҳаси учун яхлит алоқа тизимини яратишга астойдил бел боғлаган.
Пандемия шароитида Нигериялик Hayat Essakkati хоним Нигерия штатларидаги 3,4 миллиондан ортиқ камбағал аҳолининг ижтимоий тиббий суғуртасини таъминлаш учун Нигерия ҳукумати, юқори даромадли уй хўжаликлари ва ташқи донорлар/ хайрия жамғармаларидан молиявий маблағлар жалб қилиш мақсадида рақамли соғлиқни сақлаш платформаси яратгани учун ғолиб деб топилган.
2020 йилда ғолибликка эришган ва аёл-қизлар етакчилиги остида тайёрланаётган лойиҳалар қаторида Покистондаги онлайн таълим платформаси ҳам мавжуд. Мазкур платформа COVID-19 пандемияси пайтида ногиронларга таълим беришни осонлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Таълим соҳасида, шунингдек яна учта лойиҳа – Малайзиядаги онлайн таълим платформаси; Иордания қочқинлар лагерларида мобил воситалар орқали масофавий таълим олиш дастури ҳамда Бангладеш, Индонезия, Оман, Саудия Арабистони ва БААда аёллар саломатлиги, тадбиркорлиги ва инновацияси бўйича сунъий идрокка асосланган рақамли тармоқ яратиш лойиҳалари ҳам “Transform Fund” (Ислоҳотлар жамғармаси)нинг 2020 йилдаги ғолиблари ҳисобланиб, ушбу лойиҳаларнинг барчасига аёл-қизлар бошчилик қилади.
Қолган лойиҳалар Угандада теле-психотерапия соҳасини; Мозамбик ва Нигерияда соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро алоқалар тизимини (healthcare intercommunication); Ироқ, Иордания, Ливан ва Фаластин ҳудудларида WASH (Water, sanitation and hygiyene – сув, санитария ва гигиена) соҳасидаги ечимларни; Нигерияда соғлиқни сақлаш умумий қамрови (Universal Health Coverage – UHC) учун тиббий суғурта дастурини; Бангладешдаги микроелементлар етишмайдиган ёш аёллар учун арзон нархлардаги озиқ-овқатлар тайёрлаш дастурини ва Судандаги ёш аёллар учун мобил алоқа асосида телемедицина хизмати соҳаларини қамраб олади.
“Transform Fund”нинг олималарга сармоя ажратиши ажойиб натижаларга олиб келди. Масалан, 2018 йилги танлов ғолибаси, покистонлик Sehat Kahaniнинг телетиббиёт платформалари орқали COVID-19 пандемияси пайтида 1500 дан ортиқ аёл шифокорлардан иборат онлайн базаси ёрдамида 85,000 дан зиёд инсонга консультациялар берилди. Покистонлик шифокорларни COVID-19 га қарши курашиш мақсадида тайёрлов курслари ҳам мана шу дастур орқали амалга оширилди, бу эса ўз навбатида, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига тушадиган оғирликларни камайтиришга ҳисса қўшди.
Умид қиламизки, танловнинг бу йилги сонида мамлакатимиздаги инновация ва АТ соҳасига қизиқувчи опа-сингилларимиз ўз лойиҳалари билан муносиб қатнашадилар ҳамда ғолиблар сафидан жой оладилар.
Хулоса
«Бир ўғилни тарбияласанг, бир инсонни тарбиялаган бўласан, бир қизни тарбияласанг эса, бутун миллатни тарбиялаган бўласан», деган ҳикматга биноан, жамиятимизда қиз-аёлларни билим олишларига етарлича имконият ва шароит яратиб бериш орқали инсон нафақат ўз қизи ёки аҳли-оиласига, балки бутун жамиятга фойда келтирган ҳисобланади. Бугунги кунда шариатимизга зид бўлмаган замонавий илм-фан ва технологияларни ўрганиш, уларни ўзлаштириш орқали муслима опа-сингилларимизнинг қандай ютуқларга эришаётганлигини, жамиятга қандай манфаат келтираётганлигини юқорида қисман бўлса-да, кўриб ўтдик. Юртимиздаги муслималар ҳам ақд-идрок жиҳатдан дунёнинг етакчи мамлакатларидаги тенгдошларидан қолишмайди. Бизнинг зиммамизга тушадиган вазифа – уларнинг таълим олишларига шарт-шароит яратиш, уларни фаол қўллаб-қувватлаш ҳамда доимий назорат қилиб бориш десак, тўғри бўлса керак.
Танлов тўғрисида батафсил маълумотни ушбу ҳаволадан олишингиз мумкин:
www.isdb-engage.org