AAOIFI Шаръий меъёри № 18:
ҚАБЗ
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади — шартномаларда Қабз (қабул қилиб олиш)нинг моҳиятини, унга доир шаръий ҳукмларни ҳамда Ислом молия муассасаларида қўлланиладиган Қабзнинг энг муҳим замонавий кўринишларини баён қилишдан иборат.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш/ қўлланиш доираси):
Ушбу меъёр шартномаларда қабз (қабул қилиб олиш) масаласини ҳамда унинг ўрнини ҳукмий жиҳатдан босувчи ҳолатлар (ҳукмий қабз)ни қамраб олади. Шунингдек, кўчмас ва кўчар мулкда, аниқ муайян нарса ёки зиммада мажбурият сифатида тавсифланган обектларда қабз қандай амалга оширилиши масаласини ҳам ўз ичига олади. Меъёр турли шартномаларда қабз билан боғлиқ харажатлар кимнинг зиммасида бўлиши ҳамда қабзнинг энг муҳим замонавий татбиқларини баён қилади. Ушбу меъёр шартномалардан ташқари ҳолатлардаги қабзни, мисол учун, ўзганинг молини куч билан тортиб олган (ғосиб)нинг қабзи ва шунга ўхшаш ҳолатларни; шунингдек, қабз қилувчининг эгалиги жавобгарлик мажбурияти юзага келтириши ёки келтирмаслиги нуқтаи назаридан унинг ҳуқуқий табиатини ҳам; Муқосса (клиринг асосда икки қарзни ҳисобдан чиқариш) доирасидаги қабз масаласини ҳам қамраб олмайди, чунки Муқосса учун алоҳида меъёр мавжуд.
2. “Қабз” нинг таърифи:
Қабз — бирор нарсани эгаллаш/қўлга киритиш ёки урфга кўра унинг ўрнини босувчи ҳолатдир.
3. Қабз қандай амалга ошади:
3/1 Асл қоида шуки, нарса-буюмларнинг қабзи қандай амалга ошишини белгилаб берадиган мезон — урф. Шунинг учун қабз нарсаларнинг ўзига хос хусусиятига ва инсонларнинг ўртасидаги урфга қараб фарқланади.
3/2 Кўчмас мулк ҳақиқий қабз — тахлия (уни бўшатиб бериш) ва тасарруф қилиш имконини бериш билан амалга ошади.
3/3 Кўчар мулкда ҳақиқий қабз – уни жиcмонан қабул қилиб олиш билан амалга ошади. Муайян кўчар мулкда ва зиммада мажбурият сифатида васфланган кўчар мулкда ҳукмий қабз (ўша мулк урфда қўлланиладиган усулларидан бири ёрдамида аниқлангандан сўнг), ўша мулкни ҳақдорга тўсқинликсиз қабул қилиб олиши мумкин бўлган тарзда бўшатиб бериш (тахлия) йўли билан юзага келади, ҳатто реал кўчириш ёки топшириш амалга ошмаган бўлса ҳам. Бу қоида одатда қўл билан қабул қилиб олинадиган нарсаларга ҳам, урфдаги ўлчов бирликлари – ҳажм (кайл), вазн (кг), узунлик (метр), санаш ва шунга ўхшаш усуллар билан ажратиб бериш (ифроз) талаб қилинадиган нарсаларга ҳам, шунингдек бундай ўлчаш имкони бўлмаган ёки имкони бўлса ҳам ўлчанмайдиган, масалан “жузаф” савдоси[1] каби миқдори ҳисобланмай сотиладиган маҳсулотларга тааллуқлидир.
3/4 Кўчмас мулк ва ҳаракатланувчи кўчар мулк, масалан, автомобил, поезд, кема, самолёт кабиларнинг гаровини қонунан эътироф этилган реестрда рўйхатдан ўтказиш ҳукмий қабз ҳисобланади. Рўйхатдан ўтказиш ҳақиқий қабз ўрнини босади ҳамда унинг ҳукм ва оқибатларини юзага келтиради.
3/5 Қабз қилувчи номига расмийлаштирилган ёки унинг ушбу мулкдаги манфаатини тасдиқловчи ҳужжатларга, масалан коносаментлар (bill of lading) ва омбор тилхатларига (warehouse receipt) эгалик қилиш, агар улар асосида товарлар, маҳсулотлар ёки ускуналар аниқ белгиланса ҳамда ҳужжат эгаси уларни тасарруф этиш имкониятига эга бўлса, ушбу ҳужжатлар ифода этаётган мулкка нисбатан ҳукмий қабз амалга ошган ҳисобланади.
3/6 Муайян мулкка нисбатан аввал амалга оширилган қабз, агар у шаръий нуқтаи назардан асосланадиган бўлса, кейинчалик юзага келадиган қабз ўрнини босади. Бунда аввалги қабз зоминлик (кафолат) қабзи бўлганлигини ёки омонат қабзи бўлганлигининг аҳамияти йўқ. Шунингдек, кейинги қабз зоминлик (кафолат) қабзи бўладими ёки омонат қабзи доирасида бўладими буни ҳам фарқи йўқ.
3/7 Сарф шартномасида (олтин, кумуш ва валюталарни айирбошлаш билан боғлиқ амалиётларда) талаб этилган ўзаро қабз (икки томоннинг ҳам қабз қилиши) — шартнома мажлисида дарҳол топшириш ва қабул қилишдир (яъни қўлма-қўл бўлишидир). “Валюталар савдоси” номли №1-сонли шаръий меъёрнинг 2/6 бандига қаралсин.
4. Қабз билан боғлиқ харажатлар:
4/1 Молиявий эвазли (коммутатив) шартномаларда қабз харажатлари:
4/1/1 Агар сотилаётган маҳсулот савдо амалга ошган жойда мавжуд бўлмаса, уни олиб келиш ва етказиб бериш харажатлари, шунингдек, агар маҳсулот ўлчанадиган маҳсулот бўлса, урфдаги стандарт ўлчов бирликлардан бири орқали уни ўлчаш харажатлари, мисол учун, ўлчаш, тортиш, метр билан ўлчаш, санаш каби харажатлар сотувчининг зиммасида бўлади. Тўловни амалга ошириш боғлиқ харажатлар (агар мавжуд бўлса) харидорнинг зиммасида бўлади, агар бунга хилоф бўлган шартлашув ёки урф мавжуд бўлса,у ҳолда шундай шарт ёки урфга риоя қилинади.
4/1/2 Шартномани тасдиқловчи ҳужжатлар, далолатномалар ва битимларни расмийлаштириш ҳамда рўйхатдан ўтказиш харажатлари тарафлар ўртасидаги шартга мувофиқ тақсимланади. Агар махсус шарт бўлмаса, урфга мурожаат қилинади.
4/1/3 Агар харидор сотувчидан маҳсулотни шартнома тузилган вақтда турган жойида эмас, бошқа маълум бир жойда топширишни ва бу сотувчининг ҳисобидан амалга оширилишини шарт қилиб қўйса, сотувчи маҳсулотни ўша жойда топширишга мажбур бўлади. Етказиб бериш жойигача олиб бориш харажатлари сотувчи зиммасига тушади.
4/1/4 Юқоридаги 4/1/1, 4/1/2 ва 4/1/3 бандларда баён этилган қабзга боғлиқ харажатларга оид қоидалар барча молиявий эвазли шартномаларга татбиқ этилади, жумладан, Салам, Ижара, Истисна ва бошқаларга. Шунга кўра,
– Салам шартномасида маҳсулотни қабз қилиш харажатлари сотувчининг зиммасига, Салам капиталини қабз қилиш харажатлари эса харидор зиммасига тушади;
– ижарада ижарага берилаётган мулкни ижарачига топшириш (қабз қилиш) харажатлари ижарага берувчининг зиммасига; ижара ҳақини тўлашижарага берувчига етказиб бериш (қабз қилиш) билан боғлиқ харажатлар эса ижарачининг зиммасига тушади;
– Истисна шартномасида маҳсулотни буюрмачига топшириш (қабз қилиш) билан боғлиқ харажатлар ишлаб чиқарувчи зиммасига, маҳсулот учун тўловни амалга ошириш (қабз қилиш) билан боғлиқ харажатлар эса буюртмачи зиммасида бўлади. Агар урф ёки шарт бунга зид бўлса, унда ўша урф ёки шартга риоя қилинади.
4/2 Қарз шартномасида қабз харажатлари:
4/2/1 Қарз шартномасида қарзга берилаётган ашё/нарсани қарздорга топшириш ва қабул қилиб олиш билан боғлиқ харажатлар, хусусан уни ўлчаш, тортиш ва шунга ўхшаш ўлчов орқали ажратиб бериш харажатлари қарз олувчи зиммасида бўлади.
4/2/2 Қарз шартномасини тузиш, ижро этиш ёки ҳужжатлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар, далолатномалар ва қарз битимларини расмийлаштириш харажатлари қарз олувчи зиммасига тушади (“Қарз” тўғрисида №19 сонли шаръий меъёрнинг 8-бандига қаралсин).
4/3 Вадиъа (омонат) шартномасида қабз харажатлари:
Вадиъа (омонат) шартномасида омонатга қўйиш ва қайтариб олиш харажатлари омонатга қўювчи зиммасига тушади.
5. Қабзнинг энг муҳим замонавий амалиётда кўринишлари:
5/1 Тўловни амалга оширувчи банк томонидан тўланиши кафолатланган банк чеки (Bank Draft) ёки шахсий чек (Personal Cheque)ни бенефициар томонидан қабул қилиб олиш ҳукмий қабз ҳисобланади. Агарчи чекдаги маблағни жисмонан қўлга олиш кечиккан тақдирда ҳам, бу чекда кафолатланган суммани қабз қилиш ҳисобланади (“Валюталар савдоси” тўғрисидаги №1 сонли шаръий меъёрнинг (2/6/5/2) банди ҳамда “Тижорат қоғозлари” номли №16 сонли шаръий меъёрнинг (7/1) ва (7/2) бандлари инобатга олинсин).
5/2 Кредит картаси орқали тўлов амалга оширилиши ҳам ҳукмий қабз ҳисобланади.
5/3 Бир шахс томонидан кредиторнинг банк ҳисобварағига унинг талабига ёки розилигига биноан пул маблағини кирим қилиш — нақд пул, банк ўтказмаси ёки банк томонидан тўланиши кафолатланган чек орқали бўлишидан қатъий назар — ҳукмий қабз ҳисобланади. Агар пул кирим қилувчи шахс ўша маблағ доирасида қарздор бўлса, қарз мажбуриятидан озод бўлади.
6. Меъёр чиқарилган (эълон қилинган) сана:
Ушбу меъёр ҳижрий 1425 йил 30-робиъул аввал (мил. 2004 йил 19-май) куни чиқарилган.
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFIнинг
CSАА сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров, Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси.
[1] “Жузаф” — миқдорини аниқ ўлчамасдан, кўринишига қараб ёки тахминий баҳолаш асосида амалга ошириладиган савдо тури ҳисобланади.