“Ислом молия муассасалари” номли рукн (силсилавий маълумотлар жамланмаси)нинг навбатдаги сонида 2020 йил якунлари бўйича дунёдаги энг йирик Ислом банки ҳисобланган Al Rajhi банки фаолиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Al Rajhi банки Саудия Арабистонидаги иккинчи энг йирик банк бўлиб (Саудия Миллий банкидан кейин), 2020 йил якунларига кўра, банкнинг жами 543 та филиалида (шундан 188 таси фақат аёлларга хизмат кўрсатади) 9 380 та ходим ишлайди. Бош офиси ар-Риёд шаҳрида жойлашган, бундан ташқари Al Rajhi Bankнинг Қувайт ва Иорданияда филиаллари, Малайзия ва Сурияда эса шўъбалари мавжуд.
Банкнинг қисқача тарихи
Al Rajhi банкига 1957 йилда Саудия Арабистонининг энг бадавлат оилаларидан бири бўлган Ал-Ражҳи оиласидан бўлган тўрт ака-ука: Сулаймон, Солиҳ, Абдуллоҳ ва Муҳаммадлар томонидан асос солинган. Мазкур муассаса дастлаб банк ва тижорат компанияси гуруҳи сифатида иш бошлаган, ушбу икки ташкилот 1978 йилда Ал-Ражҳи савдо ва биржа компанияси номи остида бирлашган. Компания 1987 йилда акциядорлик жамиятига айланди ва икки йилдан сўнг Al Rajhi банк ва инвестиция корпорацияси сифатида қайта номланди. 2006 йилда банк яна бир бор ребрендингни амалга оширди ва ўз номини Al Rajhi банк деб ўзгартирди. Банк акциялари Саудия Арабистони фонд биржаси – Tadawulда сотилади ва уларнинг 75 фоизга яқин қисми жамоатчиликка тегишли. Ал-Ражҳи оила аъзолари банкнинг энг йирик акциядорлари ҳисобланади.
Al Rajhi банки омонатлар, фоизсиз қарзлар, инвестиция бўйича маслаҳатлар, қимматли қоғозлар савдоси, пул ўтказмалари, истеъмолчиларни молиялаштириш каби турли хил банк хизматларини таклиф этади. Барча хизматлар Ислом молияси талабларига мувофиқ тақдим этилади. Абдулла бин Сулаймон Ал-Ражҳи – банкнинг директорлар кенгаши раиси, Стефано Бертамини – бош ижрочи директор. Директорлар кенгашида ўн битта директор мавжуд бўлиб, улардан тўрттаси Ал-Ражҳи оиласининг аъзолари: Муҳаммад бин Абдуллоҳ Ал-Ражҳи, Сулаймон бин Солиҳ Ал-Ражҳи, Директорлар кенгаши раиси Абдуллоҳ бин Сулаймон Ал-Ражҳи ва Бадер бин Муҳаммад Ал-Ражҳи ҳисобланади.
Банк фаолияти қуйидаги йўналишларга бўлинади:
- Чакана банк хизматлари;
- Корпоратив мижозларга хизмат кўрсатиш;
- Кичик ва ўрта бизнес билан ишлаш;
- Халқаро бизнес фаолияти;
- Ғазначилик.
Al Rajhi Bank Group мижозларга исломий қадриятларни замонавий тижорат талаблари билан уйғунлаштирадиган инновацион маҳсулотлар ва хизматларни тақдим этадиган гуруҳ ҳисобланади.
Al Rajhi Bank мамлакат ҳудудида ва хорижий давлатларда кўчмас мулк, қимматли қоғозлар, суғурта хизмати, профессионал молия хизматлари, брокерлик йўналишда ишлайдиган филиал ва шўъбалардан иборат.
Al Rajhi банки 2020 йил якунидаги ҳисоб-китобларга кўра, Саудия банк активларининг 16% ига, жами депозитларнинг 19% ига эгалик қилади.
2020 йил 31 декабр ҳолатига кўра:
- Банкнинг капиталлашув миқдори 184 млрд. Саудия риёли (49 млрд. АҚШ доллари)га;
- Банк гуруҳининг жами активлари миқдори 469 млрд. Саудия риёли (125 млрд. АҚШ доллари)га;
- йиллик соф фойдаси 10.6 млрд Саудия риёли (2.82 млрд. АҚШ доллари)га;
- чакана молиялаштириш бўйича бозордаги улуши 38,7 фоизга;
- рақамли фойдаланувчилари сони 7.9 млн. кишига тенг.
- бутун қиролликни қамраб оладиган 543 та филиал ва 148 бўлим;
- 5211 банкомат;
- 204 549 та тўлов терминаллари;
- 226 Tahweel маркази ва 5 ta Tahweel мобил марказлари (пул ўтказмалари учун) мавжуд.
- Яна шуни таъкидлаш лозимки, 50% дан ортиқ давлат хизматчиларининг иш ҳақи ушбу банк орқали тўланади.
- Ҳар ойда ўртача 362 миллион транзакция ва миллиондан ортиқ пул ўтказмалари билан шуғулланади ва 50 га яқин мамлакатнинг 200 дан ортиқ корреспондент банклари билан ҳамкорлик қилади.
- Банк 9 380 ходимлари билан Қиролликдаги энг яхши (ёки энг каттами)10 та иш берувчилар қаторига киради
- Al-Rajhi чет элдаги филиаллари сони бўйича дунёдаги энг йирик ислом банкларидан бири, шу жумладан Иорданияда 10 та, Қувайтда 2 та филиали мавжуд ва Малайзияда 16 та филиал эса банкнинг шўъбалари томонидан бошқарилади.
Рақамли банк соҳасида Al Rajhi банк биринчи бўлиб Интернетда ипотека шартномаларини имзолаш ҳамда автотранспорт суғуртаси учун онлайн-ариза қабул қилиш хизматларини йўлга қўйди.