Анъанавий банкларга ўз банкчилик фаолиятларини Ислом банкчилиги тамойилларига мувофиқ ўзгартириш/ трансформация қилишга рухсат берилади. Бу борада AAOIFIнинг “Анъанавий банкни Ислом банкига ўзгартириш (конверсия/трансформация қилиш)” деб аталадиган 6-сонли Шариат Стандарти мавжуд. Ушбу стандарт бундай трансформация жараёнининг қонун-қоидалари ва тамойилларини акс эттиради.
Анъанавий банкни Ислом банкига ўзгартиришнинг икки усули мавжуд:
- Мавжуд ҳиссадорлар томонидан ўзгартириш орқали. Бунда банкнинг эгалари банк фаолиятини Ислом банкчилиги шаклига ўтказишга қарор қабул қиладилар;
- Бошқа ташкилот ёки бошқа шахс томонидан анъанавий банкни сотиб олиб, уни ислом банкчилиги тамойилларига мувофиқлаштириш орқали.
Банкчилик шаклини ўзгартиришда асосий хавф шундаки, бу жараён банк фалиятига жиддий таъсир солиши ва ҳатто банк фаолияти давом этиш ёки этмаслиги масаласи кун тартибига чиқиши мумкин (масалан, бундай ўзгаришдан норози бўлган кўп сонли омонатчилар/мижозлар ўз пулларини банкдан чиқариб/қайтариб олсалар, банк жиддий молиявий вазиятга тушиб қолиши мумкин). Ўзгартириш жараёнида банк учун баъзи бир йўқотишлар ва даромадларнинг камайиши муқаррар бўлса-да, трансформация жараёни банкнинг кундалик фаолиятига жиддий таъсир қилмаслигини таъминлашга ҳаракат қилиш лозим бўлади (яъни банк фаолияти тўхтаб қолмаслиги керак).
Ўзгартириш жараёни учун зарурий чоралар
Ислом банкчилиги тизимига ўтаётган анъанавий банк барча талаб этиладиган жараёнларни ташкил этиши, шариат жиҳатидан мумкин бўлмаган анъанавий молиявий амалиёт ва маҳсулотларга муқобил бўлган маҳсулотларни татбиқ этиши, керакли воситаларни ишлаб чиқиши, ва ўзгартириш сиёсати ва тартиб-таомилларини тўғри бажаришлари учун ходимларини ўқитиши керак бўлади. Бошланғич нуқта – бу муҳим босқичларни, вақт жадвалларини, масъул шахсларни, харажатларни ва бошқаларни ўз ичига олган лойиҳа режаси/йўл харитасини тайёрлаш. Режа/харита барча бошқарма ва бўлим бошлиқларига тўғри етказилиши ва уларнинг имкониятларини ошириш учун тажрибали мутахассислар жалб қилиниши лозим.
Ўзгартириш жараёни учун баъзи муҳим/ зарурий чоралар қуйидагилардан иборат:
- Агар назорат қилувчи органлар талаб қилса, банк лицензиясини ўзгартириш ва банкнинг ички қонунларини (низом, таъсис шартномаси каби) ислом банкчилигининг моҳиятига зид бўлган унсурлардан (масалан, рибога асосланган амалиёт турларидан) “тозалаш” учун ўзгартириш киритиш;
- Банкнинг ташкилий тузилмаси ва унинг ишлаш тартиби, шартлари ва ходимлар тўғрисидаги низомларни ислом банкчилиги тамойиллари талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш;
- AAOIFI нинг тегишли стандартларига мувофиқ шариат кузатув кенгаши ва ички шаръий мувофиқлик / маслаҳат бўлимини шакллантириш;
- Шартнома ва уларнинг намуналарни шариатга мувофиқ равишда қайта тузиш;
- Маҳаллий ёки халқаро ислом банкларида ҳисобрақамларини очиш ва маҳаллий ёки тегишли анъанавий банкларда олиб бориладиган ҳисобварақларни янгилаш (revamping). Аммо анъанавий банклар билан ҳар қандай алоқалар имкон қадар чекланиши керак;
- Ислом банкчилиги амалиётини жорий этиш ва мижозлар билан бевосита мулоқот қилишлари учун фронт офис ва back офис ходимларини ўқитиш (уларнинг малакасини ошириш), яъни уларни тайёрлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш;
- AAOIFI томонидан (ёки маҳаллий назорат қилувчи органларнинг топшириғига биноан) чиқарилган бухгалтерия ҳисоби, аудит, бошқарув ва ахлоқ меъёрлари кабиларни татбиқ қилиш учун зарур чораларни кўриш;
- Трансформация тўғрисида банк мижозлари ва кенг жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича тегишли ишлар олиб бориш;
- Мавжуд активлар ва мажбуриятларни ислом молияси тамойилларига мувофиқлаштириш бўйича режа ишлаб чиқиш.
(… давоми бор)